Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

ФТБ БИЛАН ҲАМКОРЛИКДА ЎҚУВ МАШҒУЛОТЛАРИ ЎТКАЗИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлиги вакиллари иштирокида АҚШнинг Федерал тергов бюроси билан ҳамкорликда “Портлашдан кейинги тергов ҳаракатларини ўтказиш тартиби” мавзусида махсус ўқув-амалий машғулотлар ташкил этилди.

Машғулотларнинг бир қисми интерактив маърузалар шаклида Бош прокуратуранинг Олий ўқув курсларида ўтказилди.

Маърузалар давомида хорижий экспертлар воқеа жойини кўздан кечиришга тайёргарликнинг хусусиятлари, портловчи моддалар, уларнинг турлари ва қўлбола портловчи воситаларнинг ўзига хос жиҳатлари, шунингдек портлаш факти бўйича ҳамда портлаш оқибатларини аниқлаш билан боғлиқ тергов ҳаракатларини ўтказиш, портлаш юзасидан тайинланадиган экспертиза турлари, портловчи моддаларни қидириш ва уларга баҳо бериш тартибини тушунтирдилар.

Дала шароитида 3 та автоуловни ўқув мақсадлари учун портлатиш ҳамда воқеа жойини кўздан кечириш жараёни ўтказилди.

Шу билан бирга экспертлар томонидан далилий ашёларни йиғиш, намуналар олиш ва уларни экспертизага юбориш ҳамда амалиётда мазкур тергов ҳаракатларини амалга оширишда йўл қўйиладиган хатолар кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, машғулотларда АҚШда содир этилган иккита қўпорувчилик ҳаракатлари факти таҳлил қилинди.

Умуман олганда, ўқув машғулотлари портлашдан кейинги кечиктириб бўлмайдиган тергов ҳаракатларини ўтказишда далилларни аниқлаш ва тўплаш учун зарурий бўлган аниқ билим ва кўникмаларни ривожлантиришга қаратилди.

Тадбир якунида тингловчиларга сертификатлар топширилди.


28.04.2018

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси