Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИ ОДАМ САВДОСИГА ҚАРШИ КУРАШИШ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ

ОДАМ САВДОСИГА ҚАРШИ КУРАШИШ САМАРАДОРЛИГИНИ
ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари
тўплами, 2008 й., 28-сон, 268-модда)

Ўзбекистон Республикасининг «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида» 2008 йил 17 апрелдаги Қонунига мувофиқ ҳамда одам савдосига қарши курашиш фаолиятини такомиллаштириш мақсадида:

1. 2008—2010 йилларда одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича Миллий тадбирлар режаси 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1-илова рус тилидаги матнда берилган.

2. Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари 2008—2010 йилларда одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича Миллий тадбирлар режасига киритилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминласин.

3. Одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика Идоралараро комиссияси 2-иловага* мувофиқ таркибда тузилсин.
Маълумот учун қабул қилинсинки, Ўзбекистон Республикасининг «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ Республика Идоралараро комиссиясининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
одам савдосига қарши курашиш соҳасида давлат органлари, фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш;
одам савдосига имконият яратувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш ишлари самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирларни ташкил қилиш;
одам савдоси кўлами, ҳолати ва тенденциялари тўғрисида ахборот тўплаш ва таҳлил этиш;
ҳудудий идоралараро комиссиялар фаолиятини мувофиқлаштириш;
одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам кўрсатиш ва ҳимоя қилиш ишларини яхшилаш бўйича таклифлар тайёрлаш;
одам савдосига қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш;
одам савдосига қарши курашиш масалалари тўғрисида аҳолини хабардор қилиш тадбирларини ташкил этиш.
* 2-илова рус тилидаги матнда берилган.

4. Одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика Идоралараро комиссияси тўғрисидаги низом 3-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
Белгилансинки, Одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика Идоралараро комиссиясининг ваколатига кирадиган масалалар бўйича қарорлари барча вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, жамоат ташкилотлари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан бажарилиши шарт.
* 3-илова рус тилидаги матнда берилган.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари одам савдосига қарши курашиш бўйича ҳудудий идоралараро комиссияларни тузсин ва фаолиятини ташкил этсин.
Белгилаб қўйилсинки, одам савдосига қарши курашиш бўйича ҳудудий идоралараро комиссияларга тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари бошчилик қилади.

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам кўрсатиш ва ҳимоя қилиш бўйича ихтисослаштирилган муассасалар тузиш ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш, ушбу муассасалар томонидан одам савдосида жабр кўрганларни ижтимоий жиҳатдан тиклаш ишларини амалга ошириш юзасидан қарор қабул қилсин ҳамда одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам кўрсатиш ва ҳимоя қилиш бўйича ихтисослаштирилган муассасалар тўғрисидаги низомни тасдиқласин.

7. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси И.Б. Абдуллаев зиммаларига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси
Президенти                                                          И. КАРИМОВ

Тошкент ш.,
2008 йил 8 июль,
ПҚ-911-сон

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси