Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси делегациясининг Хитой Халқ Республикасига ташрифи

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Ш. Матиев раҳбарлигидаги Бош прокуратура делегациясининг Хитой Халқ Республикасига тажриба алмашиш доирасида ташрифи бўлиб ўтди.

ХХР Олий халқ прокуратурасида Бош прокурор Цао Цзяньмин жаноблари билан бўлган учрашувда икки мамлакат прокуратура органларининг фаолиятига доир долзарб масалалар, шунингдек идоралараро ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Икки томонлама муносабатлар даражасини юксак баҳолаб, томонлар 2013 йили ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг Тошкент шаҳрига ташрифи давомида Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Шартнома имзолангани ва 2014 йилда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Хитойга амалга оширилган ташрифи якунлари бўйича 2014-2018 йилларга стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш Дастури қабул қилинганини таъкидлаб ўтди.

Икки мамлакат ўртасида жиноят ишлари бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам ва экстрадиция тўғрисидаги шартномалар амалда бўлиб, бундан ташқари 2000 йилда ХХР ва Ўзбекистон бош прокурорлари томонидан идоралараро ҳамкорлик битими тузилган.

Ҳуқуқий соҳада ўзаро алоқаларнинг амалий аҳамиятини ошириш, тажриба алмашиш ва янада чуқур ўрганиш мақсадида, Цао жанобларининг 2014 йил октябрь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар бош прокурорларининг йиғилишидаги иштироки доирасида Ўзбекистон Бош прокуратураси ва ХХР Олий халқ прокуратураси ўртасида 2015-2016 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланиб, амалга оширилмоқда.

Ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси Хитой суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, шу жумладан прокуратура фаолиятини такомиллаштириш, прокурорлар мустақиллигининг кафолатларини ошириш ва уларни ихтисослаштириш борасида қилинаётган ишлар билан таништирилди.

ХХР Бош прокурори ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш масаласига алоҳида тўхталиб, Хитой прокуратура органларида сўнгги йилларда АКТнинг фаол ривожланиши фаолият очиқлигини таъминлаш, таҳлил самарадорлигини ошириш, жиноят ишлари бўйича тергов ва айблов салоҳиятини яхшилашга ёрдам бериб, ҳар бир прокурорнинг фаолиятини муҳим кўрсаткичлар асосида тўғри баҳолашга имкон яратганини таъкидлаб ўтди.

Делегациянинг Хитой Халқ Республикасига ташрифи давомида Пекин ва Шандунь провинцияси прокуратураларида ҳам учрашувлар ўтказилиб, операцион (ситуацион) марказ, Прокурорлар Давлат институтининг Шандунь филиали, шунингдек Шандунь провинцияси прокуратурасининг Криминалистик экспертиза маркази фаолияти билан яқиндан танишилди.

Умуман олганда, ташриф самарали бўлиб ўтиб, икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Бош прокуратура
Матбуот хизмати

17.05.2016

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси