Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

Ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалаларига бағишланган конференция

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия томонидан Бош прокуратура билан ҳамкорликда «Вояга етмаганларни ватанпарварлик ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш масалалари» мавзусида конференция ташкил этилди.

Конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутатлари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Бош прокуратура, адлия, халқ таълими, ички ишлар, олий ва ўрта-махсус таълим вазирликлари ходимлари, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари, вояга етмаганлар ишлари бўйича ҳудудий комиссияларнинг масъул котиблари, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбир давомида вояга етмаганларни миллий ва умуминсоний қадриятлар, ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш ҳамда маънавий-ахлоқий савиясини шакллантиришда таълим муассасаларининг ролини ошириш, вояга етмаганларга оид қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Конференцияда давлат органлари, таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, ўзини-ўзи бошқариш органлари ва ота-оналарнинг мазкур соҳадаги ҳамкорлиги ўзининг ибожий самарасини бераётганлиги тўғрисида фикрлар билдирилди.

Шу билан бирга, мамлакатимизда вояга етмаганларни ҳар томонлама камол топиши учун яратилаётган имкониятлар уларни ватанпарварлик, бағрикенглик, тинчликсеварлик, халқимизнинг бой тарихий меросини қадрлаш, шунингдек қонунбузилишларга муросасизлик руҳида тарбиялашга қаратилганлиги алоҳида таъкидланди.

Конференцияда болаларни ватанпарварлик ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги фаолият самарадорлигини янада оширишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия

01.06.2016

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси