Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

Муаммолар жойида ҳал этилмоқда

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, биринчи навбатда, жамоатчилик олдида ҳисобот бериш шакллари ҳамда услубларини тубдан такомиллаштириш, аҳолининг ҳаёт сифати ва даражасини юксалтириш, давлат органлари раҳбарлари масъулиятсизлиги ҳолатларининг юзага келишига қатъий барҳам бериш ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида 2017 йил 8 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор ижросини таъминлаш юзасидан Учтепа туман "Қўрғонтепа" маҳалласи биносида 2-сектор штаби ташкил этилди. Сектор ҳудудида 17 та маҳалла мавжуд бўлиб, улардаги 17 минг 528 та хонадонда 67 минг 491 нафар аҳоли истиқомат қилади.

Сектор ҳудудида истиқомат қилувчи аҳолининг муаммоларини аниқлаш, уларни жойида бартараф этиш бўйича чоралар кўриш, аниқланган муаммоларни ҳар томонлама чуқур таҳлил қилиш ва умумлаштириш асосида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича "Йўл харитаси"га таклифлар киритиш мақсадида туманда фаолият олиб бораётган мутасадди идора ходимлари иштирокида ишчи гуруҳлар шакллантирилди ҳамда ҳар бир ишчи гуруҳ аъзосига секторда жойлашган маҳаллалар тақсимланди.

Ишчи гуруҳлар томонидан дастлаб сектор ҳудудида истиқомат қилаётган кам таъминланган оилалар, вояга етмаганлар, пенсионер ва нафақахўрлар, ногиронлар ҳамда ёлғиз кексалар аниқлаб олинди ва биринчи навбатда мазкур оилаларга ташриф буюрилиб, улар дуч келаётган мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларга ўз вақтида барҳам бериш бўйича ишлар йўлга қўйилди. Жумладан, 2-сектор раҳбари томонидан туманда истиқомат қилувчи фуқаро Л.Пардаеванинг хонадонига чиқилганда, унинг турмуш ўртоғи вафот этганлиги, 3 нафар вояга етмаган фарзандини ёлғиз ўзи тарбиялаётганлиги, айни вақтда ишсизлиги сабабли оиласининг моддий аҳволи оғирлиги маълум бўлди. Мазкур масала сектор раҳбари томонидан бевосита назоратга олинди ва фуқаро Л.Пардаева Учтепа туман санитария-эпидемиология марказига ишга жойлаштирилди.

Шунингдек, "Ибрат" маҳалласидаги 221-уйда яшовчи фуқаро Н.Мақсудованинг унинг синглиси ногирон эканлиги, уни васийликка олиш тўғрисидаги ҳужжатларни расмийлаштиришда муаммоларга дуч келганлиги аниқланди. Мазкур масаланинг ҳам сектор раҳбари томонидан бевосита жойида ижобий ҳал этилиши таъминланди.

Шу билан бирга, "Хайратий" маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро С.Усмонов билан ўтказилган суҳбат давомида фуқаронинг турмуш ўртоғи ва синглиси 2-гуруҳ ногирони эканлиги аниқланиб, Учтепа тумани тиббиёт бирлашмаси билан биргаликда, С.Усмоновнинг турмуш ўртоғи ва синглисини Тошкент шаҳар Шошилинч клиник шифохонасида даволанишга ётқизиш ҳамда "Товоқсой" санаториясида даволаниш учун рўйхатга киритиш масалалари жойида ҳал этилди.

Ҳозирги кунга келиб, ишчи гуруҳлар томонидан умумий ҳисобда сектор ҳудудида жойлашган 5 минг 630 та хонадонга чиқилиб, суҳбатлар ўтказилди. Аниқланган муаммолардан 501 таси жойида бартараф этилган бўлса, 1 576 та муаммо ижрога қаратилди. Шунингдек, ишчи гуруҳ томонидан маҳаллаларда аниқланган муаммоларни таҳлил қилиш ва умумлаштириш асосида бевосита жойида бартараф этиш имкони бўлмаган 64 та муаммо туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича "Йўл харитаси"га киритиш учун таклиф сифатида тақдим этилди.

Элбек ИНОМЖОНОВ,
Учтепа туман прокурори

28.09.2017

100115, Тошкент шаҳар, Чилонзор
кўчаси, 6.

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси