Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

ЯНГИ ТИЗИМ САМАРАСИ

Президентимизнинг жорий йил 8 августдаги "Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ҳамда ижтимоий-сиёсий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг узвий давоми бўлиб, унда ислоҳотларнинг жойларда муваффақиятли амалга оширилишини таъминлашга оид чора-тадбирлар ижро этилишининг мутлақо янги тизимини жорий қилиш белгиланди.

Бугун мамлакатимизнинг барча вилоят ва туманларида юқорида қайд этилган қарор ижроси, шунингдек, жиноятчилик ва ҳуқуқ­бузарликлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамкорлигида ўзларига бириктирилган ҳудудларда истиқомат қилаётган фуқароларнинг ҳаёт тарзи билан яқиндан танишиш, ҳар бир хонадонга бирма-бир кириб, уларнинг яшаш шароити, қийнаётган муаммоларини ўрганиш ва тегишли чоралар кўриш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Поп туман прокурорига бириктирилган секторда 22 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, унда 11355 нафар фуқаро истиқомат қилади. Ўрганишлар давомида ишчи гуруҳ аъзоларини жалб этган ҳолда маҳаллалардаги жами 1204 та хонадонда бўлиб, аҳолининг яшаш шароитлари билан мунтазам танишаяпмиз. Мавжуд муаммолар ҳамда таклифлар юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилди.

Кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга 7 млн. сўм миқдорида моддий ёрдам пуллари ажратилиб, 15 нафар фуқаро иш билан таъминланди. Бундан ташқари, 187 та хонадонга суюлтирилган газ баллонлари тарқатилди ҳамда уй-жойга муҳтож шахс­ларни турар жой билан таъминлаш, тоза ичимлик суви танқис ҳудудларга ичимлик суви етказиб бериш ва коммунал соҳада юзага келган камчиликларни бартараф этиш юзасидан вилоят ҳокимлигига мурожаатлар юборилди.

Текширишлар жараёнида баъзи муаммоларни ўз ўрнида тезкорлик билан ҳал этишга эришилганини алоҳида таъкидлаш зарур. Мисол учун, тумандаги "Қамишзор", "Номдор" ҳамда "Жасорат" кўчаларида яшовчи фуқаролар томонидан суюлтирилган газ баллонлари масъул шахслар томонидан ўз вақтида алмаштириб берилмаётганлиги айтилди. Бу борада кўрилган чора-тадбирлар натижасида аҳолидан олинган жами 42 дона суюлтирилган газ баллони қайта тўлдирилиб, эгаларига топширилди.

Маълумки, ишсизлик муаммоси жамиятдаги энг долзарб масалалардан бири саналиб, бугунги кунда фуқароларни ўз мутахассисликлари бўйича тегишли иш билан таъминлаш, бу борада бандликка кўмаклашиш маркази фаолиятини ислоҳ қилиш ва ишсизларни иш билан таъминлашда улар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш бош мақсад сифатида белгиланган. Шу боис, ўтказилган тадбирлар давомида ҳудудлардаги ишсизлар сони аниқланиб, уларни иш билан таъминлаш чоралари кўрилди. "Номдор" кўчасида яшовчи М.Каримова, Қ.Ғофуров, А.Ваҳобов, Д.Одилова, У.Юлдашев ҳамда И.Солиевнинг иш­га жойлашиш борасидаги мурожаатлари ижобий ҳал этиш учун туман бандликка кўмаклашиш марказига юборилди ва унинг ижроси алоҳида назоратга олинди.

Бундан ташқари, туманда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш мақсадида туман прокурори раҳбарлигида 10 та кўча ва маҳаллада тарғибот ва ташвиқот ишлари амалга оширилиб, 13 нафар шахс билан якка тартибда профилактик суҳбатлар ўтказилди.

Бахтиёр АБДУРАҲИМОВ,
Поп туман прокурори

Манба: «Ҳуқуқ» газетаси, № 50, 14.12.2017 йил

14.12.2017

Медиатека

160136, Наманган шаҳар, Сирғали
кўчаси, 18.

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси