Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

Одоб-ахлоқ намунавий қоидалари тасдиқланди

2016 йил 2 март куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 62-сонли Қарори билан Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг Одоб-ахлоқ намунавий қоидалари тасдиқланди.

Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжат Бош прокуратура томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш доирасида ишлаб чиқилган.

Одоб-аҳлоқ қоидаларида давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари хизматчиларининг, эгаллаб турган лавозимидан қатъий назар, касбий одоб-ахлоқининг умумий принциплари ҳамда хизматдаги ҳулқ-атворининг асосий қоидалари белгилаб берилган.

Қарор Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатлари, Давлат мансабдор шахсларининг хулқ-атвори халқаро кодекси (БМТ Бош Ассамблеясининг 12.12.1996 йилдаги Резолюцияси) ҳамда БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Одоб-ахлоқ қоидаларида манфаатлар тўқнашуви тушунчаси, унинг олдини олиш механизмлари, шунингдек, давлат хизматчиларининг ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан жисмоний ёки юридик шахслардан наф кўришига йўл қўймасликка оид қоидалар ўз аксини топган.

Мазкур қарор билан тегишли давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига ўз фаолияти хусусиятларини инобатга олган ҳолда, Одоб-аҳлоқ қоидалари асосида идоравий одоб-аҳлоқ қоидаларини ишлаб чиқиш топширилган.

Бош прокуратура 
Матбуот хизмати

09.03.2016

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси