Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

Тараққиётнинг устувор йўналишларидан бири

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2017–2021 йилларга Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракат стратегияси ишлаб чиқилиб, ҳозирги кунда халқ муҳокамасига тақдим этилди.

Мазкур ҳаракатлар стратегиясининг асосий йўналишларидан бири этиб хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни янада кучайтириш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатни юритиш белгиланган.

Таъкидлаш жоизки, мустақилликнинг илк йиллариданоқ ҳуқуқий демократик давлат қуриш йўлидан бориб, демократик ислоҳотларни изчил амалга оширишда жамиятдаги барқарорликни мустаҳкамлаш ва давлатнинг хавфсизлигини пухта таъминлашга асосий эътиборни қаратдик.

Бу борада юртимизда миллатлараро тотувлик ғоялари илгари сурилган ҳолда, давлатимиз сиёсати миллатлар ва динлараро тинчлик-тотувликни таъминлашдек аниқ мақсадга йўналтирилди.

Дарҳақиқат, 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари елкама-елка яшаётган, 16 дан ортиқ диний конфессияга мансуб ташкилотлар эркин фаолият юритиб келаётган заминда тинчлик ва барқарорликни асраш, турли ёвуз кучларнинг давлатимизни издан чиқаришга қаратилган ҳаракатларини йўққа чиқариш, албатта, осон иш бўлмади.

Халқимизнинг аҳиллиги ва ҳамжиҳатлигини, турли миллат вакилларида ягона Ватан туйғуси йилдан-йилга мустаҳкамланиб бораётганини бир қатор омилларда кўриш мумкин. Ҳозирги кунга келиб, республикамизнинг ҳар бир фуқароси миллати ва динидан қатъий назар юртимиз ривожи ва равнақи учун тўлиқ ҳиссасини қўшишга тайёрлиги, фуқароларнинг давлатимизда рўй бераётган ўзгариш ва янгиланишга дахлдорлик ҳисси билан ёндашаётгани бунинг яққол далилидир.

Яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратиш лозим, ҳар бир миллатнинг тили унинг учун тенгсиз хазина ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан республикамизда миллий тиллар ривожига ҳам алоҳида эътибор бериб келинган. Бу ўринда, айни пайтда, умумий ўрта таълим мактабларида ўқув дастурлари 7 тилда – ўзбек, қорақалпоқ, рус, тожик, қозоқ, туркман ва қирғиз тилларида олиб борилаётгани Ўзбекистонда ҳар бир миллат вакили учун шарт-шароит мавжудлигининг ёрқин мисоли эканлигини айтиб ўтиш жоиз.

Жаҳонда миллий-этник муносабатлар мураккаблашиб, энг илғор давлатларда ҳам оз сонли миллат вакилларини хўрлаш, камситиш ва сиқиб чиқариш ҳолатлари кузатилаётган бир пайтда, турли миллат ва элат вакиллари ягона оила фарзандларидек аҳил ва иноқ яшаётган Ўзбекистон чиндан ҳам бошқаларга намуна бўла олади.

Ушбу жиҳатларни инобатга олган ҳолда, Ҳаракатлар стратегияси лойиҳасида мамлакатимиздаги кўп миллатли халқимизнинг ўзига хос фазилатларидан келиб чиқиб, миллатлараро тотувликни, ҳамжиҳатликни таъминлашга қаратилган, миллатларнинг ўзаро бир-бирини ҳурмат қилиши тамойилига асосланган миллатлараро муносабатлар соҳасидаги сиёсатнинг энг муҳим устувор йўналишлари назарда тутилган.

Маълумки, тинч ва барқарор элда ривожланиш суръати ҳам юқори бўлади. Давлат тинчлигининг энг асосий гарови унинг ўз миллий армияси, қудратли Қуролли Кучларига эга эканлигидир.

Ўзбекистон Республикаси мустақил давлат ва халқаро муносабатларнинг субъекти сифатида ўзининг мудофаа сиёсатини барча мамлакатларнинг тинч, тотув яшаши, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, уларнинг мустақиллигини, шунингдек, давлатлараро таркиб топган чегараларнинг бузилмаслиги ва ўзгармаслигини ҳурмат қилиш принципларига асослайди.

Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларда тинчликсеварлик йўлидан бориб, айни вақтда фуқароларининг ҳаёти ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш вазифасини ўз зиммасига олади, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Уставига биноан ўзини-ўзи мудофаа қилишдек ажралмас ҳуқуқини амалга оширади, давлатнинг ҳарбий қудрати ва мудофаа қобилияти оқилона зарурат даражасида бўлишини таъминлайди.

Республикамиз халқаро ва давлатлараро муаммоларни уруш йўли билан ҳал этишга қатъиян қарши чиқади ва жаҳон ҳамжамияти давлатлари ўртасида ҳарбий можаролар чиқишини дипломатия воситасида бартараф қилишда фаол иштирок этишни, зиддиятларни кескинлаштирадиган сабабларга барҳам беришга ёки уларни енгишга куч-ғайрат сарфлашни ўз ташқи сиёсатининг асосий вазифаси деб ҳисоблайди.

Урушлар ва ҳарбий можароларнинг олдини олишни, ҳарбий блокларга кирмасликни ўз ташқи сиёсатининг бош стратегик йўналиши деб эълон қилиб, ўз Қуролли Кучларини бошқа давлатга қарши ишга солмайди, Ўзбекистон Республикасига ёки Ўзбекистон билан ўзаро ҳарбий ёрдам тўғрисидаги тегишли шартномалар орқали боғланган давлатларга қарши ҳужумни қайтариш ҳоллари бундан мустасно. Ҳеч кимга таҳдид солмайди ва жаҳондаги биронта ҳам давлатни ўзининг душмани деб ҳисобламайди, улардан бирортасига на ҳудудий, на бошқа даъвоси бор ва барча мамлакатлар билан халқаро ҳуқуқ, хавфсизлик манфаатларини ўзаро ҳисобга олиш асосида муносабатлар ўрнатишга тайёр. Ядро қуролини жойлаштирмаслик, ишлаб чиқармаслик ва сотиб олмаслик принципларига қатъий амал қилади.

Қайд этиб ўтганимиздек, Қуролли Кучларимиз фақатгина давлатимиз ва фуқароларимиз хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

Президентимиз таъкидлаб ўтганларидек, заминимизда тинчлик ва осойишталик ҳукм суриши учун келгусида ҳам Қуролли Кучларимиз жанговар қудрати, қобилиятини ва салоҳиятини янада ўстириш, Қуролли Кучлар сафида хизмат қилиш учун танлаб олинаётган ва хизматни ўтаётган кадрларнинг билим ва малакасини ошириш борасидаги ишлар изчил давом эттириб борилади.

Юқоридагиларга асосан, ҳаракатлар стратегиясида, Қуролли Кучлар жанговар тайёргарлиги ва жанговар қобилиятини, кадрлар тайёрлаш тизимини, ҳарбий хизматчиларни ҳар томонлама таъминлаш соҳасидаги концептуал ҳужжатларни таҳлил қилиш, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Миллий хавфсизлик концепцияси ва Мудофаа доктринаси лойиҳаларини тайёрлаш, хизматни ўташ тартибини такомиллаштиришни, қўшинлар таъминотини, уй-жой ва тиббий таъминот масалаларини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳаракатларни ишлаб чиқиш «Ҳарбий хизматни, ички ишлар ва божхона идораларида хизматни ўтаган шахслар ҳамда уларнинг оила аъзоларини пенсия билан таъминлаш тўғрисида»ги қонун қабул қилиш ва бошқа кўпгина масалалар кўзда тутилган.

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси халқ муҳокамасига тақдим этилгани, давлатимиз раҳбари томонидан юртимизнинг истиқболдаги ривожланиш йўлни халқ талаби асосида белгилаётгани улуғ мақсад йўлидаги уйғунликнинг яққол ифодасидир.

«Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастурига асосан Республикамизнинг турли гўшаларида прокуратура ходимлари ва турли соҳа вакиллари иштирокида фуқаролар билан учрашувлар ва сайёр қабуллар ташкил этилмоқда. Ушбу қабуллар жараёнида юртдошларимиз томонидан халқ муҳокамасига тақдим этилган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракат стратегияси лойиҳаси юзасидан киритиб келинаётган таклифлар, фуқароларимизнинг давлатимиз келажаги учун бефарқ эмаслиги ҳамда Президентимиз томонидан олиб борилаётган давлат сиёсатини тўлиқ қўллаб-қувватланаётганидан далолат бермоқда.

Абдурахим ХУСАНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Бош
прокурорининг ўринбосари –
Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурори
вазифасини вақтинча бажарувчи

Манба: «Ватанпарвар» газетасининг 5-сони, 03.02.2017 йил

06.02.2017

100060, Тошкент шаҳар, Истиқбол
кўчаси, 22.

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси