Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

Жамиятни емирувчи иллат

Инсоният тарихида давлатлар шакллангандан буён коррупция уларни ичидан емирадиган ижтимоий иллат сифатида вужудга келди, ҳокимият ва бойликка ружу қўйиш таъсирида ривожланди. У демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилишига олиб келади, иқтисодий ривожланишни издан чиқариб, жамият ва давлат учун ўта хавфли бўлган уюшган жиноятчилик ва терроризмнинг кенг ёйилишига шароит яратиб беради.

Этимологик жиҳатдан "коррупция" атамаси "бузиш, пора эвазига оғдириш" деган маънони англатадиган лотинча "cor­ruptio" сўзидан келиб чиққан. Юридик энциклопедия муаллифларининг таъкидлашича, "коррупция — мансабдор шахслар томонидан уларга берилган ҳуқуқлар ва ҳокимият имкониятларидан шахсий бойлик орттириш учун фойдаланишда ифодаланувчи сиёсат ёки давлат бошқаруви соҳасидаги жиноий фаолиятдир".

Ҳозирги даврда коррупция муаммосига жаҳондаги исталган мамлакатда дуч келиш мумкин. Бироқ бу коррупция ҳамма жойда бир хил дегани эмас. Коррупциянинг юзага келиш сабаблари ҳамма жойда турлича бўлиб, тарихий давр ҳамда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш хусусиятларига боғлиқ бўлади.

Коррупция мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган жиноятдир.

Коррупция фуқаронинг давлат вакили билан маъмурий муносабатлари маъно-моҳиятини ўзгартиради ва жамият учун ҳам, давлат учун ҳам салбий оқибатларга сабаб бўлади. Коррупция — давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир. Фақат давлат хизматчилари коррупция фаолиятининг субъектлари ҳисобланади, чунки коррупция муносабатлари юзага келишига сабаб бўладиган қарорлар қабул қилиш ёки ҳаракатлар содир этиш учун ҳокимият ваколатига фақат улар эга бўлади.

Мамлакатимиз Биринчи Президенти Ислом Каримов ўзининг кўплаб асар ва маърузаларида коррупцияга қар­ши кураш масаласини ниҳоятда долзарб муаммо сифатида кўрсатиб ўтган. Хусусан, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов "Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари" номли китобида "...сиёсий жиҳатдан олганда, коррупция амалга оширилаётган ислоҳотларга қаршилик кўрсатиш ифодасидир. Жиноятчилик ва коррупциянинг авж олиши давлатнинг конституциявий асосларини емиради, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари жиддий тарзда бузилишига олиб келади", деб таъкидлаган эди.

Мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуришнинг умумий стратегиясини амалга ошириш доирасида қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш юзасидан қатор чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Тарихан қисқа давр ичида мамлакатда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлашнинг ҳуқуқий асослари шакллантирилди, коррупцияга қарши курашишнинг самарали тизими яратилди. Мазкур йўналишдаги ислоҳотларни амалга ошириш давомида миллий қонунларга халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларини сингдириш масаласига алоҳида эътибор берилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 7 июль кунги қонуни билан мамлакатимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2003 йил 31 октябрь куни қабул қилинган Коррупцияга қарши Конвенциясига қўшилди. Бундан ташқари, 2010 йилда Ўзбекистон Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти Коррупцияга қарши курашиш тармоғининг Истамбул ҳаракат дастурига қўшилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Олий Мажлисга киритилган Ўзбе­кис­тон Республикасининг "Корруп­ция­га қарши курашиш тўғрисида" ги Қонунининг қабул қи­линиши коррупцияга қарши курашиш борасида яна бир муҳим қадам бўлди.

Қонунда коррупцияга қар­ши курашишнинг асосий прин­циплари ҳамда бу борадаги давлат сиёсатининг муҳим йўналишлари, ваколатли ор­ганлар тизими, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамияти инс­титутлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқароларнинг мазкур соҳадаги иштироки белгиланган.

Хусусан, қонунинг 7-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширадилар. Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа давлат органлари ҳам амалга оширади.

Бундан ташқари, қонуннинг 8-моддасига кўра, коррупция­га қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш учун Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил этилади.

Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятларда ва Тошкент шаҳрида коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий идоралараро комиссиялар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этилади.

Шу билан бирга, мамлакатимизда мазкур иллатнинг сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилаяпти, ушбу тоифадаги жиноятчиларга нисбатан қатъий чоралар кўрилмоқда. Давлат хизматчилари ва мансабдор шахсларнинг коррупция домига тушиб қолмаслигини таъминлаш мақсадида ҳукуматимиз томонидан узоқ муддатли чора-тадбирлар дастурлари ишлаб чиқилган бўлиб, уларнинг ижроси доимий назорат қилинаяпти.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, шуни айтиш мумкинки, коррупция макон ва замон танламайдиган, давлат бошқарувига салбий таъсир кўрсатиб, жамият ҳаётини издан чиқарадиган иллатдир. Унга қарши курашиш ҳар бир мамлакатнинг асосий вазифаси, ҳар қандай жамият ва ҳар бир фуқаронинг ўз давлати ва халқи олдидаги бурчидир.

Баходир Худойбердиев,
Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий
прокурорининг ўринбосари

Манба: «Ҳуқуқ» газетасининг 12-сони, 23.03.2017 йил 

24.03.2017

100060, Тошкент шаҳар, Истиқбол
кўчаси, 22.

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси