Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ
ҚОНУНИ
 
ОДАМ САВДОСИГА ҚАРШИ КУРАШИШ ТЎҒРИСИДА

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами,
2008 й., 16-сон, 118-модда)
  
Қонунчилик палатаси томонидан 2008 йил 18 мартда қабул қилинган
Сенат томонидан 2008 йил 27 мартда маъқулланган
 
1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Одам савдосига қарши курашиш
                  тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
Одам савдосига қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг одам савдосига қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
одам савдосига қарши курашиш — одам савдосининг олдини олиш, уни аниқлаш, унга чек қўйиш, унинг оқибатларини минималлаштириш, одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича фаолият;
одам савдоси — куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд бошқа мажбурлаш шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун уни тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш орқали одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш. Одамлардан фойдаланиш бошқа шахсларнинг фоҳишалигидан фойдаланишни ёки улардан шаҳвоний фойдаланишнинг бошқа шаклларини, мажбурий меҳнат ёки хизматларни, қуллик ёки қулликка ўхшаш одатларни, эрксиз ҳолат ёхуд инсон аъзолари ёки тўқималарини ажратиб олишни англатади;
одам савдоси билан шуғулланувчи шахс — мустақил равишда ёки бир гуруҳ шахслар таркибида одам савдоси билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракатни содир этувчи жисмоний ёки юридик шахс, шунингдек ўз ҳаракатлари билан одам савдосига кўмаклашадиган, худди шунингдек гарчи ўз мансаб ваколатларига кўра тўсқинлик қилиши ва қарши курашиши шарт бўлса ҳам одам савдосига тўсқинлик қилмайдиган ёки қарши курашмайдиган мансабдор шахс.

4-модда. Одам савдосига қарши курашишнинг
                  асосий принциплари
Одам савдосига қарши курашиш қуйидаги асосий принципларга асосланади:
қонунийлик;
одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар жавобгарлигининг муқаррарлиги;
одам савдосидан жабрланганларнинг камситилишига йўл қўймаслик;
ижтимоий ҳамкорлик.
 
2-боб. Одам савдосига қарши курашишни
ташкил этиш

5-модда. Одам савдосига қарши курашиш бўйича
                  фаолиятни амалга оширувчи давлат
                  органлари
Одам савдосига қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари қуйидагилардан иборат:
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги;
Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати;
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари;
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Одам савдосига қарши курашиш фаолиятини қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа давлат органлари ҳам амалга ошириши мумкин.

6-модда. Одам савдосига қарши курашиш
                  бўйича идоралараро комиссиялар
Одам савдосига қарши курашишни амалга оширувчи давлат органларининг фаолиятини мувофиқлаштириш учун одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика Идоралараро комиссияси (бундан буён матнда Идоралараро комиссия деб юритилади) тузилади. Идоралараро комиссияни шакллантириш ва унинг фаолияти тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда одам савдосига қарши курашиш бўйича ҳудудий идоралараро комиссиялар (бундан буён матнда ҳудудий идоралараро комиссиялар деб юритилади) ҳам тузилиши мумкин.
Идоралараро комиссиянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш;
одам савдосига имкон берувчи сабаблар ва шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этишга доир ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирларни ташкил этиш;
одам савдосининг кўлами, ҳолати ва хусусиятлари тўғрисида ахборот тўплаш ҳамда таҳлил қилиш;
ҳудудий идоралараро комиссияларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;
одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш ишларини яхшилаш бўйича таклифлар тайёрлаш;
одам савдосига қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;
одам савдосига қарши курашиш масалалари ҳақида аҳолини хабардор қилиш тадбирларини ташкил этиш.

7-модда. Одам савдосига қарши курашиш бўйича
                  фаолиятни бевосита амалга оширувчи
                  давлат органларининг ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги одам савдосига қарши курашиш соҳасида:
одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни очиш бўйича тезкор-қидирув фаолиятини ташкил этади ҳамда амалга оширади, жиноят ишлари бўйича суриштирув ва дастлабки тергов ўтказилишини таъминлайди;
одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг статистика ҳисобини ташкил этади ва амалга оширади;
одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар, уюшган гуруҳлар ва жиноий уюшмаларнинг фаолиятига чек қўйиш бўйича халқаро ташкилотлар ҳамда бошқа давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорликни амалга оширади;
одам савдосига қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритади;
одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар, уюшган гуруҳлар ва жиноий уюшмалар ҳақида тегишли давлат ҳокимияти ҳамда бошқарув органларига ахборот тақдим этади;
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади, оммавий ахборот воситаларини жалб этган ҳолда аҳоли ўртасида кенг миқёсда огоҳлантириш-профилактика ишларини ўтказади;
Ўзбекистон Республикасининг икки томонлама ва кўп томонлама халқаро шартномаларида назарда тутилган, ички ишлар органлари ваколатига кирадиган тадбирларни амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати одам савдосига қарши курашиш соҳасида:
халқаро террорчилик ташкилотлари ва уюшган жиноий гуруҳларнинг одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар билан алоқаларини аниқлайди;
халқаро террорчилик ташкилотлари ва уюшган жиноий гуруҳлар томонидан амалга ошириладиган одам савдоси билан боғлиқ жиноят ишлари бўйича суриштирув ҳамда дастлабки тергов ўтказади;
одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар ва одам савдосидан жабрланганлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини кесиб ўтишга уринишларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш чораларини кўради.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари одам савдосига қарши курашиш соҳасида:
одам савдосидан жабрланган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш фаолиятини амалга оширади;
одам савдосидан жабрланганларни Ўзбекистон Республикасига қайтаришга кўмаклашади, уларда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаган тақдирда эса, белгиланган тартибда уларнинг шахсини аниқлаш чораларини кўради ҳамда уларга консуллик йиғимлари ва бошқа йиғимларни ундирмасдан Ўзбекистон Республикасига қайтиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни расмийлаштиради;
зарур бўлган ҳолларда чет давлатларнинг тегишли ваколатли органларига Ўзбекистон Республикасининг одам савдосига қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ҳақида маълумотлар тақдим этади;
одам савдосидан жабрланганларга уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳақида ахборот тақдим этади.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги одам савдосига қарши курашиш соҳасида одам савдосидан жабрланганларга тиббий ва психологик ёрдам кўрсатишни белгиланган тартибда ташкил этади.
Одам савдосига қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органларига қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатлар ҳам берилиши мумкин.

8-модда. Одам савдосига қарши курашиш бўйича
                  фаолиятни амалга оширувчи давлат
                  органларига кўмаклашиш
Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, шунингдек фуқаролар одам савдосига қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органларига кўмаклашади ҳамда зарур ёрдам кўрсатади.
 
3-боб. Одам савдосидан жабрланганларни
ҳимоя қилиш ва уларга ёрдам кўрсатиш

9-модда. Одам савдосидан жабрланганларга ёрдам
                  кўрсатувчи ва уларни ҳимоя қилувчи
                  ихтисослаштирилган муассасалар
Одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатувчи ва уларни ҳимоя қилувчи ихтисослаштирилган муассасалар (бундан буён матнда ихтисослаштирилган муассасалар деб юритилади) ташкил этилади.
Ихтисослаштирилган муассасаларнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
одам савдосидан жабрланганларга қулай яшаш ва шахсий гигиена шароитларини таъминлаш;
одам савдосидан жабрланганларни озиқ-овқат, дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш;
одам савдосидан жабрланганларга шошилинч тиббий, психологик, ижтимоий, юридик ва бошқа хил ёрдам бериш;
одам савдосидан жабрланганларнинг хавфсизлигини муҳофаза қилиш;
одам савдосидан жабрланганларнинг қариндошлари билан алоқа ўрнатилишига кўмаклашиш;
одам савдосидан жабрланганларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳақида ахборот бериш;
одам савдосидан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилишга кўмаклашиш.
Ихтисослаштирилган муассасалар ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган Низомга мувофиқ амалга оширади.

10-модда. Одам савдосидан жабрланганларни
                    ижтимоий реабилитация қилиш
Одам савдосидан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш, уларни нормал турмуш тарзига қайтариш мақсадида амалга оширилади ва мазкур шахсларга юридик ёрдам бериш, уларни психологик, тиббий, касбий реабилитация қилиш, уларни ишга жойлаштириш, уларга вақтинчалик турар жой беришни ўз ичига олади.
Одам савдосидан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Одам савдосидан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилишни амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

11-модда. Одам савдосидан жабрланган
                    болаларга ёрдам кўрсатиш
Ихтисослаштирилган муассасаларнинг раҳбарлари уларда одам савдосидан жабрланган болалар ҳақида маълумот пайдо бўлган тақдирда, қонун ҳужжатларига мувофиқ одам савдосидан жабрланган болаларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш мақсадида бу ҳақда васийлик ва ҳомийлик органларига дарҳол хабар қилиши шарт.
Одам савдосидан жабрланган болалар ихтисослаштирилган муассасаларга жойлаштирилганда улар катта ёшдагилардан алоҳида туришлари керак.
Ихтисослаштирилган муассасаларга жойлаштирилган одам савдосидан жабрланган болаларга қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат таълим муассасаларига қатнаш имконияти берилади.
Агар одам савдосидан жабрланган болалар ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган бўлса ёки ўз оиласи турган жойдан бехабар бўлса, уларнинг ота-онасини ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахсларни қидириш чоралари кўрилади.

12-модда. Одам савдосидан жабрланганларнинг
                    хавфсизлигини таъминлаш чоралари ва
                    уларга бериладиган бошқа кафолатлар
Суриштирувчи, терговчи, прокурор, судья одам савдосида гумон қилинаётган шахсларни аниқлаш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилиш хоҳишини билдирган одам савдосидан жабрланган шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексида назарда тутилган хавфсизлик чораларини кўради.
Агар одам савдосидан жабрланган чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ жабрланувчи деб топилган бўлса ёки жиноят иши бўйича гувоҳ бўлса ёхуд одам савдосида гумон қилинаётган шахсларни аниқлашда тегишли органларга ёрдам бераётган бўлса, суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг, судьянинг асослантирилган илтимосномасига кўра бундай шахсга нисбатан одам савдосида айбдор шахслар хусусида жиноят иши бўйича қарор чиқарилгунига қадар, депортация чоралари қўлланилиши мумкин эмас. Бунда одам савдосидан жабрланган шахсга унинг Ўзбекистон Республикасига кириши ҳолатларидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасида вақтинча бўлиш ҳуқуқи берилиши керак.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган хавфсизлик чоралари қуйидаги ҳолларда бекор қилиниши мумкин:
одам савдосидан жабрланган қайси шахсларга нисбатан тезкор-қидирув тадбирлари, суриштирув, дастлабки тергов ёки суд муҳокамаси ўтказилаётган бўлса, шу шахслар билан алоқани уларнинг мажбурловисиз тиклаган бўлса;
шахснинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилишга бўлган хоҳиши ёлғон эканлиги ёхуд шахснинг жавобгарликдан бўйин товлаш усули эканлиги ишончли тарзда аниқланган бўлса.
Одам савдосидан жабрланганлар мажбурлов ёки таҳдид остида содир этилган қилмиш учун фуқаролик, маъмурий ва жиноий жавобгарликдан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда озод қилинади.

13-модда. Одам савдосидан жабрланганларнинг таъминоти
                    ва уларни реабилитация қилиш билан
                    боғлиқ харажатларнинг ўрнини қоплаш
Суд томонидан одам савдосида айбдор деб топилган шахслар одам савдосидан жабрланганларнинг таъминоти ва уларни реабилитация қилиш билан боғлиқ харажатларнинг ўрнини тўлиқ ҳажмда қоплайди.
 
4-боб. Якунловчи қоидалар

14-модда. Одам савдосига қарши курашиш
                    соҳасида халқаро ҳамкорлик
Одам савдосига қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорлик Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига ва халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.

15-модда. Одам савдосига қарши курашиш
                    тўғрисидаги қонун ҳужжатларини
                    бузганлик учун жавобгарлик
Одам савдосига қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

16-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу
                    Қонунга мувофиқлаштириш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

17-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикасининг
Президенти                                                                   И. КАРИМОВ
 
Тошкент ш.,
2008 йил 17 апрель,
ЎРҚ-154-сон

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси