Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

БОШ ПРОКУРАТУРА ВА БМТНИНГ НАРКОТИК ВА ЖИНОЯТЧИЛИККА ҚАРШИ КУРАШ ТАШКИЛОТИ ЎРТАСИДА ҲАМКОРЛИКНИНГ ИСТИҚБОЛЛИ ЙЎНАЛИШЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

2016 йил 10 февраль куни Бош прокуратурада БМТнинг Наркотик ва жиноятчиликка қарши кураш ташкилотининг (UNODC) Марказий Осиёдаги Минтақавий ваколатхонаси раҳбари Ашита Миттал ва Афғонистон ва қўшни давлатлар учун Минтақавий дастурининг катта координатори Джереми Милсом билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида Бош прокурор ўринбосари Ш.Узоқов меҳмонларни жиноятчиликка қарши кураш борасидаги ҳаракатлар, прокуратура органларининг фаолияти ҳамда ушбу йўналишда мамлакатимизда кўрилаётган чоралар тўғрисида хабардор қилди.

Гиёҳванд моддалар ноқонуний айланишининг олдини олиш масаласида қонунчилик базаси ва ваколатли органлар тизими шакллантирилганлиги, ушбу соҳада асосий халқаро шартномалар ратификация қилинганлиги ва 30 дан ортиқ икки томонлама шартнома ва битимлар имзоланганлиги таъкидланди. 2014 йилда “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Соғлом турмуш тарзини фаол тарғиб қилиш ва спорт билан шуғулланишга жалб қилиш орқали аҳоли, айниқса, ёшларни гиёҳванд моддаларнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш бўйича комплекс чоралар кўрилмоқда.

Террористик ва экстремистик йўналишдаги жиноятларнинг олдини олиш мақсадида “Терроризмга қарши кураш тўғрисида”ги, “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинган. Бу борада кенг тарғибот ишлари амалга оширилмоқда. Терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ташкилотларнинг тавсияларини татбиқ этиш чоралари кўрилмоқда.

Бош прокурор раҳбарлиги остидаги Одам савдосига қарши курашиш республика идоралараро комиссиясининг фаолияти, 2015-2016 йилларга мўлжалланган Одам савдосига қарши кураш самарадорлигини янада ошириш бўйича тадбирлар режасининг амалга оширилиши ёритилди.

Коррупцияга қарши кураш соҳасида кўрилаётган чоралар, БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясининг қоидалари, Коррупцияга қарши кураш бўйича Истанбул ҳаракат режасини амалга ошириш юзасидан изчиллик билан олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди.

Минтақавий ваколатхона раҳбари Ашита Миттал Ўзбекистоннинг гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши ва жиноятчиликка, шу жумладан, коррупцияга қарши курашга қаратилган ҳаракатларига юқори баҳо берди.

У амалга оширилаётган CASC ташаббусига тўхталиб, унинг Марказий Осиё, Арманистон, Озарбайжон ва Грузия давлатларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ўртасида ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, экстрадиция, уюшган жиноятчиликка қарши кураш соҳасида терговни олиб бориш масалаларида ҳамкорликни кучайтиришга йўналтирилганлигини таъкидлади. Бундан ташқари, Афғонистон ва қўшни давлатлар учун Минтақавий дастурни амалга ошириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди.

Учрашув якуни бўйича томонлар ўзаро манфаатли алоқаларни давом эттириш, Бош прокуратура ва БМТнинг Наркотик ва жиноятчиликка қарши кураш ташкилоти ўртасида ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилиш учун тайёрлигини билдирдилар.

Бош прокуратура
Матбуот хизмати

11.02.2016

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси