Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

ИСЛОҲОТЛАРДА ФУҚАРОЛАРИМИЗ МАНФААТЛАРИ УСТУВОР

«Бу дунёда инсон учун энг кераги нима?», деган саволни қўйиш ножоиздек, назаримизда. Бу саволга барчанинг жавоби бир хил бўлиши табиий: саломатлик!

Дарҳақиқат, халқимиз соғлиғи — юртимизнинг нафақат бойлиги, балки бугунги ва эртанги тараққиётимиз асоси бўлган энг муҳим омилдир. Зотан, энг катта бойлигимиз бун­ёдкор халқимиз бўлса, уларни эзгу ташаббуслар, янгидан-янги мақсадлар ва ғояларга чорловчи неъмат ҳар биримиз учун муҳим ва зарур бўлган сиҳат-саломатликдир. Чунки вужуди хасталикдан азоб чекиб турган кишида на кайфият, на бирон ишга иштиёқ бўлади.

2017 йилнинг ўтган даврида республикамиз миқёсида соҳа ривожи йўлида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, шу йилнинг ўзида соҳага дахлдор 30 га яқин Президент фармон ва қарорлари қабул қилинди.

Президентимизнинг 2017 йил 16 мартдаги «Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони, 29 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори, 1 апрелдаги «Соғ­лиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғ­рисида»ги Қарори, 20 июндаги «Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017-2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори шулар жумласидандир.

Мазкур ҳужжатларнинг ҳар бирида соҳа равнақи билан боғлиқ ғоят кенг қамровли ва долзарб вазифалар кўзда тутилган.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 29 мартдаги қарорига эътибор қаратадиган бўл­сак, қуйи бўғиндаги ўзгаришлардан мақсад, аҳолига тиббий хизмат турларини янада яқинлаштириш, одамларнинг муолажа олиш эҳтиёжларини тўлароқ қондиришдан иборат. Ўтган йили Наманган вилояти бўйича 211 та қишлоқ врачлик пунктлари фаолият олиб борган бўлса, юқоридаги қарор асосида жорий йилда улар сони 75 тага келтирилди. 62 таси ўрнида ихтисослашган, кўпгина олий маълумотли мутахассислар хизмат кўрсатадиган қишлоқ оилавий поликлиникалар барпо этилди. 27 таси эса поликлиникаларнинг тез тиббий ёрдам бригадалари масканига айлантирилди. Энг муҳими, одамлар ўз маҳалласида, ўзи яшаб турган жойда зарур тиббий хизматдан фойдаланиш имконига эга бўлди.

Таъкидлаш жоизки, четдан мамлакатимиз ҳудудига турли юқумли хасталиклар кириб келишининг олдини олиш, қолаверса, вилоят аҳолиси ўртасида бу каби касалликларнинг пайдо бўлиши ҳамда тарқалишига йўл қўймаслик мақсадида қатор тадбирлар олиб борилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жорий йил 4 сентябрдаги буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасининг 2017 йил 10 сентябрдаги «Вилоятда грипп ва ўткир респиратор инфек­ция­ларининг олдини олиш бўйича 2017-2018 йиллар мавсумида амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги буйруғи, шунингдек, вилоят ДСЭНМнинг шу мазмундаги буйруғи ишлаб чиқилиб, тегишли даволаш-профилактика муассасалари ва ДСЭНМ раҳбарларига етказилди. Вилоятнинг шаҳар ва барча туман тиббиёт бирлашмалари ҳамда давлат санитария-эпидемиология марказларида ҳам тегишли буйруқ ишлаб чиқилиб, масъул мутахассисларга соҳавий вазифалар юклатилди. Ана шу мақсад йўлида вилоятдаги мавжуд жами ДСЭНМларда грипп ва ўткир вирусли инфекциялар бўйича эпидемик вазиятни ўз вақтида назорат қилиш, амалга оширилаётган профилактик чора-тадбирларни мувофиқлаштириб бориш учун эпидемияга қарши махсус штаб ташкил этилди. Унга бириктирилган аъзолар грипп, зотилжам, ўткир респираторли инфек­ция­лар бўйича кунлик рўйхатга олиш ҳамда эпидемияга қарши тадбирларни ўтказиш мунтазам йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Маълумки, касалликка қар­ши эмлаш амалиёти хавфли юқумли касалликларга қарши курашишнинг энг мақбул йўл­ларидан бири ҳисобланади. Шу боис, вилоятимизда ҳам бу жараённи ўз вақтида амалга ошириш учун барча шарт-шароитларни яратиш ва вакциналарни етказиб беришга катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 1-10 май кунлари вилоятдаги умумтаълим мактабларининг 9-синф ўқувчилари ўртасида гриппга қарши миллий эмлаш кунлари ўтказилди ва бунинг учун Республика ДСЭНМдан лозим бўлган 40 минг вакцина олиб келинди.

Вилоятдаги ДСЭНМлар томонидан йил давомида вилоятнинг барча ҳудудидаги ташкилот ва муассасалар, савдо-сотиқ шаҳобчалари, аҳоли овқатланиш масканлари, айниқса, бозорлардаги санитария талаблари қай даражада таъминланаётганини ўрганиш, таҳлил қилиш асносида бу борадаги қонун бузилиши ҳо­лат­ларига нисбатан ўз вақтида жиддий чоралар кўриб борилади. Чунки, санитария талабларига риоя қилинмаган жойда ҳамда истеъмолга яроқсиз бўлган сифатсиз маҳсулотлар сабабли турли хавфли юқумли касалликларнинг пайдо бўлиши ва тарқалиш эҳтимоли юқори бўлади. Шу боис ҳам, бу борадаги тегишли қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, 2017 йилнинг шу даврига қадар фаолият юритаётган деҳқон бозорларида сотилаётган барча турдаги истеъмол товарлари текширувдан ўтказилди ва хавфсизлиги кафолатланмаган, санитария талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотларнинг сотувдан олиниши таъминланди.

Шунингдек, жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш объектларидан санитария-гигиена ва санитария-бактериология лабораторияларига 846 та намуна олиниб, улардан белгиланган талабга жавоб бермайдиган маҳсулотлар бўйича ишлаб чиқариш цехлари раҳбарларига камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли огоҳлантиришлар берилди.

Ҳусниддин ҲАКИМОВ,
Наманган вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи

Манба: «Ҳуқуқ» газетаси, № 52, 28.12.2017 йил

28.12.2017

Медиатека

160136, Наманган шаҳар, Сирғали
кўчаси, 18.

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси