Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

ОДАМ САВДОСИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ ВА ПРОФИЛАКТИКА ҚИЛИШДА ОАВ ЛАРНИНГ ЎРНИ

Бош прокуратура Матбуот хизмати томонидан Одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар Мувофиқлаштирувчиси офиси билан ҳамкорликда оммавий ахборот воситалари вакиллари учун одам савдосига қарши курашиш муаммосини ёритишнинг ўзига хос хусусиятларига бағишланган уч кунлик семинар-тренинг ўтказилди.

Тренингда электрон ва босма ОАВ, Одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси таркибига кирувчи вазирлик ва идораларнинг матбуот хизматлари вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, одам савдосининг олдини олиш шундай жараёнки, унда нафақат давлат тузилмалари, жамоат ва халқаро ташкилотлар, балки оммавий ахборот воситалари ҳам ҳамжиҳатликда ҳаракат қилади.

Одам савдосининг механизми ҳақидаги ахборотни тарқатиш янги қурбонлар пайдо бўлишининг олдини олишга кўмак беради. Бунда ОАВ муҳим роль ўйнайди, чунки теле ва радиодастурлар, босма ОАВда чиқишлар одамларга ушбу муаммо ҳақида билиш ҳамда унинг аҳамиятини англашда ёрдам беради.

ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар Мувофиқлаштирувчиси, элчи Джон Макгрегор ўз табрик сўзида қуйидагиларни таъкидлади: “Оммавий ахборот воситалари одам савдоси муаммоси тўғрисида оммавий фикр ва муносабатни шакллантиришда муҳим восита ҳисобланади. Шу сабабли ЕХҲТ журналистлар қўшимча билимлар олиши ва одам савдоси муаммосининг мураккаблигини тушуниши учун шу каби тренингларни ташкил этиш орқали улар билан шерикликни йўлга қўйиш тарафдоридир. Мазкур семинар ўзаро ҳамкорлик ва соҳа мутахассислари ўртасида энг яхши амалиётни айирбошлаш имкониятини яратади”.

Тренинг иштирокчилари одам садосига қарши курашишга доир миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти, ушбу муаммони ёритиш ҳамда жабрланувчилар, уларнинг яқин қариндошлари билан интервьюлар уюштириш, шунингдек, ушбу мавзуни ёритиш давомида журналист текширувини ташкил этиш ва ўтказишнинг умумий нормалари ҳамда қоидаларига оид маълумотларга эга бўлдилар, ОАВнинг жамоатчилик олдидаги жавобгарлигини муҳокама қилдилар.

Шунингдек, тренинг давомида журналистлар этикаси бўйича тестлар ўтказилди, қатнашчилар томонидан ўзлари тайёрлаган материаллар тақдимоти ўтказилди.

Семинар-тренинг якунида тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Тадбир иштирокчиларига сертификатлар топширилди.

Бош прокуратура
Матбуот хизмати

15.07.2016

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси