Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

Экспорт салоҳияти: Изланганга имконият кенг

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида экспорт фаолиятини либераллаштириш ва соддалаштириш, экспорт таркибини ва географиясини диверсификация қилиш, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш ҳамда сафарбар этишга алоҳида эътибор қаратилган. Навоий вилоятида ҳам экспортни ошириш ва импортни қисқартириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳудудда экспорт ҳажмини кўпайтириш, уни ташкил этиш ва амалга ошириш, бу жараёнда иштирок этаётган тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатиш, мавжуд муаммо ва тўсиқларни бартараф этиш бўйича ишчи гуруҳлар тузилган. Улар томонидан экспортчиларга амалий ёрдам берилмоқда. Хусусан, маҳсулотини четга сотаётган тадбиркорларга «яшил йўлак» ташкил қилиб бериш чоралари кўрилмоқда.

Вилоят ишчи гуруҳи томонидан ҳар бир шаҳар ва туманларда барча экспортёрлар билан бирма-бир учрашувларда уларнинг мавжуд муаммолари ўрганилди. Аниқланган ҳар бир муаммо ишчи гуруҳ томонидан алоҳида назоратга олиниб, уларни ҳал қилиш, мавжуд тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, Кармана туманидаги «Маҳмуд Самарқандий» МЧЖ томонидан Бирлашган Араб Амирликларидаги ҳамкорига сабзавот маҳсулотлари намунасини юборишда олдиндан тўлов келиб тушмаганлиги учун божхонадан маҳсулот чиқаришда юзага келган муаммо жойида ҳал этилди. Шунингдек, Қизилтепа туманидаги «Butterfly» МЧЖнинг мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш учун омборхонаси мавжуд эмаслиги аниқланиб, ишчи гуруҳ томонидан кўрсатилган амалий ёрдам натижасида тумандаги «Қизилтепа таъминот» МЧЖнинг омборхонаси вақтинча фойдаланишга ажратилиши таъминланди.

Аниқланишича, жорий йилнинг 10 апрель куни АТ «Халқ банки»нинг Қизилтепа туман бўлими томонидан «Teodora goods» МЧЖ банкка экспорт шартномалари тақдим қилмаганлиги сабабли унинг ҳисоб-рақами вақтинча тўхтатиб қўйилган экан. Вилоят ишчи гуруҳининг аралашуви билан шу куннинг ўзида корхонанинг ҳисобрақами очилиши таъминланди.

Жорий йилнинг март ойида Бош вазир ўринбосари Н.Отажонов ва Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Э.Таджиев раҳбарлигида вилоятимизда сайёр қабул ўтказилиб, мавжуд экспортёр корхоналар ва экспорт салоҳиятига эга хўжалик юритувчи субъектлар билан учрашувда уларнинг муаммолари ўрганилди. Унда аниқланган муаммо ва таклифлар вилоят ишчи гуруҳи томонидан назоратга олинди ва уларнинг ижобий ҳал этилиши таъминланмоқда. Жумладан, мазкур учрашувда тўловни амалга оширган бўлса-да, пахта толаси ололмаётганлигини маълум қилган «Бахт-Навоий» МЧЖга «Пахтасаноат» акциядорлик жамиятидан 250 тонна маҳсулот олишида амалий ёрдам берилди. Шунингдек, «Nurota Marble» МЧЖ раҳбари Ф.Ҳожиев­нинг Хитой давлатидан технологияларни олиб келиш учун бориш мақсадида чиқиш визаси олиш муддати чўзилиб кетаётганлиги билан боғлиқ муаммоси ўша куннинг ўзида ҳал қилиниб, унга чиқиш визаси расмийлаштириб берилиши таъминланди.

Вилоят ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган тарғибот тадбирлари натижасида ўз маҳсулотларини ички бозорга сотиш билан чекланиб келаётган ишлаб чиқарувчи ва маҳсулот етиштирувчи корхоналар экспортга жалб қилиниб, маҳсулотини четга чиқаришига эришилди. Жумладан, «Navoiy invest plast» МЧЖ ўзи ишлаб чиқараётган пластик уй-рўзғор ва хўжалик молларини, якка тадбиркорлар С.Қурбонов ва Ш.Аҳмедовлар мева-сабзавот маҳсулотларини ҳамда «Гулшан Рано» МЧЖ оҳак маҳсулотларини экспорт­га йўналтириши ва экспортёр корхоналар сафига қўшилиши таъминланди. Кўрсатилаётган амалий ёрдамлар натижасида вилоятдаги корхоналарнинг экс­порт географияси ва экспорт қилинадиган маҳсулотлар тури ошмоқда. Хусусан, 2018 йилнинг биринчи чорагида Ироқ давлатига асал, пластик идишлар ва қиёмли бодом маҳсулотлари экспорт қилиш йўлга қўйилди.

Навоий вилоятининг 2018 йил учун белгиланган экспорт прогнози 73,1 млн. АҚШ доллари миқдорида белгиланган бўлиб, шундан саноат маҳсулотлари 40 млн. АҚШ доллари, мева-сабзавот маҳсулотлари 33,1 млн. АҚШ долларини ташкил қилади. Жорий йилнинг биринчи чораги учун белгиланган 8,3 млн. АҚШ долларлик экспорт прогнози 12 млн. АҚШ долларига етказилиб, ушбу кўрсаткичнинг 144 фоизга бажарилиши таъминланди.

Белгиланган йиллик экспорт прогноз режасини ҳам ортиғи билан бажариш учун вилоятда барча имкониятлар мавжуд. Бунинг учун барча саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг иккинчи ярмида Хатирчи туманида мева-сабзавот маҳсулотларини клас­тер усулида етиштиришга ихтисослашган «Ася Сера Навоий» Ўзбекистон-Туркия қўшма корхонаси ҳамда Конимех туманида «Конимех текс» МЧЖ корхоналари ишга туширилиши, йил охирига қадар мазкур корхоналар ва «Тошработ текстиль» МЧЖ томонидан маҳсулотлар экспорти амалга оширилиши режалаштирилган. Шунингдек, вилоятдаги паст рентабелли пахта майдонларининг қисқариши ҳисобига экспортбоп маҳсулотлар етиштирилиши ва такрорий ҳамда тўқсонбос­ти усулида экилган маҳсулотлардан олинган ҳосилнинг ҳам бир қисмини экспортга йўналтириш борасида режалар тузилган.

Бугунги кунда вилоят экспорт салоҳиятини ошириш, қўшимча экспорт захираларини аниқлаш ва импорт маҳсулотларини оптималлаштириш бўйича ҳудуд кесимида «Йўл хариталари» ишлаб чиқилган бўлиб, уларнинг ижроси доимий назорат қилиб келинмоқда.

Тўлқин Нурметов,
Навоий вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари

26.04.2018

Медиатека

210100, Навоий шаҳар, С.Айний
кўчаси, 85.

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси