Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

СОЛИҚ СИЁСАТИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШМОҚДА

Мамлакатимизда иқтисодиётни либераллаштириш, хусусан, солиқ соҳасини такомиллаштириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида бошқа соҳалар қаторида солиқ солиш базасини кенгайтириш орқали солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш ва солиқ юкини камайтириш масалаларига ҳам алоҳида аҳамият қаратилган. Президентимизнинг жорий йил 18 июлдаги "Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони эса мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун солиқ юкини изчиллик билан камайтириш ва қулай шарт-шароитларни яратишни таъминлашда янги даврни бошлаб берувчи муҳим ҳужжат бўлди. Унда давлат солиқ хизмати органлари тизимини ислоҳ қилишнинг еттита муҳим йўналиши белгилаб берилди.

Бугунги кунда ҳаётимизга чуқур кириб келаётган ахборот-коммуникация технологияларининг ривожи соҳани замон талабига ҳамоҳанг равишда такомиллаштириш, бу борада мавжуд имкониятлардан янада кенгроқ фойдаланишни тақозо этмоқда. Қолаверса, Ҳаракатлар стратегиясида кўрсатиб ўтилган вазифалар ҳам тизим фаолиятини танқидий қайта кўриб чиқишни талаб қилади. Хусусан, фармонда белгиланганидек, интерактив хизматлар бўйича ҳали амалга оширилиши керак бўлган ишлар кўп. Бундан ташқари, бюджет ҳамда даромадларни шакллантириш юзасидан ҳаётга татбиқ этилаётган дастурларни доимий равишда молиявий таъминлаб бориш учун солиқ солинадиган базани тўлиқ қамраб олиш, янги шаклларни қўллаш каби тадбирларни жонлантириш зарур.

Дарҳақиқат, солиқ маданиятини юксалтириш жиддий масалалардан биридир. Чунки ҳар бир солиқ тўловчи, у хоҳ жисмоний, хоҳ юридик шахс бўлсин, нима учун солиқ тўлаётганини билиши лозим. Бундан ўзи ҳам манфаатдор эканини англаб етиши керак. Шу маънода, фармон билан солиқ органлари ва солиқ тўловчилар ўртасида мулоқотсиз муносабат ўрнатиш масаласи ўртага қўйилгани ҳам айни муддаодир. Зеро, бу мазкур жараёнга инсон омили аралашувини камайтириш баробарида, унга унум бағишлайди. Бунга албатта, фармонда қайд этилганидек, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини изчил қўллаш орқали эришилади.

Чиндан ҳам, замонавий ахборот технологиялари ўзаро мулоқотсиз тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатишда муҳим аҳамиятга эга. Давлат солиқ тизимида ушбу йўналишдаги ишларга 2005 йилдан бошлаб жиддий эътибор қаратилиб, тўрт босқичли жараён амалга оширилмоқда. Жумладан, дастлаб солиқ тўловчиларга 9 та интерактив хизмат таклиф этилган бўлса, ҳозирги кунга келиб уларнинг сони 35 тани ташкил этмоқда.

Айни пайтда тадбиркор ҳамда ишбилармонларнинг электрон рақамли имзодан фойдаланиш имконияти ҳам тобора ошиб бораётир. Солиқ тўловчиларга қулайлик туғдириш, мулоқотсиз назорат тизимини яратиш мақсадида 53 та вазирлик ва идоралар билан маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилган.

Умуман, солиқ органлари ҳамда солиқ тўловчилар ўртасида 44 та ҳолатда мулоқот вужудга келади. Тизимда айни пайтгача шунинг 35 таси интерактив асосда амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг фармони эса ушбу ишларни кейинги босқичга кўтариб, барча хизматни замонавий усулда кўрсатиш учун мустаҳкам пойдевор яратиши билан аҳамиятлидир.

Шу билан бирга, мамлакатимиз Президентининг мазкур фармонида айрим субъектларга солиқ таътиллари берилиши ҳам қайд этилган. Яъни эндиликда вақтинчалик молиявий қийинчиликларга тўқнаш келган ҳалол солиқ тўловчилар — хўжалик юритувчи субъектларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда солиқ таътиллари берилиши мумкин. Албатта, бу ўз ишини сидқидилдан бажариб, халқимиз манфаатлари йўлидаги эзгу мақсадли лойиҳаларни рўёбга чиқаришга бел боғлаган ишбилармонлар учун жуда ҳам фойдалидир. Лекин ўтказилган назорат натижалари бўйича аниқланган тафовутлар юзасидан солиқ тўловчилар томонидан асослар тақдим этилмаган тақдирда, солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар суммалари суд тартибида ундирилади.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 15 февралдаги "Пул муомаласини янада такомиллаштириш ва банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорида жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб чакана савдо ҳамда хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик субъект­лари, шу жумладан, якка тартибдаги тадбиркорлар аҳолидан тўловларни банк пластик карточкалари орқали қабул қилувчи ҳисоб-китоб терминаллари ўрнатмасдан фаолиятини амалга оширишга ҳақли эмаслиги белгилаб қўйилган эди. Унга кўра, нақд ёки плас­тик карточка орқали ҳисоб-китоб қилиш шаклига қараб нархларни сунъий равишда оширса ёки камайтирса, энг кам иш ҳақининг ўттиз баробари, назорат-касса машиналари ва терминалларни ишлатиш мажбурий бўлгани ҳолда, уларни ишлатмаслик, худди шунингдек, квитанциялар, талонлар, чеклар ёки уларга тенглаштирилган бошқа ҳужжатларни бермасдан товарларни реализация қилганлик ҳамда хизматлар кўрсатганлик учун энг кам иш ҳақининг ўттиз баробаридан эллик баробаригача, плас­тик карточкалар асосида тўловларни қабул қилишни рад этганлик эса энг кам иш ҳақининг юз баробари миқдорида жарима солинишига сабаб бўлиши мумкин.

Бахтиёр ХУДАЙБЕРДИЕВ,
Наманган вилоят прокурорининг ўринбосари

09.11.2017

Медиатека

160136, Наманган шаҳар, Сирғали
кўчаси, 18.

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси