Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

ЎЗБЕКИСТОН ДЕЛЕГАЦИЯСИНИНГ ЕХҲТ МАЖЛИСИДАГИ ИШТИРОКИ ҲАҚИДА

Жорий йилнинг 22 сентябрь куни Варшава шаҳрида (Польша) Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг инсон мезонлари соҳасидаги мажбуриятлар бажарилишига бағишланган Мажлиси ўз ишини якунлади ва унинг иккинчи қисмида Ўзбекистон делегацияси таркибида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси вакиллари иштирок этди.

Мажлисда ЕХҲТга аъзо мамлакатлар, шерик давлатлар, халқаро ташкилотлар ва уларнинг ихтисослаштирилган муассасалари делегациялари ҳамда ноҳукумат ташкилотлари вакиллари ҳам қатнашдилар.

Тадбирнинг мақсади – аъзо мамлакатларнинг инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва фуқаролик жамиятини барпо этиш соҳасида дуч келаётган асосий муаммоларни муҳокама қилиш.

Ишчи йиғилишлар доирасида иштирокчилар ЕХҲТга аъзо барча давлатлар томонидан қабул қилинган ҳамда ўз ичига бағрикенглик ва дискриминация қилмаслик, ҳуқуқнинг устуворлиги, асосий ҳуқуқлар, инсонпарварлик ва бошқа шу каби масалаларни олувчи инсон мезонлари соҳасидаги мажбуриятларни бажаришда ҳукуматлар томонидан эришилган натижаларни кўриб чиқдилар.

Қайд этилган мавзулар доирасидаги кенг қамровли мажбуриятларни муҳокама қилиш билан бир қаторда, кун тартибидан кўриб чиқиш учун алоҳида танланган «Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар-тенгсизликнинг ортишига жавоб сифатида» мавзуси ҳам ўрин олди.

Ушбу масала муҳокамаси давомида Бош прокуратура вакили, жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Г.Раҳимова «Одам савдосига қарши кураш», «Инсон ҳуқуқлари ҳимояси ва терроризмга қарши кураш», «Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар-тенгсизликнинг ортишига жавоб сифатида», «Ишчи-мигрантлар ва қонуний мигрантларнинг ижтимоий интеграцияси» мавзуларида маърузалар билан иштирок этди.

Таъкидланганидек, инсон ҳуқуқларини ҳар томонлама муҳофаза қилиш ҳозирги кунда Ўзбекистонда ўтказилаётган чуқур таркибий ислоҳотларда энг устувор ўринга эга. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига тааллуқли муҳим масалаларни муҳокама қилишга фуқаролик жамияти институтларини фаол жалб қилиш борасида бир қатор муҳим вазифалар назарда тутилган.

Шунингдек, мажлис иштирокчиларига тинчлик ва тотувлик, халқимиз учун муносиб турмушни таъминлаш, терроризмга қарши курашиш бўйича янги сиёсатни жорий этиш, аҳоли радикаллашувининг олдини олиш борасида, шунингдек давлат миграция сиёсати соҳасидаги энг муҳим ва долзарб вазифаларни амалга ошириш бўйича Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларнинг янги босқичидаги амалий чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.

Бундан ташқари, мажлис доирасида Ўзбекистон делегациясининг ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) Департаментларининг раҳбарлари билан учрашувлари ўтказилиб, Ўзбекистон ва ЕХҲТ ДИИҲБ ўртасида одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги лойиҳавий ҳамкорликни фаоллаштириш йўллари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 16.08.2017 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартибини такомиллаштиришга доир муҳим чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонини амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Бош прокуратура вакили томонидан Ўзбекистонда давлат миграция сиёсати соҳасида ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган амалий чора-тадбирлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

1.jpg  2.jpg  3.jpg

30.09.2017

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси