Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

ТАДБИРКОРГА ЭШИКЛАРИМИЗ ОЧИҚ

Самарқанд тумани ери саховатлилиги, эли меҳнаткашлиги ва меҳмондўстлиги билан ном қозонган. Бу заминда истиқомат қилаётганлар Ватанни янада обод этиш истагида яшамоқда. Деҳқончилик, боғдорчилик маҳсулотлари етиштириш борасида энг юқори кўрсатгичларга эришмоқда. Шижоатда донг таратган меҳнат аҳли Зарафшон тизма тоғларининг деҳқончилик учун ноқулай Миронқул, Оҳалик, Оқбуйро, Илонсой қир-адирларида ҳам энг сара мева ва сабзавотлар етиштираяпти. Шунингдек, Дарғом каналидан насослари орқали сув чиқариб, «Чунгул», «Янгиариқ» каби чўл ва партов ерларида мўл ҳосил олишаяпти. Бундан ташқари, туманда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ривожланган. Ушбу саноат корхоналарида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатлилиги ва рақобатбардошлиги билан хорижий товарлардан қолишмайди.

Ернинг “ўз эгасини топгани” қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқариш салмоғини ошириб юборди. Ҳозирда туманда 500 та фермер хўжалиги фаолият юритиб, уларда мева, сабзавот ва чорвачилик маҳсулотлари, яъни асосан парранда гўшти, тухум ва балиқ етиштирилади. Токзорларда асосан саноатбоп ва майизбоп узумлар парвариш қилинади.

Хусусан, биргина “Оҳалик олтин боғи меваси” фермер хўжалиги тасарруфидаги 680 гектарлик интенсив боғда ҳар йили 20 минг тоннадан ортиқроқ мева етиштири­лади. Етиштирилган маҳсулотнинг асосий қисми саноат асосида қайта ишланиб, қадоқланиб, ўндан ортиқ мамлакатларга экс­порт қилинади. Шу тариқа ўтган йили фермер хўжа­лиги жамоаси 3 млн. АҚШ доллари миқдорида соф фойда кўрди.

«Агромир-Самарқанд» қўшма корхонасида иш­лаб чиқарилаётган юқори сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари нафақат Ўзбекистонда, балки хориж мамлакатларида ҳам ўз харидорларига эга. Корхонада ишлаб чиқарилаётган қадоқланган шарбатлар, ичимликлар ва консервалар жаҳон бозорини забт этгани туманимизнинг, қолаверса Самарқанд вилояти ва республи­камизнинг обрўсидир. Шунингдек, “СамРосХолод”, “Оҳалик-Ломанн-парранда” чиқарилаётган саноат ва озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам жаҳон бозорида ўз харидорларини топган.

Озиқ-овқат мустақиллигини таъминлаш ва аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан мунтазам таъминлашда қишлоқ хўжалигини, хусусан шахсий томорқаларни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга. Бугун нафақат мамлакатимиз учун, балки бутун дунё учун озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги ва сифати долзарб аҳамият касб этмоқда. Маълумки, озиқ-овқат маҳсулотлари қанчалик кўп етиштирилса аҳоли шунчалик тўқ ва фаровон ҳаёт кечиради. Бунинг учун кекса деҳқонлар ўгитлари ва маслаҳатларига амал қилиш фойдадан холи эмас. Негаки, улар ҳар қарич ерни бекор қолдирмай экинлар парваришига алоҳида эътибор беришган. Ўз томорқасида униб-ўсиб ҳосилга кирган маҳсулотлардан тайёр овқат пиширганга нима етсин!

Энг муҳими, мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш ва ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш борасидаги иқтисодий ислоҳотлар босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда.

Муҳтарам Юртбошимизнинг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан хусусий мулк, унда хорижий сармоялар улушини янада кўпайтириш учун қулай шарт-шароит яратиб, давлат органлари, аввало ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларига тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари устуворлиги тамойилини сўзсиз таъминлаш вазифаси юклатилди.

Жорий йилнинг 7 январь куни мамалакатимиз Президенти прокуратура ходимлари билан бўлиб ўтган учрашувдаги маърузасида ҳам «Тадбиркор бой бўлса, давлат бой бўлади. Бунинг учун ишбилармонларга кенг шароит яратиб беришимиз лозим. Прокурор тадбиркорга кўмакчи бўлиши, у билан ҳамкорликда ишлаши даркор» деб алоҳида таъкидлаб ўтган эдилар.

Мазкур Фармоннинг нафақат ижросини таъминлаш, балки унинг мазмун ва моҳиятини кенг халқ оммасига етказиш борасида туман прокуратураси органлари ходимлари томонидан кенг тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Туман прокуратурасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб қувватлаш хонаси ташкил этилиб, уларда тадбиркорларга қулайликлар яратиш мақсадида соҳага оид Президент Фармон ва Қарорлари, бошқа меъёрий ҳужжатлар тўлиқ жамланиб, улардан фойдаланиш учун барча шароитлар яратилган.

Мунтазам равишда тадбиркорлар билан учрашиб, уларнинг ривожланишига тўсиқ бўлаётган омилларни бартараф қилиш чораларини кўриб борилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўзидаёқ ҳудудда ишлаб чиқариш соҳасида фаолият юритаётган бир гуруҳ тадбиркорлар билан давра суҳбати ўтказилди.

Ҳамжиҳатлик руҳида ўтган тадбирда тадбиркорларнинг уларнинг мақсад ва режалари, фикр-мулоҳаза ва таклифлари эшитилди. Мавжуд камчилик ва муаммолар ечимлари белгиланди.

Хусусан, “PanoramaGrand Invest” МЧЖ раҳбари Акбар Вахобов савдо марказини таъмирлаш натижасида фаолиятини тўхтаганлиги, «Solltd Davlat Axatovich» ЯТТ раҳбари Давлат Солеев солиқ тўловини ва имтиёзларини тушунмаслик натижасида фаолияти тўхталганлиги, “Сам Рафоат Текстил” МЧЖ раҳбари Содиқ Ҳамидов корхонасини кенгайтириш ҳамда қўшимча ускуна сотиб олиш учун валюта кредит ажратилиши ва қўшимча бино қуриш учун рухсат бериш масаласида, “Пастдарғом Фарм” МЧЖ раҳбари Ўткир Каримов дори-дармон цехи қуриш учун туман ҳудудидан 0,8 гектар ер ажратиш тўғрисида, “Облақулов Бунёдбек узумлари” ф/х музлатгич омборхонаси учун ер майдони сўраб, “Эльдорадо Класс Люкс” МЧЖ раҳбари Мирзомуҳиддин Фахриев қурилиш материаллари цехини кенгайтириш учун 450 млн сўм кердит маблағи ажратиш, “Аздилтекс” Х/К раҳбари Абдулҳафиз Азамов хом-ашё маҳсулотини олиш учун 50 млн. сўм кредит маблағи ажратиш ҳақида ёрдам сўрашди. Уларнинг талаблари тўлиқ ўрганиб чиқилиб тегишли тартибда ёрдам кўрсатилмоқда. Энг муҳими, бу каби корхоналарнинг фаолиятига ёрдам бериш орқали 140 га яқин янги иш ўрни яратилди.

Шу ўринда яна бир гап, туманда бешта фаолияти тикланган тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятларини бошлаб юборишди.

Шу сингари бошқа тадбиркорлар ҳам ўзларининг муаммолари ҳақида айтиб ўтишди. Бу масалаларнинг айримларини ҳал этиш, мамлакат миқёсида кўрилиши лозим бўлган масалаларни юқори идораларга тақдим этишда кўмак бериш, бу ўринда тадбиркорлар билан узлуксиз алоқада бўлиш, зарурат бўлган тақдирда улар бемалол вилоят прокуратурасига келишлари мумкинлиги борасида фикрлашиб олинди. Бу каби ҳайрли ишлар туманда йил давомида изчил давом этаверади.

Ботир ЮСУПОВ,
Самарқанд туман прокурори

Манба: “Адолат сари” юридик газетасининг 2-сони, 30.01.2017 йил 

31.01.2017

Медиатека

140157, Самарқанд шаҳар, Кўксарой майдони, 4.

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси