Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

ҲАЙЪАТ МАЖЛИСИ ЎТКАЗИЛДИ

Сирдарё вилоят прокуратурасида 2016 йилда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги фаолият якунларига бағишланган ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, ўтган йилда вилоят прокуратураси органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, уларнинг жадал ривожланиши йўлидаги тўсиқларни бартараф қилиш, бу борада давлат органлари мансабдор шахсларининг масъулиятини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

Шу билан бирга, мажлисда прокурор назоратини таъминлашда йўл қўйилган айрим камчиликлар кўриб чиқилиб, жорий йилда прокуратура органлари олдида турган устувор вазифалар белгилаб олинди.

Вилоят прокуратурасининг таркибий тармоқлари бошлиқлари, туман ва шаҳар прокурорларига камчиликларни бартараф этиш, жиноятчиликка қарши курашни мувофиқлаштиришнинг самарадорлигини ошириш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, янги иш ўринларини яратиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш ва бошқа масалалар юзасидан аниқ кўрсатмалар берилди.

Алоҳида эътибор Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги ҳамда Прокуратура органлари ходимлари куни муносабати билан ўтказилган учрашувдаги маърузаларидан келиб чиқадиган вазифаларни бажаришга қаратилиши лозимлиги қайд этилди.

Ҳайъат мажлиси якунида тегишли қарор қабул қилинди.

Сирдарё вилоят прокуратураси

17.01.2017

120100, Гулистон шаҳар, Сайхун
кўчаси, 41.

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси