Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

КИТОБХОНЛИК МАДАНИЯТИ БОЛАЛИКДАН БОШЛАНАДИ

Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрдаги "Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида"ги Қарори халқимиз маънавий дунёсини бойитиш, давлат тараққиётининг асоси ҳисобланмиш интеллектуал маданиятни юксалтиришга қаратилган муҳим ҳужжат экани билан аҳамиятлидир.

Наманган туман прокуратураси томонидан қарор ижросини таъминлаш юзасидан тумандаги таълим муассасаларида таълим олаётган ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ёшлар қалбига тинчлик ва фаровонлик туйғуларини сингдириш ва маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ҳамда дунёқарашини юксалтириш, она Ватани, халқига муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол шахсни тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга бўлган китобхонлик маданиятини ошириш мақсадида мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда учрашувлар, давра суҳбатлари ва мониторинглар ўтказиб келинмоқда.

Тумандаги умумтаълим мактабларининг 2017-2018 ўқув йилига тайёргарлиги, ўқувчилар учун яратилган шарт-шароитлар, шу жумладан, ўқувчиларнинг дарсликлар ва бадиий адабиётлар билан таъминланганлик аҳволи ҳам ўрганилди. Унда тумандаги 24-умумтаълим мактабининг кутубхонаси яроқсиз аҳволдалиги, дарс­ликлар етарли эмаслиги, кутубхона зарурий жиҳозлар ва ахборот-коммуникация технологиялари билан талаб даражасида таъминланмагани аниқланди.

Туман прокуратурасининг ташаббуси билан мазкур умумтаълим мактабида қисқа вақт ичида мактаб жамоасини жалб этган ҳолда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жумладан, маҳаллий бюджетдан 18 млн. сўмдан ортиқ маблағ ажратилиб, мактаб кутубхонаси замонавий қиёфада қайта таъмирдан чиқарилди. Энг сўнгги ахборот-коммуникация технологиялари, мебель ва жиҳозлар билан таъминланди ва 179 та бадиий адабиётлар билан бойитилди.

Шу билан бирга, мамлакатимизда қабул қилинаётган янги қонунлар, ҳуқуқий ҳужжатлар, таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни нафақат мактаб ўқувчиларига, балки ўқитувчи ва маҳалла фаолларига етказиш мақсадида мактабда замонавий техникалар билан жиҳозланган радиоузел маркази ташкил этилди. Ҳар куни дарслар орасида бўладиган 15 дақиқалик танаффуслар вақтида ушбу радио орқали ўқувчилар томонидан қонунчиликдаги янгиликларни тингловчиларга етказиш йўлга қўйилди.

Шунингдек, ўқувчилар ўртасида "Менинг Биринчи Президентим" мавзуида ўзбек, рус, инглиз ва француз тилларида иншолар танлови ўтказилди. Унда 120 нафар ўқувчи иштирок этди. Танлов якунлари бўйича ҳар томонлама мукаммал иншо ёзган ғолиб ўқувчилар тақдирланди.

Энг эътиборли жиҳати, туман прокуратураси ташаббуси билан ўтказилган "Набирамга китоб совға қиламан" деб номланган акция доирасида бадиий китоблар ярмаркаси ташкил этилиб, унда маҳалладаги ота-оналар ва кекса авлод вакиллари фарзандлари ҳамда набиралари учун 854 та бадиий китоб сотиб олишди.

Ҳабибулло ИСАҚОВ,
Наманган туман прокурори

Манба: «Ҳуқуқ» газетаси, № 51, 21.12.2017 йил

21.12.2017

Медиатека

160136, Наманган шаҳар, Сирғали
кўчаси, 18.

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси