Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

Тинч ҳаётимизнинг мустаҳкам таянчи

Бундан 25 йил аввал мустақилликни асраш, ҳар қандай хавф-­хатарни бартараф этишга тайёр қудратли миллий армияга эга бўлиш ­заруратини ҳаётнинг ўзи тақозо этган эди. Шу боис миллий ­армиямизни барпо этишга давлат ва жамият қурилишининг ғоят муҳим, узвий бир қисми сифатида қаралди.

Кадрлар масаласи Қуролли Кучларимизни шакллантириш жараёнидаги энг жиддий муаммолардан бири эди. Тасаввур қилинг-а, 1990 йили маҳаллий офицерлар юртимиздаги ҳарбий кадрларнинг атиги 0,6 фои­зини ташкил этарди. Ушбу муам­мони ҳал этиш учун ҳарбий таълим­ соҳасини тубдан ислоҳ қилишга киришилди. Бир қатор олий ҳарбий­ таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилиб, уларда ҳарбий хизматга салоҳияти етарли, аҳди қатъий, шижоатли, мард ва жасур Ватан ҳимоя­чиларини тайёрлашга киришилди.

Бу борадаги ислоҳотлар самараси­ ўлароқ, ҳозир Тошкент олий умум­қўшин қўмондонлик, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик, Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик, Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртлари, Тошкент ахборот технология­лари университети махсус факультети, Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги ҳарбий тиббиёт факультетида юқори малакали офицер кадрлар тайёрланмоқда.

Бундан ташқари, 1995 йили Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси ташкил этилди. Марказий Осиёда ягона бўлган ушбу даргоҳ зиммасига малакали офицер­ларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш,­ қолаверса, ҳарбий соҳадаги илмий-амалий тадқиқот ҳамда ишланмаларни мувофиқлаштириш, мамлакатимизда ҳарбий таълимни ривожлантириш вазифаси юклатилди. Бугун Қуролли Кучлар академияси­да олий қўмондонлик таркибидаги офицерлар тайёрланмоқда.

Миллий армиямизни профессионал асосга ўтказиш жараёнида офи­церлар ва аскарлар таркиби ўртасида нафақат боғловчи бўғин, балки­ том маънода армиянинг таянчи, офицерларнинг ишончли ёрдамчила­ри, ҳар қандай вазиятда ҳам ташаб­бускор ва самарали қарорлар қабул қилишга қодир бўлган сержантларнинг янги авлодини тайёрлаш ва тарбиялашга катта эътибор қаратил­моқда. За­монавий жиҳозланган, моделлашти­риш ва симуляция воси­талари, компьютер техникаси, ҳарбий полигон асбоб-ускуналари билан­ таъминланган сержантлар тайёрлаш мактабла­рида таълим олаётган мутахассислар ҳарбий жамоаларда соғ­лом ахлоқий-руҳий ва маънавий муҳитни таъминлашнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилмоқда.

Муддатли ҳарбий хизматни ўташ тизимини такомиллаштиришга қаратилган, узоқни кўзлаб олиб борилган­ оқилона сиёсат натижасида жамиятимизда ҳарбий хизматга муносабат тубдан ўзгарди.­ Шу маънода 1990 йилнинг 4 сентябрида Биринчи­ Президентимиз Ислом Каримовнинг «Жумҳурият ёшларини армияга чақириш ва уларнинг ҳарбий хизматни ўташини такомиллаштириш чоралари тўғрисида»ги фармони собиқ совет иттифоқининг Ўзбекис­тон халқига, ёшларига нисбатан беписанд қарашлари, бу бора­даги адолатсизликларга чек қўйишга қаратилган жасоратли қадам эди. Мазкур муҳим тарихий ҳужжатга асосан 1990 йилнинг кузги чақирувидан бошлаб мамлакатимиз ёшларини Ўзбекистондан ташқаридаги қурилиш батальонларига жўнатиш тўхтатилди. Бу эса энди Ўзбекистон ёшлари фақат ўз юртида хизмат қилади дегани эди.

Миллий армиямиз ташкил этилган илк йилларда Қуролли Кучлар сафини бутлаш тизимида ҳам жиддий муаммолар йиғилиб қолган эди. Яъни собиқ тузум армиясидан қолган ҳарбий хизматни ўташ тар­тиб­ларига­ риоя қилмаслик, бошбошдоқлик, оғир жиноятларни содир этишга мойиллик, айниқса, халқимизнинг армияга ишончсизлиги, ёшларнинг ҳарбий хизматдан бўйин товлаши каби муаммолар ўз ечимини кутар эди.

Ислоҳотлар жараёнида Ўзбекистон­ Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга чақириш тизимини ислоҳ қилиш бўйича миқёси­ жиҳатидан улкан аҳамиятга молик ишлар амалга оширилиб, чақирувнинг эскича тизимидан воз кечилди.­

Фуқароларнинг муддатли ҳарбий хизматни ўташ тизимини такомиллаштириш борасидаги чора-тадбирлар Қуролли Кучларни чақи­ри­лувчилар билан тўлдиришни сифат жиҳатидан яхшилаш имконини берди, уларнинг жисмоний ва интеллек­туал ривожланиш даражаси ошди, қолаверса, кенг жамоатчилик ўртасида ҳарбий хизматнинг обрў-эътибори тубдан ўзгарди. Шу ўринда бу борада амалга оширилган муҳим­ ишларга қисқача назар ташлайлик.

2002 йилнинг августида бўлиб ўтган Олий Мажлиснинг иккинчи чақириқ тўққизинчи сессиясида фуқароларимизнинг Қуролли Кучларда хизматни ўташ муддатини 18 ойдан­ 12 ойга, яъни бир йилгача қисқартириш масаласи ўртага ташланган эди. Шундан сўнг қа­бул қилинган «Умумий ҳарбий маж­бурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги қонунга кўра ҳарбий хизмат муддати 12 ойгача қисқартирилди. Натижада ҳарбий қисм ва муас­сасалардаги муҳит соғломлашди.

2008 йил 20 ноябрдаги «Фуқаро­ларнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида муддатли ҳарбий хизматни ўташ шарт-шароитларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон билан 2009 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига муддатли ҳарбий хизматга чақириш йилига бир марта – февраль-март ойларида амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

Миллий армиямизда ўз бурчини ўтаб қайтган фуқароларнинг кейин­ги фаолияти ҳам давлатимизнинг доимий эътиборида. Олий ўқув юртларига ўқишга киришда уларга алоҳида имтиёзлар белгилаб қўйилгани, ишга жойлашишда амалий ёрдам кўрсатилаётгани шулар сирасидандир. Хусусан, Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 31 майдаги «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар­ тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномасини олган фуқароларга республика олий ўқув юртларига ўқишга киришда тест синовларида тўплаш мумкин бўлган энг кўп баллнинг 27 фоизи миқдорида қўшимча балл бериш жорий этилди.­

Чақирув комиссияларининг ишида ошкоралик ва самарали жамоатчилик назоратини таъминлаш мақсадида улар таркибига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси, «Нуроний» жамғармаси ва «Маҳал­ла» хайрия жамоат фондининг вакиллари киритилгани ҳам биздаги ўзига хосликни кўрсатади. Бу халқ­нинг ўзи фарзандларини саралаб, армияга кузатаяпти деганидир.

Айни пайтда жойлардаги чақирув ва йиғин пунктларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, санитария-гигиена шароитини яхшилаш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 5 августдаги 221-сон қарори асосида­ 2010—2012-йилларда 14 та йиғин ва 173 та чақирув пункти янгича қиёфа касб этди. Уларда тиббий комиссиялар учун зарур шарт-шароит яратилди, замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланди.­

Бу эса миллий армиямизнинг мудофаа салоҳиятини юксалтиришда, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлашда, она юртга садоқат билан хизмат қиладиган авлодни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этаяпти. Бугун Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари мамлакатимиз мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сақлашнинг, тинч ва осуда ҳаётимизни ҳимоя қилишнинг мустаҳкам таянчига айланди десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Ватанни ҳимоя қилиш учун бугун баланд-баланд қўрғонлар қуриш шарт эмас. Унинг қўрғонлари юрт­нинг юксак маънавиятли, интеллектуал салоҳиятли асл ўғлонларидир. Ватан­ни нафақат қўлига қурол ушлаганлар, балки уни ҳимоя қилиш ғояси билан яшаётганлар ҳам мардона ҳимоя қила оладилар. Шу боис сўнгги йилларда юксак маънавиятли, интел­лектуал салоҳиятли аскарларни тарбиялашга қаратилган­ кенг кўламли­ саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

Эсингизда бўлса, 2010 йилнинг 12 январида пойтахтимизда «Ватанга қасамёд» монументи очилган, 2012 йилнинг 24 октябрида эса Мудофаа­ вазирлиги ҳузурида жамоатчилик кен­гаши тузилган эди. Бир сўз билан айтганда, «Ватанга қасамёд» монумен­ти ҳам, Мудофаа вазирлиги ҳузури­даги жамоатчилик кенгаши ҳам ёш­ларимизни она юртга меҳр-муҳаббат,­ мардлик ва жасорат­ руҳида тарбия­лашда муҳим аҳамият­ касб этмоқда.­

Ватан ҳимоячиларининг ижти­моий ҳимоясини таъминлашдек долзарб масалага ҳам давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилиб, муҳим қарорлар қабул қилинаётгани ва тизимли ишлар олиб борилаётгани натижасида ҳарбий хизматчилар учун янги турар жойлар қурилмоқда, мавжудлари таъмирланмоқда, замонавий ҳарбий шаҳарчалар барпо этилмоқда ва реконструкция қилинмоқда.

Ўз навбатида, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифа­ти ҳам юқори даражага кўтарилмоқ­да. Ҳарбий қисм тиббиёт пунктлари,­ ҳарбий госпиталлар замонавий асбоб-ускуналар, тиббиёт жиҳозлари ва ўқув қўлланмалари билан таъминланган. Ҳарбий тиббиёт муасса­салари бинолари таъмирланиб, ­янги­ча қиёфа касб этмоқда.

Барчамиз мамлакатимиз ҳаётида­ги қутлуғ саналардан бири — Ватан ҳимоячилари куни ва Қуролли Куч­ларимиз ташкил этилганининг 25 йиллигини кўтаринки руҳда­ байрам­ қилдик. Ушбу санага бағишланган тадбирлар «Ўзбекистон — мустақил­ Ватанимиз, миллий армиямиз фахру ғуруримиз» шиори­ остида ўтказилгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Қуролли Кучларимизнинг 25 йиллигини нишонлаш, давлатимизнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларимизни­ барпо этишга салмоқли ҳисса қўшган ҳарбий хизматчиларни, Қуролли Кучларимиз фахрийларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 28 ноябрдаги фармони билан «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 25 йил» эсдалик нишони таъсис этилди. Шу кунларда эсдалик нишонлари ўз эгаларига тантанали вазиятда топширилмоқда.

Дунёнинг айрим минтақаларида аҳвол тобора кескин тус олаётгани, турли қарама-қаршиликлар, можаро­ ва қон тўкишлар кучайиб, халқаро терроризм, экстремизм ва радикализм хавфи ортиб бораётган мурак­каб давр барчамиз­дан огоҳликни, доимий тайёргарликни талаб этмоқда. Бу, энг аввало, миллий армиямизнинг энг олий ва шарафли бурчидир. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, Қуролли Кучларимиз мамлакатимиз­ суверенитети ва мустақиллигига, ­халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётига­ таҳдид соладиган ҳар қандай уринишларга қарши кескин зарба ­беришга қодир.

Абдураҳим ҲАСАНОВ
Ўзбекистон Республикаси
Бош прокурори ўринбосари –
Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурори
вазифасини вақтинча бажарувчи

Манба: huquqburch.uz

30.01.2017

100060, Тошкент шаҳар, Истиқбол
кўчаси, 22.

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси