Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

ДАВР ТАЛАБИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 8 августдаги "Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори жойларда ишларни тўғри ва намунали ташкил этишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Мазкур қарор талабларининг ижросини таъминлаш мақсадида 2017 йил 11 августда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 565-сонли қарори қабул қилинди. Жорий йил 17 ва 26 август кунлари эса, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида барча туман (шаҳар) ҳокимлари, прокурорлари, ички ишлар бўлими ва солиқ инспекцияси бошлиқлари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, ушбу қарордан келиб чиқадиган вазифалар юзасидан атрофлича тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди ҳамда Жўқорғи Кенгес Президиумининг 216-сонли қарори қабул қилинди. Қарорга биноан Нукус шаҳри ва 15 та туман 4 та секторга бўлиниб, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, Қорақалпоғис­тон Республикаси прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар Вазири ва Қорақалпоғистон Республикаси Солиқ бошқармаси бошлиғи сектор раҳбарлари этиб белгиланди. Ҳар бир секторнинг 30 га яқин вазирлик, идора ва ташкилотларнинг вакилларидан иборат ишчи гуруҳи таркиби тасдиқланди.

Ҳозирда барча сектор раҳбарлари ва аъзолари уйма-уй юришни ҳисобга олиш дафтари билан таъминланди. Улар ўзига бириктирилган ҳудудларни тўлиқ айланиб чиқиш режасини ишлаб чиқиб, шу асосда фаолият олиб боришмоқда. Ҳудудларда махсус штаб ташкил этилган, уларда кундалик иш натижалари сарҳисоб қилиниб, муаммолар ҳал этилмоқда. Штабларда фуқароларни ва корхона мутасаддиларини қабул қилиш учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Мўйноқ, Қўнғирот, Шуманай, Қонликўл ва Амударё туманларида бугунги кунда 119 та маҳалла фуқаролар йиғинлари ва 67 минг 749 та хонадон бор. Уларда 450 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Ушбу туманларда 12454 та эҳтиёжманд оила мавжуд. Сектор аъзолари ҳар бир хонадонга ташриф буюриб, аҳолининг яшаш шароитлари, уларни ташвишга солаётган муаммолар билан қизиқмоқдалар. Муаммоларнинг аксарият қисми жойида бартараф этилиб, муҳтожларга амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Баъзи муаммоларни бартараф қилиш бўйича чоралар белгиланиб, "Йўл харитаси"га киритилди. Булардан таш­қари, шаҳар ва туманлар маҳаллий бюджетларининг 2017 йил иккинчи чораги даромадлар режасидан ортиқ бажарилган қисми ҳисобидан барча туманларга 300-500 млн. сўмдан маблағ ажратилиб, аниқланган камчиликларни бартараф қи­лишга йўналтирилмоқда. Кўп қаватли уйларнинг томини ёпиш, муҳандислик-коммуникация ва канализация тармоқларини капитал таъмирлаш, аҳоли дам оладиган сайилгоҳларни, майдон ва хиёбонларни ободонлаштириш ишлари шулар жумласидандир.

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш ор­ганлари ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда жамиятимизда юз бераётган жиноятчилик ҳамда ҳуқуқ­бузарликларнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар доирасида халқ билан бевосита учрашув ва суҳбатлар ўтказмоқда. Бу каби мулоқотлар ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бугунги кунга қадар 263 нафар тадбиркорнинг муаммолари ҳал этилди. Уларнинг 58 нафарига 12 миллиард 259 милллион сўм кредит, 12 нафарига 237 гектар ер майдони, 4 нафарига бино ажратишда, 6 нафарига лицензия олишда, 11 нафарига коммуникация тармоқларига уланишда ва 187 нафарига эса бошқа масалаларда ёрдам кўрсатилди. Натижада, 77 та тадбиркорлик субъекти ташкил этилди ва 273 та янги иш ўрни яратилишига эришилди.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятидаги мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Хўжайли туманида фаолият юритаётган "Планет рай" МЧЖ раҳбари А.Ибрагимовнинг сутдан ҳар хил маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун кредит ажратишда амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати ўрганилиб, унга "Халқ банки" Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан кредит ажратиш таъминланди. Ходимларимиз сайъ-ҳаракатлари билан коммунал тўловлардан қарздорликни камайтириш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилди. 2017 йил 30 августга қадар Қорақалпоғистонда электр энергиясидан қарздорлик 29,3 миллиард сўмни ташкил этган. "Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари" акциядорлик жамияти томонидан фуқаролик ва хўжалик судларига 9,1 млрд. сўмлик 4166 та даъво аризалари киритилиб, 6,7 млрд. сўм қарзлар ундирилди. Табиий газдан қарздорлик эса 70,7 млрд. сўмни ташкил этади. Ҳозирги кунда Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан қарзларни ундириш ва аниқлаш йўналишида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, туман-шаҳар прокурорларининг амалий ёрдами билан жами 1026 нафар ишсиз фуқарони ишга жойлаштириш чоралари кўрилди.

Шу билан бирга, Республика прокуратураси органлари томонидан Бандлик дастурининг ижросини таъминлаш мақсадида ишчи гуруҳ ташкил қилиниб, мавжуд бўш иш ўринлари "Халқ қабулхоналари"га тақдим қилиниб, иш сўраб мурожаат қилган шахсларга бўш иш ўринларини таклиф қилиш амалиёти йўлга қўйилди.

Кам таъминланган, ногирон ва ёлғиз фуқароларга ёрдам қўлини чўзиш инсоний бурчимиз, давр талабидир. Шу боисдан ҳам аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Тўрткўл туманида ёлғиз кексаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг соғ­лиғини муҳофаза қилишга қаратилган қатор тадбирлар ўтказилди. Аниқланишича, Тўрткўл туманида жами 123 нафар ёлғиз фуқаро бор, уларнинг 71 нафарига ижтимоий хизмат кўрсатилган, 52 нафарини бепул озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш йўлга қўйилган. Уларнинг ҳолидан хабар олиш, кунлик назорат ўрнатиш мақсадида туман тиббиёт бирлашмаси томонидан 19 нафар ижтимоий ходим бириктирилган.

Ишчи гуруҳ томонидан олиб борилган тадбир давомида жами 123 нафар ёлғиз фуқароларнинг хонадонларига кирилиб, уларнинг яшаш шароитлари, мавжуд муаммолари ўрганилди. Тадбирлар давомида муҳтож фуқароларга манзилли хизмат кўрсатишни ташкил этиш мақсадида чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, шу асосида ишлар амалга оширилмоқда.

Ерпулат КАИПБЕРГЕНОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг ўринбосари

28.09.2017

Медиатека

230100, Нукус шаҳар, Ғарезсизлик
кўчаси, 44.

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси