Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

Тадбиркорга мададкормиз

Ҳар бир юртнинг гуллаб-яшнаши, тараққиёти ва юксалиши бунёдкор ва меҳнаткаш халқининг салоҳияти, шижоатига боғлиқ. Шу маънода, янгиқўрғонликларнинг бугунги бунёдкорлиги, ташаббускорлигини қўллаб-қувватламаслик, бундан қувонмаслик мумкин эмас. Биргина 2017 йилнинг ўтган даврини олсак — туманда 63 та кичик корхона ва микрофирмалар рўйхатдан ўтказилган. Демак, бу халқимизнинг тиришқоқ­лиги, бугунги кун нафаси билан ҳамқадам эканидан далолат. Фаолият кўрсатаётган кичик бизнес субъект­ларининг сони 604 тани, кичик корхоналар 170 тани, микрофирмалар эса 480 тани ташкил этади.

Ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қабул қилинган дастурларда кўзда тутилган лойиҳаларга мувофиқ, ташаббускорларнинг маблағлари ҳисобидан 67,8 млрд. сўмлик, банк кредитлари ҳисобидан эса 87,7 млрд. сўмлик бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.

Ана шулардан бири, катта мусиқали фавворани ўз ичига олган "Эко-парк" Янгиқўрғон аҳли учун муносиб совға бўлди. Туман кўркига кўрк қўшган мафтункор фаввора каттаю кичикни ўзига ром этмоқда. "Мўъжиза сут маҳсулотлари" хусусий корхонаси жамоасининг ташаббуси билан 1,1 млрд. сўмдан ортиқ маблағ ҳисобига бунёд этилган мазкур дам олиш масканининг ҳудуди 4 минг кв. метрни ташкил этади. Илғор хорижий технология асосидаги фавворага 300 дан ортиқ ранглар ҳосил қилувчи галогенлар ўрнатилган бўлиб, у 32 метр узунликда, гўё мусиқага мос тарзда рақс тушаётгандек ҳаракатланади ҳамда товланади. Эътироф этиш жоизки, "Эко-парк"­нинг очилиш маросимида тадбиркорлар 3 нафар болакайнинг суннат тўйини ўтказиб, уларга совға тариқасида велосипед билан бирга, 300 минг сўмдан маблағ қўйилган омонат дафтарчаларини топширишди.

Шунингдек, "Акбарбек, Аҳрорбек, Акмалбек" МЧЖ томонидан шаҳарча марказидаги дам олиш ва истироҳат боғи замонавий кўркам қиёфада ишга туширилди. Болажонлар учун ҳар хил кўнгилочар ўйинлар йўлга қўйилиб, турли аттракционлар қурилди.

Ушбу хайрли ишларни амалга ошириш учун тадбиркорнинг ҳисобидан 1 млрд. сўм, шунингдек, "Миллий банк" вилоят филиалининг 500 млн. сўм кредит маблағи сарфланиб, Хитойдан турли жиҳозлар олиб келинди.

Янгиқўрғон ўхшаши йўқ боғу роғлари, ям-яшил кенгликлари, меваю сабзавотлари билан донг таратган. Жорий йилда жаҳон бозорларига 79 млн. долларлик мева-сабзавот экспорт қилиш режалаштирилгани бежиз эмас. Шунингдек, 15288 тонна мева-сабзавот маҳсулотлари экспортга йўналтирилди.

Бугунги ҳаёт тарзимиз кечагидан тубдан фарқ қилади. Эндиликда ҳар бир инсон, ҳар қандай касб-кор эгаси ҳар бир қарич ернинг қадрини билиб, она заминни эъзозлаб, уни боғу бўстонга айлантириш, янги-янги бунёдкорлик ишларини амалга ошириш иштиёқи билан яшамоқда. Демак, юрт одимларидан қувват олиб, ғайратга чоғланган элнинг саодати бардавомдир.

Шерзодбек ТОШБОЕВ,
Янгиқўрғон туман прокурорининг ўринбосари

Манба: «Ҳуқуқ» газетаси, № 50, 14.12.2017 йил

14.12.2017

Медиатека

160136, Наманган шаҳар, Сирғали
кўчаси, 18.

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси