Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

МУАММОЛАР ЕЧИМИНИ ТОПИШИ КЕРАК

Халқимиз ҳаётида юз бераётган ижобий ўзгаришлардан бири давлат органлари халққа хизмат қиладиган, барча даражадаги ҳокимлар ва мутасадди раҳбарлар аҳоли олдида ҳисобот берадиган тизим жорий этилаётганидир. Бу бир томондан, мазкур органлар фаолиятида ошкораликнинг таъминланишига замин яратса, иккинчи томондан, уларнинг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш имконини беради.

Фикримизни Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси органлари фаолияти мисолида давом эттирадиган бўлсак, ўтган 2016 йил давомида прокурорлар томонидан халқ депутатлари кенгашлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига қонунийлик аҳволи тўғрисида 106 та ахборотлар берилди, кенгаш йиғилишларида 53 маротаба прокурорларнинг ҳисоботи эшитилди. Ҳисоботларда келтирилган маълумотларга тўхталар эканмиз, прокуратура органлари томонидан қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган тадбирлар натижасига кўра 4593 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилиб, 6085 киши, шу жумладан, 1052 та юридик шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланганлигини қайд этиш лозим.

Маълумки, Ўзбекистон демографик жиҳатдан минтақадаги энг йирик давлат ҳисобланади ва бугунги кунда юртимизда яшовчи аҳоли сони барқарор ўсишда давом этмоқда. Албатта, ушбу ҳолат ўз навбатида уларнинг таълим-тарбиясига жиддий эътибор бериш ва кўплаб янги иш ўринларини яратишни ҳам тақозо этади. Таъкидлаш керакки, прокуратура органлари ушбу масалаларга оид қонунларга риоя қилинаётган ҳолатларни назорат қилиб бормоқда. Хусусан, ўтган йил давомида банд­ликка кўмаклашувчи марказларга ишга жойлаштириш масаласида мурожаат қилган 20 416 нафар фуқаронинг 19 963 нафарини иш билан таъминлашга эришилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тасдиқлаган иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурига биноан 50 552 та янги иш ўрни яратилди. Афсуски, олиб борилган ўрганишлар давомида дастур ижросини таъминлашга масъул бўлган баъзи идораларнинг мансабдор шахслари томонидан айрим ҳолларда иш ўринларини қўшиб ёзиш ҳолатлари ҳам аниқланиб, кўзбўямачиликка йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан кескин чоралар кўрилди.

Шу ўринда яна бир жиҳатга тўхталадиган бўлсак, иш ўрни яратиш билан ишлаётган ходимга ўз вақтида ҳақ тўлаш масаласи, албатта бир-биридан фарқ қилади. Кўрилган чораларга қарамасдан йил якунида мониторингга олинган давлат идоралари, уюшма ва йирик корхоналарда иш ҳақидан қарздорлик 3,7 млрд. сўмни ташкил этди. Бундай ҳолатларнинг сабаблари таҳлил қилиниб, қонун бузилишига йўл қўйган мансабдорларга нисбатан кескин чоралар кўриб борилмоқда.

Масалан, "Миллий банк"нинг Хўжайли тумани филиали бош­қарувчиси Т.Халиқназаров 2016 йил ноябрь-декабрь ойларида жами 40 та бюджет ташкилотининг 73 млн. 380 минг сўмлик иш ҳақини нақд пул билан таъминлашни асоссиз кечиктиргани учун маъмурий жавобгарликка тортилди. "Шимолгазтаъминот" унитар корхонасининг Тўрткўл тумани филиали томонидан 119 нафар ходимга 2016 йил ноябрь ойи учун берилиши лозим бўлган иш ҳақлари берилмай турганлиги аниқланиб, жами 63,6 млн. сўмлик иш ҳақини ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро судига даъво аризаси киритилиб, суд томонидан ариза қаноатлантирилди.

Ҳозирги кунда аҳолини иш билан таъминлашда, аҳолининг фаровон ҳаёт даражасини оширишда ишбилармонлик катта аҳамиятга эгадир. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида: "Бизнинг яна бир муҳим вазифамиз — кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, мамлакатимиз иқтисодий қудратини, юртимизда тинчлик ва барқарорлик, ижтимоий тотувликни мустаҳкамлашдан, бу соҳа улушини янада ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиб беришдан иборат. Нега деганда, тадбиркор нафақат ўзини ва оиласини, балки халқни ҳам, давлатни ҳам боқади. Мен такрор бўлса ҳам, айтишдан ҳеч қачон чарчамайман, яъни "Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади", дея таъкидлагани бежиз эмас.

Шу боис тадбиркорлик билан боғлиқ кўплаб қонун ҳужжатлари қатори Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрь кунги "Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони ижросини сўзсиз таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Жумладан, прокуратура органлари аралашуви билан тадбиркорларнинг 15 нафарига 29,7 га. ер майдони ажратилиб, 7 нафарига 170 млн. сўмдан ортиқ кредит маблағлари олиб берилди. 3 нафаридан ортиқча ундирилган 10 млн. 380 сўм пул маблағларининг қайтариб берилиши таъминланди.

Бундан ташқари, улардан 303 нафарига юклатилган ноқонуний мажбуриятлар бекор қилинди ва 137 нафар тадбиркорнинг фаолиятида юзага келган тўсиқлар бартараф қилинди.

Назорат тадбирларида тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қиладиган қонунда назарда тутилмаган чекловлар аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, фаолият кўр­сатмаётган 708 та кичик бизнес субъекти вакиллари билан ўтказилган суҳбат, кўрсатилган ёрдам ва ҳуқуқий тушунтиришлар давомида айримларининг фаолияти қайта тикланди.

Масалан, "Нукус шифер" Қорақалпоқ-Хитой қўшма корхонаси вакили билан учрашувда корхона 2014 йилдан бошлаб ишламаётганлиги, солиқлардан қарзи борлиги ва таъсисчилар фаолиятни тугатиш ниятида юргани аниқланиб, амалдаги ягона ер солиғи 6 фоиздан 0,95 фоизга камайтирилгани ва шу каби бошқа имтиёзлар мавжудлиги тушунтирилгач, корхона раҳбарлари мажбурий тўловлардан қарзини тўлаб, фаолиятини қайта йўлга қўй­ди.

Тадбиркорлардан келиб тушаётган мурожаатлар асосан Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан кўриб чиқилмоқда. 2016 йили улардан келиб тушган жами 379 та мурожаатнинг 132 таси қаноатлантирилди, 247 таси бўйича муаллифларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Жорий йилда ҳам халқнинг турмуш-шароитини яхшилаш борасида қатор ишларни амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди. Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрган чоғида берган кўрсатмалари ва Қо­рақалпоғис­тон Республикаси ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, халқнинг турмуш даражасини янада яхшилашга доир тегишли ҳуқуқий ҳужжатлар шулар жумласидандир. Улар асосида Қорақалпоғистон Республикасида биринчи навбатда Қонликўл ва Қўнғирот туманларида чорвачилик ва мева-сабзавотчиликни ривожлантириш мақсадида 30 млн. доллар миқдорида кредит ва маблағлар ажратиш, Мўйноқ тумани аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, Нукус шаҳри ва барча туманларда маданият ва дам олиш хиёбонлари барпо этиш каби ишлар белгиланди.

Ушбу белгиланган вазифаларни бажариш юзасидан олиб борилган ишлар натижасида яқинда "Шўманой Голд Экс­пресс" ва "Шўманой Мега Транс" масъулияти чекланган жамиятлари ташкил этилиб, уларга бевосита Президентимиз томонидан имтиёзли кредитлар ҳисобидан 10 дона "isuzu" маркали автобус ва 15 дона "Дамас" автомашиналари олиб берилди.

Шунингдек, Президентимизнинг ташаббуслари асосида қисқа муддатда Мўй­ноқ тумани аҳолисининг бандлигини таъминлаш мақсадида "Gold Muynak masters" масъулияти чекланган жамиятида 158 нафар, туман ҳудудидан 18 километр узоқликда жойлашган "Учсой" қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қи­лаётган 100 нафар ишсиз хотин-қизлар касаначилик билан шуғулланиш имконига эга бўлди. Мазкур ишлар натижасига кўра туман бўйича 258 нафар хотин-қиз­лар бандлиги таъминланди.

Ўтган йилга юртимизда "Соғлом она ва бола йили" деб ном берилгани бежиз эмас. Чунки оналар соғлиғи, фарзандлар баркамоллиги доимий эътиборимизда туриши керак бўлган масалалардандир. Ҳар қандай давлат келажагини бу икки масалага қандай муносабатда бўлинаётганига қараб билиб олса бўлади. Бу борада юртимизда кўплаб қонун ҳужжатлари қабул қилинган ва ижро этилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастури билан мутасадди вазирлик ва идоралар зиммасига юкланган вазифаларнинг бажарилиши мунтазам назорат қилиб борилди.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, 2016 йил вояга етмаганлар томонидан 50 та жиноят содир этилган. Бу кўрсаткич аввалги йилдаги кўрсаткичдан ошмаган бўлса-да, унда иштирок этган вояга етмаганларнинг сони 13 тага ошиши, шунингдек, вояга етмаганларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг кўпайиши таълим-тарбия борасида оилаларда, маҳаллаларда, таълим муассасаларида ўз ечимини кутаётган масалалар мавжудлигини кўрсатади. Бу ҳолатларнинг асл сабаблари таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланди ва ижрога қаратилди.

Республика прокуратураси томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ўз вақтида, тўлиқ ва холисона кўриб чиқилишини таъминлашнинг барча чоралари кўриб борилмоқда. Жами келиб тушган 12 762 та мурожаатнинг 6289 таси бевосита прокуратура органларида ҳал этилиб, шундан 1707 таси қаноатлантирилди ва 2757 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқ­лари тикланди. Ариза ва мурожаатларни ўрганиб чиқиш вақтида аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини прокурор назорати ҳужжатлари қўл­­лаш орқали бартараф этиш чоралари кўрилди.

Жумладан, Беруний туманидаги "Жамшид" МЧЖ раҳбари К.Ходжамуратовнинг қурилиш фаолиятини кенгайтириш мақсадида банкдан 500 млн. сўм кредит олишда ёрдам беришни сўраб қилган мурожаати ўрганиб чиқилди. Натижада унга АТ "Халқ банки"нинг туман филиали томонидан кредит ажратилиши таъминланди.

Шунингдек, Шўманай туманидан "Исмайлова Рита" хусусий корхонаси раҳбари М.Бабаевнинг соғломлаштириш комплекси қуриш учун ер майдонини ажратишда ёрдам сў­раб ёзган мурожаати туман прокуратураси томонидан ўрганиб чиқилди. Прокуратура ёрдами билан туман ҳокимлиги томонидан 0,42 га. ер майдони ажратилиб, мурожаат қаноатлантирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қа­булхонаси орқали келиб тушган мурожаатларнинг Қорақалпоғистондаги давлат бошқаруви, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, назорат ва бошқа органлар томонидан ҳал этилиши Республика прокуратураси назоратига олиниб, мунтазам таҳлил этилмоқда.

Прокуратура органлари ходимлари томонидан ҳисобот даврида 5040 нафар фуқаро, шу жумладан юридик шахсларнинг 141 нафар вакили қабул қилинди. Фуқароларга қулайликлар яратиш мақсадида Республика прокуратурасининг ходимлари бошқа идоралар билан биргаликда яшаш ва иш жойларида, айниқса, марказдан узоқ ҳудудларда жадвал асосида сайёр қабуллар ташкил этмоқда. Сайёр қабуллар вақтида 752 нафар ишчи-ходим меҳнат жамоаларида, 673 нафар фуқаро яшаш жойларида қабул қилинди.

Жисмоний ва юридик шахс­ларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифатини ошириш мақсадида жойларда "Халқ қабулхонаси" ташкил этилди. Қорақалпоғистон Республикасида ташкил этилган "Халқ қабулхонаси"да ҳам прокуратура органлари ходимларининг қабули белгиланган.

Прокуратура органлари томонидан қонунчилик тарғиботи тадбирларининг сифатли ва самарали бўлишига, бу жараёнда қонунчиликда бўлаётган ўзгаришлар ва амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини бевосита ушбу қонун ижросига масъул шахсларга ҳамда аҳолига етказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, давр­нинг ўзи бугун янгича фикрлаш, янгича ишлашни тақозо қилмоқда. Хусусан, ҳар ишда халқ билан кенгашиш, унинг манфаатларини ҳисобга олиш, ватан равнақига хизмат қилиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.

Эркабой ТАДЖИЕВ,
Қорақалпоғистон Республикаси прокурори

Манба: «Ҳуқуқ» газетасининг 8-сони, 23.02.2017 йил

24.02.2017

Медиатека

230100, Нукус шаҳар, Ғарезсизлик
кўчаси, 44.

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси