Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

ОНАЛИК ВА БОЛАЛИК МУҲОФАЗАСИ – ДОЛЗАРБ ВАЗИФА

Қарши шаҳрида “Оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада мустаҳкамлаш – давр талаби” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда Бош прокуратура, Қашқадарё вилоят прокуратураси, Хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, таълим, тиббиёт муассасалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, “Фуқаролик жамияти” журнали ва бошқа оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурининг мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатламларига етказиш, унда белгиланган асосий вазифаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Бугунги кунда мамлакатимизда соғлом оилани шакллантириш, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланганлиги, қабул қилинган қонунлар, Давлат дастурлари ва бошқа кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бу борада мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилаётганлиги таъкидланди.

Тадбир давомида оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада мустаҳкамлаш, олис қишлоқларда яшаётган аҳоли, айниқса, аёллар учун ижтимоий, маиший ва тиббий хизматлар кўрсатиш шарт-шароитларини яратиш, ёшлар орасида жисмоний тарбия ва спортни кенг тарғиб қилиш, соғлом болани вояга етказишда таълим тизимининг ролини кучайтириш масалалари иштирокчилар томонидан кенг муҳокама қилинди.

Шунингдек, ушбу вазифаларни амалга ошириш борасида давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа жамоат ташкилотлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни кучайтириш хусусида фикр алмашилди.

Бош прокуратура
Матбуот хизмати

04.03.2016

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси