Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

ИНСОН УЛУҒ, ҚАДРИ БАЛАНД

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йил 8 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Конс­титуцияси кунига бағишланган тантанали йиғилишда янги йилга ном берар экан, 2017 йилни — "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб эълон қилган эди. Мана шундан бери ҳам бир йил вақт ўтди.

Туманда қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш борасида янада қаттиқроқ ишлашимиз зарур эканлигини анг­лаган ҳолда ишларни режа асосида ташкил этдик. Ўтган даврда барча соҳалар бўйича ўтказилган назорат тадбирлари натижаларига кўра 105 та прокурор назорати ҳужжати қўлланилди, 63 нафар шахс прокурор қарори ва тақдимномалари асосида интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди, тергов ва назорат тадбирларида жами 284 млн. сўмлик зарарлар ихтиёрий қопланди, 3 нафар шахс­нинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Назорат тадбирларида асосий эътибор аҳолининг ижтимоий муҳофазасига уларнинг иш билан бандлигини ҳамда турмуш даражасини яхшилашга, тадбиркорликни ривожлантириш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилди. Хусусан, прокуратура органларининг аралашуви билан қарийб 400 нафар фуқаронинг иш билан бандлиги таъминланди, уларнинг 200 нафари тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга йўналтирилган бўлса, қолган қисми уй шароитидаги касаначилик фаолиятига жалб этилди. Шунингдек, 2 нафар тадбиркорга кредит олишда, 2 нафар фуқарони рўйхатдан ўтиб, фаолият юритишига амалий ёрдам берилди.

Прокуратура ташаббуси билан "Ўзпахтасаноат" АЖ таъсислиги асосида ташкил этилган "Gold Muynak masters" ҳамда "Platinum Muynak" масъулияти чекланган жамиятлари бугунги кунга келиб қарийб 10 млрд. сўмлик тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқараяпти.

Яна бир долзарб масала, жиноятчиликка қарши кураш самарадорлигини таъминлаш мақсадида тезкор-қидирув, суриштирув ва дастлабки тергов органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда муҳтарам Президентимиз белгилаб берган ҳар ҳафтанинг пайшанба куни ўтказилаётган ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ишларини кучайтириш диққат марказимизда бўлди. Кўрилган чоралар бесамар кетмади — туманда ўтган 11 ойда умумий жиноятчилик 39,5 фоизга камайди, оғир жиноятлар 50 фоизга камайган бўлса, ўта оғир жиноятлар содир бўлмади. Шу ўринда таъкидлаб ўтишни истардимки, фаолиятимизда Президентимизнинг жорий йилнинг 28 февраль кунги "Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини 2017-2018 йиллар давомида иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори дастурил­амал бўлди. Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида туманда 72 банддан иборат чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Бугунги кунга келиб Дастурнинг 52 та банди ижроси белгиланган муддатларда бажарилди. Саноат, хизмат кўрсатиш, сервис ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида 52 та тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, уларда юзлаб янги иш ўринлари барпо этилди ва фуқароларнинг бандлиги таъминланди.

Бундан ташқари, ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва турмуш даражасини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ишлаб чиқилган "Йўл харитаси" асосида ишчи гуруҳлар тузилиб, уларнинг иш фаолияти тўла йўлга қўйилди ва ҳозирда белгиланган ишлар амалга оширилмоқда. Фуқаролар, тадбиркорлар, маҳалла ва ижтимоий соҳа объектларига қулай бўлиши учун туман прокурорига бириктирилган 2-сектор ҳудудида, "Мўйноқ саноат-транспорт касб-ҳунар коллежи" биносида марказий штаб ташкил этилди. Давлатимиз раҳбарининг топшириғи билан уйма-уй юриш орқали ўрганилган хонадонларнинг 125 тасида турли муаммолар аниқланиб, шундан 35 таси жойида ҳал этилган бўлса, қолганлари бос­қичма-босқич бартараф этиш учун "Йўл харитаси"га киритилди.

Айни кунларда ҳам ишларимизни сусайтирганимиз йўқ. Барча саъй-ҳаракатлар фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш, муаммоларга тезкор ечимлар топган ҳолда уларга муносиб турмуш шароитлари яратишга қаратилмоқда. Зиммамизга юклатилган масъулият ва вазифаларнинг кенг қамровли эканлигини англаган ҳолда "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак" тамойили асосида фаолият юритиш асосий мақсадимиздир.

Жавлонбек МУФТУЛЛАЕВ,
Мўйноқ туман прокурори

Манба: «Ҳуқуқ» газетаси, № 52, 28.12.2017 йил

28.12.2017

Медиатека

230100, Нукус шаҳар, Ғарезсизлик
кўчаси, 44.

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси