Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

БОШ МАҚСАДИМИЗ ЮРТ ТИНЧЛИГИДИР

Бугунги кунда мустақиллигимиз ва тинчлигимизни янада мустаҳкамлаш, давлат ва жамият ҳаётини демократлаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги ишлар янги ва юқори сифат босқичларида давом этмоқда.

Таъкидлаш зарурки, Қуролли Кучларда жанговар шайликни, ҳарбий интизом ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, ҳарбий хизматчилар ва оила аъзоларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳамда ижтимоий муҳофазасини амалда тўла рўёбга чиқаришга қаратилган қонунлар ижросини назорат қилишда, мамлакатимиз мудофааси ва хавфсизлиги каби ҳарбий стратегик масалалар ижросини таъминлашда, қўшинларда жиноятчиликнинг олдини олишда ҳарбий прокуратура органлари муҳим ўрин тутади.

1992 йил 8 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси прокуратураси органлари тўғрисида"ги Фармони қабул қилиниб, унга кўра, собиқ Иттифоқ қарамоғидаги Ўзбекистон ССР прокуратураси Ўзбекистон Республикаси прокуратурасига айлантирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1992 йил 14 январь кунги қарорига асосан, республикамиз ҳудудидаги барча ҳарбий тузилмалар Ўзбекистон Республикаси тасарруфига ўтказилди.

Албатта, истиқлолга эришганига ҳали кўп бўлмаган давлатимизнинг Қуролли Кучлари тизимида қонунийликни таъминлаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, ҳарбий интизомни барқарор сақлаш, Миллий армиямизни шакллантириш ва ривожлантириш борасидаги ислоҳотларни самарали амалга ошириш учун прокурор назорати алоҳида аҳамиятга эга эди. Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 28 февраль кунги "Ҳарбий трибуналлар ва ҳарбий прокуратура органлари тўғрисида"ги Фармони билан собиқ Тур­кис­тон ҳарбий округи ҳарбий прокуратураси негизида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ҳарбий прокуратурасига асос солинди. Шу санадан эътиборан, мамлакатдаги барча ҳарбий прокуратуралар республика прокуратурасининг ягона марказлашган тизимига киритилди.

Республика миқёсида ташкил этилган янги ҳарбий тузилмалар қўмондонликлари билан ҳамкорликни янада ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 30 мартдаги Фармонига асосан, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ҳарбий прокуратураси ўрнида Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси ташкил этилди.

Ҳарбий прокуратура ва унинг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар изчиллик билан давом эттирилиб, ўтган 2016 йилнинг 8 август куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратурасининг янги ташкилий-штат тузилмаси тасдиқланди.

Фармонга мувофиқ, Хоразм ва Сирдарё вилоятларида ҳудудий ҳарбий прокуратуралар ташкил этилди. Республика Ҳарбий прокуратураси маҳкамасида янги тармоқлар ва штат бирликлари жорий этилди. Тизимда олиб борилган бу каби ислоҳотлар ҳарбий прокуратуранинг иш самарадорлигини янада оширишга, бошқарув тизимини соддалаштиришга ва такомиллаштиришга ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмоқда.

Ҳарбий прокуратура органлари Қуролли Кучлар ҳарбий қисмлари, корхона, ташкилот ва муассасалари, ўқув юртлари, ҳарбий бошқарув органлари, уларнинг раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахслари томонидан қонунларга риоя этилишини, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматчилар, ҳарбий йиғинга чақирилган ҳарбийга мажбурлар ва бошқа фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган қонунларнинг аниқ ва бир хилда ижро этилиши устидан назоратни амалга оширади.

Бу борада ҳарбий прокуратура органлари ўз фаолиятини Қуролли Кучлар қўмондонликлари билан, шунингдек, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, давлат ҳокимияти, бошқаруви, назорат ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари ва жамоат бирлашмалари билан ҳамкорликда олиб бормоқда.

Жумладан, Республика Ҳарбий прокуратураси томонидан Республика Ҳарбий суди, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, ИИВ Қоровул қўшинлари ва МХХ Чегара қўшинлари қўмондонликлари ҳамкорлигида қўшинларда ҳарбий интизом ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини таъминлаш, ҳарбий хизматчилар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш юзасидан йиллик комплекс режалар тасдиқланиб, уларда белгиланган чора-тадбирлар давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда тизимли равишда амалга оширилмоқда.

Ҳарбий прокуратура ор­ганлари томонидан Қу­ролли Кучлар қўмондонликлари билан ташкил этиладиган мувофиқлаштирувчи кенгашларда армия ҳаётига доир муҳим масалалар муҳокама қилиниб, белгиланган истиқболли вазифалар ижроси таъминлаб келинмоқда. Республика Ҳарбий прокуратураси тасдиқлаган режа асосида, Қуролли Кучлар қўмондонликларидан ва мутасадди ташкилотлардан уй-жой, пенсия, ҳарбий хизматга чақирув, тиббиёт ва бошқа соҳаларга масъул мутахассислар жалб этилган ҳолда республика бўйлаб барча гарнизонларда ҳарбий қисм ва муассасалар ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари иштирокида сайёр шахсий қабуллар доимий ўтказиб келинмоқда. Қабулларда ҳарбий хизматчилар ва оила аъзоларини қизиқтирган ёки уларни қийнаётган масалалар жойнинг ўзида, лозим бўлганда вазирлик даражасида кўриб чиқилиб, ҳал қилиниши таъминланмоқда.

Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 декабрдаги Қарорига асосан муддатли ҳарбий хизматга 2017 йилги чақирув жараёни кетмоқда. Чақирув мавсумида чақирилувчиларни саралаб олишга қўйиладиган талаблар, бу борадаги қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ҳақида ота-оналарга атрофлича тушунтириш бериб бориш учун ҳарбий прокуратура органлари томонидан мутахассислар иштирокида мудофаа ишлари бошқармаларида ҳуқуқий маслаҳатхоналар ташкил этилган.

Шу билан бир қаторда, ҳарбий прокуратура органларининг "Ишонч телефони" рақамлари оммавий ахборот воситалари орқали аҳоли эътиборига етказилиб, ҳарбий хизматчилар ва фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш учун доимий фаолият кўрсатиши таъминланган.

Ҳарбий прокуратура органлари томонидан аҳоли бандлигига кўмаклашиш мақсадида ҳарбий қисм, муассаса ва ҳарбий округлар қўшинлари қўмондонликлари ҳамда маҳаллий ҳокимият органлари билан ҳамкорликда мунтазам равишда "Бўш иш ўринлари" меҳнат ярмаркалари ташкил қилиниб, ҳарбий хизматчиларнинг иш билан банд бўлмаган оила аъзоларини доимий ишга жойлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Шунингдек, 2016 йил "Соғлом она ва бола йили"да ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларини ва турмуш ўртоқларини бепул тиббий кўрикдан ўтказиш, уларнинг жисмонан ва маънан соғлом ривожланишлари учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш ишларига жиддий эътибор қаратилди. Ёш авлоднинг соғ­лиғи ва ҳаётини сақлашга доир қонун ҳужжатлари ижроси устидан назорат текширувлари олиб борилди.

Шу билан бирга, ёшларни ватанпарварлик, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида, эл-юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан тарбиялаш мақсадида умумий, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими муассасаларида, меҳрибонлик уйларида Миллий армиямиз қудрати ва нуфузини, мардлик ва фидойиликни мадҳ этувчи мавзуларда мунтазам равишда учрашувлар ва суҳбатлар ташкил этиб келинмоқда. Жумладан, ўтган йилда аҳоли ўртасида 10 мингга яқин қонунчилик тарғиботи тадбирлари ўтказилди.

Айниқса, она-Ватанимиздаги тинч ва осуда, хавфсиз ва фаровон турмушимизни, эркин ва озод ҳаётимизни асраш, бунинг учун огоҳ ва ҳушёр бўлиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз эканлигидан келиб чиқиб, ҳарбий прокуратура органлари томонидан огоҳлик ва ҳушёрликни ошириш масалаларига қаратилган тарғибот тадбирлари чегараолди ҳудудларда янада жадаллаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2016 йил 19 декабрь куни имзоланган Қонун билан 8 январь — Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари куни деб белгиланиши биз ҳарбий прокуратура ходимларига катта мамнуният, чексиз Ғурур ва ифтихор бағишлади. Муҳтарам Президентимиз томонидан кўрсатилган бу эътибор ва билдирилган ишонч ҳарбий прокуратура органлари зиммасига юксак масъулият юклайди.

Ҳарбий прокуратура органлари қўйилган вазифалар ижросини "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да ҳам янада жадал ва шижоат билан амалга оширади.

Фурсатдан фойдаланиб, ўзим номимдан ва ҳарбий прокуратуранинг бутун жамоаси номидан прокуратура ходимларини касб байрами куни ва Ўзбекис­тон Республикаси прокуратураси ташкил этилганининг 25 йиллиги билан чин қалбимдан табриклайман. Она-Ватанимизга, буюк халқимизга кеча-ю кундуз хизмат қилишдек улкан шараф ва олий бахт ҳеч биримизни тарк этмасин!

Абдурахим Хусанов,
Ўзбекистон Республикаси
Бош прокурорининг ўринбосари —
Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурори
вазифасини вақтинча бажарувчи

Манба: «Ҳуқуқ» газетасининг 2-сони, 08.01.2017 йил

13.01.2017

100060, Тошкент шаҳар, Истиқбол
кўчаси, 22.

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси