Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

ПОРЛОҚ КЕЛАЖАККА ЕТАКЛОВЧИ ОМИЛ

Давлатнинг жадал ривожланиши, тараққий этиши, дунё ҳамжамиятида ўз ўрни ва мавқега эга бўлиши унинг қонунчилигига асос бўлмиш Конституцияси ва ушбу ҳужжатнинг давлат ва жамият манфаатларини ўзида қай даражада акс эттира олишига боғлиқдир.

Истиқлолга эришганимиздан сўнг мамлакатимиз ҳаётининг сиёсий-иқтисодий ва ижтимоий, маданий жабҳаларида, давлат қурилишида муҳим демократик ўзгаришлар юз берди. Яъни юртимизда демократик ҳуқуқий давлат ва инсонпарвар фуқаролик жамияти қуриш жараёни бошланди. Ушбу оламшумул ўзгаришларнинг тамал тоши 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Конституциямизда ўз ҳуқуқий ифодасини топган эди. Шу боис Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун мустақил ўзбек халқининг озодлиги, эркинлиги ҳуқуқий кафолатланган кун бўлиши билан бирга демократик ҳуқуқий жамият қуриш йўлидаги илк қадам ташланган тарихий воқеа бўлиб, катта байрам сифатида нишонланади.

Асосий қонунда мамлакатимизда жамият ва давлат қурилишининг тамойиллари аниқ ифодалаб берилди, давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд тармоқларига бўлиниши муҳим тамойил сифатида белгиланди. Энг аҳамиятлиси, инсон ҳу­қуқларининг давлат манфаатларидан, умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормаларининг миллий ҳуқуқий меъёрлардан устунлиги, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги шароитида хусусий мулк­нинг бошқа мулк шакл­ла­ридан устувор эканлиги конституциявий асосда мустаҳкамлаб қўйилди. Мухтасар қилиб айтганда, Конституция мустақил Ўзбекистоннинг янги сиё­сий ва давлат тузилиши, энг аввало, қонунчилик тизимини шакллантиришнинг мус­таҳкам пойдевори бўлди.

Мана 25 йилдирки, Асосий қонунимиз халқимиз учун порлоқ келажак сари йўл кўрсатмоқда. Бу даврни миллий қонунчилик тизими ташкил топган, шаклланган, ҳуқуқий ислоҳотлар, қонун ижодкорлиги кўникмаси, тажрибаси вужудга келган давр, деб бемалол айтишимиз мумкин.

Қонун устувор бўлган жамиятимиз тараққиётига хизмат қилувчи миллий қонунчилигимизнинг шаклланиши ҳам конс­титуциявий тамойиллар асосида рўёбга чиқди. "Бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмас" — Бош Қомусимизнинг 16-моддасида қайд қилинган бу қоида мустақил мамлакатимизнинг қонун чиқарувчи, ижро ва суд ҳокимияти фаолиятида дастуриламал бўлиб келмоқда. Қонун ижодкорлиги борасида тўпланган тажрибалар, ҳаётга татбиқ этилаётган қонунларнинг мазмун-моҳияти Конституциямизнинг халқ­чиллиги ва ҳаққонийлигини намоён этиб, мамлакатимиз тараққиётида муҳим асос бўлмоқда.

Конституцияда халқимизнинг адолатли жамият барпо этиш борасидаги интилишлари, орзу-ўйлари, хоҳиш-иродаси, эзгу истаклари мукаммал ифодаланган. Бугунги кунда Конституциямиз истиқлолнинг буюк тимсоли сифатида хал­қи­мизнинг мўътабар ижтимоий-ҳуқуқий қадриятига айланди. Бу масаланинг ўта муҳим жиҳати шундаки, Конс­титуция­нинг барча қои­далари ҳуқуқий давлат ва фуқаровий жамият барпо этишга йўналтирилган. Унда ҳуқуқий давлатчиликнинг асосий тамойил ва белгилари ҳамда ижтимоий адолат принциплари мустаҳкамланган. Барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Конституция ва қонунларга асосланиши, қонунлар эса, ўз навбатида, Конституцияга мос бўлиши талаб қи­линади. Қонун олдида ҳам­ма фуқаролар тенглиги, ҳар бир фуқаронинг қонун устуворлигини тан олиши қатъий қоида сифатида белгилаб қўйилган.

Маънавий қадриятлар, халқимизга хос фазилатлар жамиятнинг асосий бўғини дея эътироф этилган оиланинг давлат муҳофазасида эканлиги, ота-она ва фарзандларнинг бир-бирига бўлган бурч ва мажбуриятлари, никоҳ муносабатлари ҳақида сўз юритилган "Оила" номли бобдаги 66-моддада: "Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар", деб белгиланишида яққол акс этган. Зотан, ҳар бир кишининг маънавияти, аввало, оилада шаклланади, унинг келгусида қандай инсон бўлишига шу муқаддас даргоҳда замин яратилади. Энг муҳими, оилалар фаровонлиги, тотувлиги юрт фаровонлиги, жамиятдаги аҳиллик, тотувлик манбаидир.

Конституция қонунчиликни тизимлаштиришнинг асосий предмети ҳисобланади, мазмун-моҳиятига кўра, ҳозирги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб асосларини мужассамлаштиради. Мамлакатимиз ҳуқуқ тизимининг барча элементлари ўртасидаги ўзаро уйғунлик, мувофиқликни таъминлайди.

Мустақил Ўзбекистоннинг Конституцияси инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини мустаҳкамлайди. Халқ ва инсон манфаатларини кўзлаш, унинг моддий ва маънавий эҳтиёжларини тобора тўлиқ қондириб бориш, айниқса, шахс ҳуқуқ­лари, эркинликлари, бурчларини амалга ошириш кафолатини яратиш ҳамда уни муҳофаза қилиш Конституциянинг бош мақсадидир. Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари масалалари билан бевосита шуғулланувчи бир қатор миллий институтлар бугунга келиб изчил фаолияти билан жамиятимиз ҳаётида ўз ўрнига, муайян таъсир кучига эга бўлди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Мажлис вакили (Омбудсман), Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий марказ, Ўзбекис­тон Республикаси Президенти ҳузуридаги амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти томонидан амалга оширилаётган ишларнинг ижобий натижаларини кенг жамоатчилик эътироф этмоқда. Юртимизда фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишлари учун ҳар томонлама шароит ва имкониятлар яратилаётгани фуқаролик жамияти қуришга қаратилган эзгу мақсадларимизга уйғун кечаётир.

Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, мамлакатимизда давлат халқ иродасини ифодалайди ва унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат сиёсатини халқнинг хоҳиш-иродаси белгилаб беради. Мазкур сиёсат инсон ва жамиятнинг фаровонлигини, Ўзбекистондаги барча фуқароларнинг фаровон турмушини таъминлашга қаратилганлиги билан ҳам алоҳида эътиборга моликдир. Унинг тузилиши жиҳатдан мазмуни инсон — жамият — давлат йўналишида ташкил этилган. Бу эса, инсон манфаатларининг ҳар нарсадан устун туриши давлатнинг асосий диққат-эътиборида эканлигини билдиради. Бу тушунча Конс­титуциянинг 2-моддасида ҳам ўз ифодасини топган: "Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар".

Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев томонидан "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари хал­қимизга хизмат қилиши керак", деб айтилган сўзлар Конституциямизнинг айнан ушбу талабларига монанддир.

Дарҳақиқат, Конституциямиз — шу муқаддас заминимизда истиқомат қилаётган инсонларнинг дунёқараши, ўзаро муносабатлари, меҳр-оқибат, одамийлик, ўзга миллат ва элатларга нисбатан ҳурмат, илму фанга интилиш, ор-номус каби эзгу фазилатларини ўзига асос қилиб олган. Бизнинг Конституциямиз янги замонавий ва эркин ҳаётимизни ҳар тарафлама ҳимоя этишимизга хизмат қилади. "Ўзбекистон Республикаси ўз ҳу­дудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди", дея белгилаб қўйилгани ҳам фикримиз далилидир (22-модда).

Барчамизга маълумки, Инсон ҳуқуқ­лари умумжаҳон декларациясига ҳуқуқ, эркинлик ва бурчлар бобида хал­қаро эталон сифатида қаралади. Асосий қонунимизда айнан мазкур декларация­даги, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактдаги, қолаверса, умум­эътироф этилган ўттиздан зиёд энг муҳим халқаро ҳужжатлардаги қоидалар ўз ифодасини топган.

Мамлакатимизни дунё тан олди, хал­қаро майдонда нуфузга эга бўлиб бормоқдамиз. Бундай муваффақиятлар замирида Конституциямиз муҳим аҳамият касб этаётганини ҳис қилишимиз лозим. Яъни Бош Қомусимиз орқали Ўзбекистонда барча миллат ва элатларнинг ўзаро дўстлик, биродарлик, ҳамкорликда яшашларига ҳуқуқий асос яратилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги "Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегия­си тўғрисида"ги Фармонида қайд этилган, ривожланишнинг бешта устувор йўналишининг биридан "миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш" юзасидан вазифалар ўрин олгани Конституциямиз нечоғлик узоқни ўйлаб ва мукаммал тарзда ишлаб чиқилган ҳужжат эканлигини яна бир бор исботлайди.

Фикримизнинг давомини биргина 8-модда мисолида ҳам кўришимиз мумкин: "Ўзбекистон халқини миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади".

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур моддада қайд этилган қоида бош­қа бирор-бир давлат Конституциясида учрамайди. Унда Конституция даражасида "Ўзбекистон халқи" тушунчасининг таърифи баён этилган бўлиб, Ўзбекистонда туғилган, унинг заминида истиқомат ва меҳнат қилаётган ҳар бир киши, миллий ва ирқий мансублигидан, эътиқодидан қатъи назар, республикамизнинг тенг ҳуқуқли фуқароси бўлишга муносибдир.

Ўзбекистон фуқаролари ўзларининг насл-насаби, ирқи, ижтимоий келиб чиқиши ва бошқа ҳолатларидан қатъи назар, Ўзбекистон халқини ташкил этадилар. Конституциямиз Ўзбекистон хал­қини ташкил этувчи барча миллат ва элатларнинг урф-одатлари ва миллий анъаналарини ҳурмат қилишни кафолатлайди.

Шунингдек, Конституциянинг 18-моддасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари янада муфассал тарзда баён этилган: "Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Имтиёзлар фақат қонун билан белгилаб қўйилади ҳамда ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт".

Жаҳон тажрибасидан маълумки, инсоннинг асосий ҳуқуқ ҳамда эркинликларини қатъий ҳимоя қилмасдан туриб, жамиятни демократлаштириш мумкин эмас. Халқимизнинг бой маънавий салоҳияти, унинг тасарруфида бўлмиш улкан табиий бойликлар ва техникавий имкониятлар, тобора мустаҳкамланиб бораётган халқаро алоқалар демократик ривожланиш ҳамда инсон ҳуқуқларига риоя этилиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш имконини бермоқда. Мамлакатимиз ўз мустақиллигини қўлга киритгач, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, айниқса, ижтимоий муҳофаза этиш борасидаги умумдунёвий жараёнларда фаол иштирок эта бошлади.

Шуни таъкидлаш жоизки, давлатимизнинг инсонпарвар сиёсати миллий қадриятларимизга уйғунлашиб кетган, қонунларимизнинг мазмун-моҳиятида катталарга ҳурмат, кексаларни эъзозлаш, ёрдамга эҳтиёжманд кишиларга ғамхўрлик қилиш каби фазилатлар мужассамлигини кўриш мумкин. Бу ҳолат инсонпарвар тамойилларга асосланган Бош Қомусимизнинг 39-моддасида ҳам акс этади: "Ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек, боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга".

Бугунги кунда мамлакатимизда фуқароларнинг ижтимоий жиҳатдан ҳимоясини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор билан қаралаётгани, Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 26 декабрь кунги "Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида"ги Қонунининг қабул қилиниши ҳам мазкур Конституциявий нормасига мутаносибдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони эса бу борада қўйилган муҳим қадамлардан бири бўлди десак, муболаға бўлмайди. Конституциявий нормаларнинг қонунлар орқали ҳаётга шу тарзда татбиқ этилиши фуқароларда Бош қонунимизга бўлган ишонч янада ортишига сабаб бўлмоқда.

Зеро, қонун устувор бўлган юртда доим осойишталик ҳукм суради.

Асосий қонунимиз жамиятимизнинг барча соҳаларини ўзида мужассам этган бўлиб, мудофаа ва хавфсизлик масаласи ҳам шулар жумласидандир. Қуролли Кучларимиз фақат Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учунгина ташкил этилиши конс­титуциявий норма сифатида қатъий белгиланди ва ҳозирда мазкур конституция­вий талаблар оғишмай ижро қилиб келинмоқда.

Қуролли Кучлар сафида хизмат қилаётган ҳар бир ҳарбий хизматчининг кўзларидан, сўзларидан ва хизматидан танлаган касбидан қанчалар фахрланишини, қалбларидаги ғурур ва ифтихор туйғуларини англаш қийин эмас. Инсон манфаатлари устувор бўлган, хизмати қадрланган ва улуғланган юртда бош­қача бўлиши ҳам мумкин эмас.

Яна қувонарлиси, республикамизда "Мустақиллик", "Амир Темур", "Жалолиддин Мангуберди", "Мардлик" орденлари, "Жасорат", "Содиқ хизматлари учун" каби медаллар таъсис этилганки, улар давлатимизнинг мудофаа қудратини янада юксалтиришга катта ҳисса қўшаётган, Ватан ҳимояси учун ўзини бағишлаган, она юрт хизмати йўлида жасурлик ва довюраклик кўрсатган ҳарбийларимиз ва бошқа фуқароларимизнинг хизматини қадрлашга, уларни намуна қилиб кўрсатишга, бу орқали эл-юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшайдиган, фидойи ва ватанпарвар ёш авлодни тарбиялашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Бу ўринда Қуролли Кучларимиз тизимидаги ислоҳотларни амалга ошириш, ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг оила аъзоларининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ҳимояси ва қонуний манфаатларини амалда таъминлаш, қўшинларни қонунга итоаткор ва ҳуқуқий маданияти юксак профессионал кадрлар билан таъминлаш, қўшин турларининг жанговар тайёргарлиги ва доимий шайлигини мунтазам ошириб бориш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида қонун ҳужжатларининг аниқ ва бир хилда ижро этилишини таъминлаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Ўз навбатида, ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг Конституциямизда белгиланган меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда белгиланган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш борасидаги ҳуқуқлари амалда таъминланмоқда. Бу борада ҳарбий прокуратура органлари томонидан маҳаллий ҳокимият органлари билан ҳамкорликда ҳарбий хизматчиларнинг иш билан банд бўлмаган оила аъзоларининг бандлигига кўмаклашиш мақсадида "Бўш иш ўринлари" меҳнат ярмаркалари ташкиллаштирилмоқда ва ҳарбий хизматчиларнинг ишга киришга хоҳиши бўлган оила аъзолари иш билан таъминланмоқда.

Конституциямизнинг ҳарбий хизматчиларимиз ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлашдаги ўрнини ҳар соҳада кўриш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясини АҚШ, Буюк Британия, Франция ва бошқа жаҳон сиёсат ва дипломатия майдонида алоҳида ўринга эга бўлган давлатлар, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти каби нуфузли халқаро ташкилотларнинг олимлари юқори баҳолаган. Чунки Асосий қонунни яратишда ҳам бой миллий тарихий-ҳуқуқий меросимизга ҳамда халқаро ҳуқуқнинг барча умумэътироф этилган қоидаларига, илғор демократик давлатларнинг конституциявий тажрибаларига таянилган.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, ҳар қандай давлатнинг қиёфаси, обрў-эътибори унинг Конституцияси билан белгиланади. Зотан, Конституция давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунё­га танитадиган қомусдир.

Абдурахим Ҳусанов,
Ўзбекистон Республикаси
Бош прокурорининг ўринбосари —
Ўзбекистон Республикаси
Ҳарбий прокурори вазифасини вақтинча бажарувчи

Манба: «Ҳуқуқ» газетаси, № 49, 07.12.2017 йил

07.12.2017

100060, Тошкент шаҳар, Истиқбол
кўчаси, 22.

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси