Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

МУРОЖААТЛАР ДОИМИЙ ЭЪТИБОРДА

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасида ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилган.

Мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ва муддатлари Ўзбекистон Республикасининг "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони ва бошқа меъёрий ҳужжатлар билан тартибга солинган.

Мазкур қонун ва фармон талабларига мувофиқ, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда бўлишидан қатъи назар, қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши ҳамда натижаси ҳақида мурожаат муаллифига ёзма равишда жавоб берилиши шарт.

Ўзбекистон Республикасининг "Прокуратура тўғрисида"ги Қонунида эса прокурорлар фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилганлиги тўғрисидаги аризалар, шикоятлар ҳамда бош­қа маълумотларни кўриб чиқиши ва текшириши, шунингдек, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиши, қонун бузилишларни бартараф этиши, қонунни бузган шахсларни жавобгарликка тортиш, етказилган зарарни қоплаш чораларини кўришлари лозимлиги қайд этилган.

Сирдарё вилоят прокуратураси ходимлари томонидан юқорида қайд этилган қонун ва фармон ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг "Фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатлари кўриб чиқилишида қонунийликни таъминлаш тўғрисида"ги буйруғи талаблари асосида жисмоний ва юридик шахс­ларнинг мурожаатлари билан ишлашни тубдан яхшилаш, ҳар бир мурожаат юзасидан тўлиқ ва ҳар томонлама сифатли текширишлар ўтказиб, қонуний қарорлар қабул қилиш, қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш ҳамда муаллифларга мурожаатларининг кўриб чиқилиши натижаси бўйича ўз вақтида жавоб берилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, 2017 йилнинг ўтган 3 ойида вилоят прокуратураси органларига келиб тушган 3792 та мурожаатнинг 2360 таси ёки 62,2 фоизи бевосита прокуратура органларида ҳал этилиб, 453 таси қаноатлантирилган. 1882 тасига тушунтириш берилган, 25 таси рад этилган, 433 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланган.

2017 йилнинг "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб эълон қилинганлиги муносабати билан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 7 январдаги Прокуратура ходимлари куни байрамидаги маърузасида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш борасида жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сирдарё вилоятидаги, туман ва шаҳарларидаги Халқ қабулхонасида шахсан вилоят ва туман (шаҳар) прокурорлари, шунингдек, прокурорлар, уларнинг ўринбосарлари, вилоят прокуратураси маҳкамаси ходимлари, туман (шаҳар) прокуратураларининг тезкор ходимлари томонидан вилоят ва туманлар марказидан узоқда жойлашган маҳаллаларда, меҳнат жамоалари, яшаш жойлари ва ўқув муассасаларида фуқароларни қабул қилиш ташкиллаштирилди.

2017 йилнинг 3 ойида прокуратура ходимлари томонидан 2085 нафар шахс қабул қилиниб, уларнинг сони 884 нафарга ёки 73,6 фоизга, 721 нафар шахс эса шахсан прокурорлар қабулида бўлиб, 309 нафарга ёки 75 фоизга кўпайган. Жумладан, шахсан вилоят прокурори томонидан 154 нафар ва ўринбосарлари томонидан 130 нафар шахс қабул қилинди.

Жорий йилнинг биринчи чорагида вилоят прокуратураси органларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали 527 та мурожаат келиб тушган. Шундан 469 таси кўриб чиқилиб, ҳал қилинган. Уларнинг 69 таси қаноатлантирилган, 389 тасига тушунтиришлар берилган, 14 таси аноним деб топилган, 23 таси ҳудудий тегишлилик бўйича бошқа прокуратура органлари ва ташкилотларга юборилган. Мурожаатларнинг 35 таси ҳозирги пайтда кўриб чиқилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сирдарё вилоятидаги Халқ қабулхонасидан вилоят прокуратурасига жорий йилнинг 1 апрель кунига қадар 87 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 53 таси кўриб чиқилиб, 1 таси қаноатлантирилган ва 52 тасига тушунтиришлар берилган. 13 та мурожаат тегишлилиги бўйича юборилган, 21 та мурожаат кўриб чиқилмоқда.

Бундан ташқари, вилоят прокуратурасига келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш борасида ноқонуний ҳужжатларга нисбатан 19 та протест киритилган. 16 нафар шахсга нисбатан интизомий, 16 нафарига эса маъмурий ишлар қўзғатилган. 598,2 млн. сўмлик зарар айбдор шахслардан ихтиёрий ундирилган. Судларга 151,6 млн. сўмлик зарарларни ундириш ҳақида ва бошқа турдаги 38 та даъво аризалари киритилган. Шунингдек, жиддий қонун бузилиши ҳолатлари бўйича 3 та жиноят иши қўзғатилиб, судларнинг ноқонуний қарорларига 11 та протест келтирилган.

Масалан, вилоят ҳо­кимлигига Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали келиб тушган мурожаатлар белгиланган муддатлардан кечиктириб кўриб чиқилиб, компьютер дастурига ўз вақтида киритилмаганлиги сабабли ҳал этилмаган. Хусусан, Сирдарё туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ф.Сиддиқов томонидан фуқаролар К.Ҳамитова, М.Душанова, Х.Қайнарова, А.Исмаилов, М.Обидов, Б.Аманқулов, Х.Ибрагимоваларнинг табиий газ ва электр энергияси, фуқаро Д.Қаҳрамонованинг намунавий уй-жойи тўлови, С.Абдуқодировнинг туман ҳокими қароридан норозилиги ҳақидаги мурожаатлари, Боёвут туман ҳокимлиги ташкилий назорат гуруҳи А.Абдусаматов ҳамда туман бандликка кўмаклашиш ва аҳолини иш билан таъминлаш маркази раҳбари Ш.Жўраевлар томонидан фуқаро Г.Шерматованинг фарзандларига иш топиб бериш ҳақидаги мурожаати, Гулистон туман ҳокимининг ўринбосари А.Тошпўлатов томонидан 8 нафар ва бош­қа туман ҳокимлари ўринбосарлари ҳамда бошқа масъул шахслар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари қонунда белгиланган муддатларда кўриб чиқилмаганлиги аниқланиб, қонун бузарлик ҳолатларига йўл қўйган шахсларга нисбатан интизомий жавобгарлик тўғрисида ишлар қўзғатилган.

Жумладан, "Зийнат электр сервис" МЧЖ раҳбари М.Жў­раевнинг етказиб берилган 113,1 млн. сўмлик маҳсулот учун "Сирдарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси" ОАЖ томонидан пул маблағлари тўланмаётганлиги ҳақидаги аризаси текширилиб, натижасига кўра қайд этилган қарздорликни ундириш юзасидан хўжалик судига даъво аризаси киритилди ва даъво талаблари қаноатлантирилиб, қарз­дорликнинг тўлиқ тўланиши таъминланди.

Бундан ташқари, 2017 йилнинг ўтган 3 ойида тадбиркорлар ва фермер хўжаликлари раҳбарларидан келиб тушган 52 та мурожаатдан 17 таси қаноатлантирилган, 37 таси бўйича тушунтиришлар берилган. Мурожаатларнинг кўриб чиқилиши натижаси бўйича 412,2 млн. сўмлик зарарлар айбдор шахслардан ихтиёрий равишда ундирилган.

Ижтимоий масалалар юзасидан ҳал этилган мурожаатларнинг аксарият қисмини ҳудудлардаги маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари томонидан нафақа, моддий ёрдам пуллари тайинланишдаги камчилик ва хатолар ҳақидаги мурожаатлар ташкил этган. Бунга МФЙ ходимлари томонидан аризалар ўз муддатида кўриб чиқилмаслиги ёки фуқароларга ариза кўриб чиқилиши натижаси бўйича белгиланган муддатларда ва тартибда тушунтириш берилмаслиги сабаб бўлмоқда.

Масалан, фуқаро М.Шакированинг Гулистон шаҳар, "Баҳор" маҳалла фуқаролар йиғинига ёзган аризаси МФЙ раиси Т.Якубов томонидан муаллифга ёзма шаклда жавоб берилмаган. Т.Якубовга нисбатан МЖтКнинг 43-моддаси билан маъмурий иш қўзғатилиб, унинг жавобгарлик масаласи ҳал этилди.

Шерзод ОБЛОҚУЛОВ,
Сирдарё вилоят прокурори

Манба: «Ҳуқуқ» газетасининг 18-сони, 04.05.2017 йил

15.05.2017

120100, Гулистон шаҳар, Сайхун
кўчаси, 41.

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси