Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

Фаолиятнинг бош мезони

Қорақалпоғистон Республикаси прокурори
Эркабой ТАДЖИЕВ билан суҳбат

— Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йилнинг бошида прокуратура органларининг бир гуруҳ ходимлари билан учрашиб, галдаги вазифалар хусусида сўз юритган эди. Шундан келиб чиққан ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси органлари томонидан қайси йўналишлардаги фаолият кучайтирилмоқда?

— Жорий йилнинг 7 январида ўтказилган учрашувда давлатимиз раҳбари прокуратура органлари ходимлари мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга муносиб ҳисса қўшаётганини­ алоҳида эътироф этди.

Ўтган йиллар мобайнида прокура­тура органлари томонидан қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлигини таъминлаш борасида улкан ишлар амалга оширилди. Аммо Президентимиз таъкидлаганидек, эришилган ютуқлар ўзимизники, унга маҳлиё бўлиб ўтириш ярашмайди. Шу боис Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси органлари аҳолидан келиб тушаётган мурожаатларда баён этилган муаммоларни ва одамларнинг мурожаат қилишига сабаб бўлаётган омилларни ўрганиш, ҳуқуқлари поймол этилган фуқароларнинг ҳимоясини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Президентимиз мазкур учрашувда­ тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантиришда прокуратура органларининг роли ҳақида гапирар экан, қуйидагиларни алоҳида таъкидлаган эди: «Тадбиркор бой бўлса, давлат бой бўлади. Бунинг учун ишбилармонларга кенг шароит яратиб беришимиз лозим. Прокурор тадбиркорга­ кўмакчи бўлиши, у билан ҳамкорликда ишлаши даркор». Ушбу фикр­лар Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси органларининг тадбиркорлик соҳаси вакилларига бўлган эътиборини янада оширди.

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 24 та тадбиркорлик субъектининг ҳуқуқлари тиклангани, 30 нафар тадбиркорга банклардан 6 млрд. 946 млн. сўмлик кредит олишда амалий ёрдам берилгани юқоридаги фикримизни исботлайди.

— Учрашувда профилактика тадбирларини ўтказиш қатъий вазифа этиб белгиланди. Қорақалпоғистон Республикаси прокуратура­си­ органлари томонидан мазкур йўналишда қандай ишлар қилинмоқда?

— Президентимиз мазкур учрашувда алоҳида эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар ҳақида тўхталиб ўтди. Ёшлар ва аёллар ўртасидаги жиноятларнинг камаймаётгани, айниқса, лицей ва коллеж ўқувчиларининг ҳар хил жиноятларга қўл ураётгани шулар жумласидандир. Бундай ҳолатларга бепарво қараб бўлмайди. Шунинг учун ҳам Президентимиз ташаббуси билан ҳар ҳафтанинг пайшанба куни «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни» деб эълон қилинди.

Профилактика тадбирларининг самарали олиб борилиши соҳа ходимларига яратилган иш шароитига ҳам боғлиқ. Шу боис милиция таянч пунктлари инфратузилмасини такомиллаштириш, профилактика инспекторлари турмуш шароитини яхшилаш, улар томонидан бу борада жамоатчилик ҳамда ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда амалга ошираётган ишлари, мавжуд камчилик ва муаммоларини ўрганиш ҳамда бартараф қилиш мақсадида жорий йилнинг 10 мартида республика прокурорининг фармойиши қабул қилинди.

Фармойишга асосан республика прокуратураси, Ички ишлар, Молия вазирликлари ва «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ходимларидан иборат таркибда ишчи гуруҳ ташкил этилди. Унинг асосий вазифаларидан бири милиция таянч пунктлари ва ўзини ўзи бошқариш органларидаги шарт-шароитни, шунингдек, улар томонидан иш юритиш тартиб-қоидаларига риоя қилиниши, мавжуд комиссиялар иши тўғри ташкил этилганини ўрганишдан иборат. Ишчи гуруҳ шу йилнинг 11-12 мартида Хўжайли туманидаги милиция таянч пункт­лари ҳамда ўзини ўзи бошқариш органларида ўрганиш ўтказди.

Шунингдек, 2017 йилнинг 16 мартида тасдиқланган қўшма фармойишга асосан республика ҳудудида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар бошчилигида давлат бош­қаруви органлари ва мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида туман (шаҳар) Ички ишлар бўлимлари ҳамда тиббиёт бирлашмаларида рўйхатга олинган спиртли ичимликка ружу қўйган, гиёҳванд, нотинч ва диний экстремистик оқимга аъзо оилаларда ўрганишлар ўтказилмоқда.­

Шу билан бирга, тузилган ишчи гуруҳ ушбу тоифа шахсларнинг фарзандларини оммавий спортга жалб қилиш, уларни тарихий жойларга, театр ва музейларга олиб бориш чораларини кўрмоқда. Маса­лан, жорий йилнинг 28 мартида Тахтакўпир тумани ҳокимлиги, туман прокуратураси ва ИИБ ходим­ла­ридан иборат ишчи гуруҳ 22 на­фар вояга етмаган болани Нукус шаҳридаги И.Савицкий номи­даги Қорақал­поқ давлат санъат музейи, Ёш томошабинлар қўғирчоқ теат­ри ва бош­қа жойларга олиб борди.

Бундан ташқари, профилактика кунини уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида прокуратура органлари томонидан жиноятчиликка қарши курашиш ва уни профилактика қилиш учун маҳаллаларда, таълим муассасаларида ички ишлар органлари, кенг жамоатчилик ҳамда имом-хатиблар ҳамкорлигида учрашувлар ташкил этилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида 200 та маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғини ҳамда 150 дан ортиқ ўқув муассасасида ана шундай тадбирлар ўтказилди. Бунинг самараси ўлароқ, жорий йилнинг 1 март ҳолатига кўра, қайд этилган жиноятлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 24 тага камайди.

Ҳудудларда йил бошидан буён ҳисобга олинган жиноятларнинг ҳар бири халқ орасида муҳокама қилиниб, уларнинг келиб чиқишига сабаб бўлаётган омиллар ўрганилмоқда.­ Асосий эътибор вояга етмаганлар ўртасидаги жиноятчилик ва унинг профилактикасига қаратилмоқда.

Хусусан, коллеж ва лицейларда тўсатдан текширишлар ўтказилиб, ўқувчиларни дарсга жалб қилишда, тўгараклардан самарали фойдаланишда, коллеж атрофини ободонлаштиришда аниқланган камчиликлар телевидение орқали намойиш этилмоқда. Тизимли камчилик ва сусткашликларни бартараф қилиш ҳамда тегишли чора-тадбирларни белгилаш бўйича мутасадди идораларга аниқ таклиф ва тақдимномалар киритилмоқда.

Жиноятчиликка қарши курашишда ички ишлар тизимидаги ходимларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтириш мақсадида прокуратура органлари томонидан профилактика инспекторларининг иш фаолияти ўрганилиб, тизимли камчиликлар бартараф этилиб, иш самарадорлиги оширилмоқда.

— Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси органларининг фуқаролар ижтимоий ҳуқуқларини­ таъминлашга қаратилган назоратни­ кучайтириш борасидаги фаолияти ҳақида нималар дея оласиз?

— Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси органлари томонидан бу борада қабул қилинган қонун ҳужжатлари талабларининг аниқ ва бир хилда ижро этилиши устидан қатъий назорат ўрнатилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 февралдаги «Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан олиб борилган назорат тадбирларида Марказий банкнинг Қорақалпоғистон Республикаси бош бошқармаси, ғазначилик, инкассация, Давлат солиқ бошқармаларидан маълумотлар олиниб, таҳлил қилинмоқда. Мазкур йўналишда амалга оширилган тадбирлар натижасида республика ҳудудида биринчи даражали тўловлар, шу жумладан, пенсия, иш ҳақи, нафақа ва стипендиялар ўз вақтида тўлаб берилмоқда.

Жорий йилнинг февраль ойида пул тушумига эга субъектларда кунлик нақд пул тушумларини банк кассаларига тўлиқ тушишини таъминлаш юзасидан 12,6 мингта хронометраж ва мониторинг ўтказилди. Ушбу тадбирларнинг тўлиқ ва холис ўтказилиши назоратга олиниб, аниқланган қонунбузилиш ҳолатларига нисбатан тегишли муносабат билдирилмоқда. Масалан, Қонликўл тумани ДСИ томонидан «Бектемиров Даулетияр», «Отабек тонмойин» ва «Асел-Лаззат» якка тартибдаги тадбиркорлик субъектларида юзаки хронометражлар ўтказгани, маълумотларни тўлиқ тўлдирмагани учун бош инспекторлар Ш.Қаражанов, Б.Успанов ва В.Умарова интизомий жавобгарликка тортилди.

Бу борада қонун ҳужжатларининг ижросига эришиш, мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш, қонунбузилишларнинг олдини олиш мақсадида ўтказилган тадбирлар натижаларига кўра, 84 нафар шахс расман огоҳлантирилиб, 137 нафарига нисбатан интизомий, 12 нафарига нисбатан эса маъмурий иш қўзғатилди.

Албатта, аҳолига биринчи даражали тўловлар, иш-ҳақи, пенсия ҳамда стипендияларнинг тўлиқ ва ўз вақтида тўланиши республикада нақд пул сиёсатининг тўғри юритилишига боғлиқ. Шунинг учун ҳам республика прокуратураси томонидан тегишли вазирлик ва идораларга топшириқлар берилиб, туман ва шаҳар ҳудудларида пул тушумига эга бўлган, лекин пул кредит сиёсати комиссияси прог­ноз кўрсаткичларига киритилмаган 1600 дан ортиқ субъектни рўйхатга киритиш ва таҳлил қилиш орқали пул тушумини кўпайтириш чоралари кўрилмоқда.

Шунингдек, прокуратура органла­ри томонидан бир қатор ташкилотлар­ билан ҳамкорликда ҳудудларда транспорт хавфсизлигини таъминлаш ҳамда аҳолига ноқонуний транспорт хизматини кўрсатиш фаолиятига чек қўйиш борасида назорат тадбирларини ташкил этиш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар режаси­ ишлаб чиқилди. Мазкур режа асосида тегишли рухсатномасиз пуллик­ хизмат кўрсатаётган 187 нафар фуқа­рога баённомалар расмийлаштирилиб, 1072 та автотранспортга тегиш­ли лицензия берилди.­ Ушбу ҳолат аҳолининг мазкур маса­лага бўлган муносабатини ижобий томонга ўзгарти­риб, лицензия олувчи­лар сонининг ошишига сабаб­ бўлмоқда. Ҳозир­ги кунга қадар ушбу­ хизмат­лар­ ҳисобидан давлат бюдже­тига 184,9 млн. сўмлик бож тўлови ундирилди.­

Прокуратура органлари ташаббу­си­ билан бу борадаги ишларни кучай­тириш бўйича мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда махсус­ гуруҳлар тузилган. Ушбу гуруҳлар томонидан олиб борилаётган тадбирлар натижасида коммунал тўловларнинг ундирилиши таъминланмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 1 январь ҳолатига 30,5 млрд. сўмлик электр энергияси бўйича қарздорлик март ойига келиб 357,8 млн.­ сўмга камайди. Аҳолининг табиий газдан 57,7 млрд. сўмлик, улгуржи истеъмолчилардан 14,4 млрд. сўмлик қарзи ундирилди.

— Фуқароларнинг асосли мурожаатларини ҳал этиш орқали ҳам уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш мумкин. Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасига келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

— Асосий қонунимизга кўра, мамлакатимизда яшаётган ҳар бир шахс ҳар қандай давлат органи ёки муассасасига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Ҳар бир мурожаат ортида эса инсон тақдири, обрўси, шаъни ва қадр-қиммати ётади.

Шуни ҳисобга олган ҳолда, Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси, шаҳар ва туман прокуратураларида жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакилларининг мурожаат этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Масалан, фуқароларни қабул қилиш, тадбиркорлар хоналари ташкил этилган. Шу билан бирга, мурожаатлар узлуксиз қабул қилинадиган «Ишонч телефон»лари ишлаб турибди.

Жорий йилнинг ўтган даврида республика прокуратураси органларига 4320 га яқин мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 1653 таси бевосита прокуратура органлари томонидан ҳал этилиб, шундан 426 таси қаноатлантирилиб, 1142 тасига тушунтириш берилган. Натижада 500 нафарга яқин шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Мурожаатларнинг холис ва ўз вақтида ҳал этилиши, инсон ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг ҳимоя қилинишига алоҳида эътибор қаратилиб, аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини прокурор назорати ҳужжатларини қўллаш орқали бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

Мисол учун, Беруний туманидаги «Асқар Акфа» МЧЖ раҳбари А.Халменов прокуратурага мурожаат қилиб, «Қизилқалъа» ОФЙ ҳудудидан ғишт ишлаб чиқариш цехи қуриш учун ер ажратишда амалий ёрдам сўраган. Ушбу мурожаатга асосан Беруний тумани ҳокими қарори билан МЧЖга 19,3 га. ер ажратилди. Бунинг натижасида 25 та янги иш ўрни яратилди.

Фуқароларга қулайликлар яратиш мақсадида республика прокуратураси бошқа идоралар билан биргаликда яшаш ва иш жойларида, айниқса, марказдан узоқ ҳудудларда жадвал асосида сайёр қабулларни ташкил этмоқда. Ушбу қабуллар натижасида прокуратура органлари томонидан муаммоларни жойи­да ҳал этиш билан бир қаторда, қонунчиликда бўлаётган ўзгаришлар ва амалга оширилаётган исло­ҳотларнинг мақсади, мазмун-моҳия­ти ижрочиларга ҳамда аҳолига тушунтирилмоқда.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш сифатини ошириш учун республикамизнинг барча ҳудудларида Халқ қабулхоналари ташкил этилган. Бугунги кунга қадар Қорақалпоғис­тон Республикаси Халқ қабулхонаси орқали прокуратура органларига 197 та мурожаат келиб тушган бўлса, улардан 134 таси ҳал қилиниб, шундан 14 таси қаноатлантирилган. Ушбу мурожаатлардан 119 тасига тегишли тушунтиришлар берилиб, қолган 57 та мурожаат кўриб чиқилмоқда. Ушбу ишлар натижасида эса 14 нафар фуқаронинг ҳуқуқлари тикланди.

Мурожаат ёки шикоятлар ижтимоий ҳаётдаги муаммолар ва жамият кайфиятини ўрганиб боришда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шундай экан, ҳар бир мурожаатни беэътибор қолдирмай, уни ўз вақтида ҳал қилиш фаолиятимизнинг бош мезони бўлиб қолаверади.

Маъмуржон ПАРПИЕВ
суҳбатлашди

Манба: “Ҳуқуқ ва бурч” журналининг 3-сони

30.03.2017

Медиатека

230100, Нукус шаҳар, Ғарезсизлик
кўчаси, 44.

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси