Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

Ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикасининг “Прокуратура тўғрисида”ги Қонуни 52-моддасига мувофиқ Бош прокуратура Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларига мувофиқ чет эл давлатларининг тегишли органлари билан прокурор назорати, жиноятчиликка қарши кураш соҳасида ҳамда бошқа масалалар бўйича ҳамкорлик қилади.

Амалга оширилаётган ҳамкорлик доирасида Бош прокуратурада Корея Республикасининг элчихонаси ва Халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA), БМТнинг Болалар жамғармаси (UNICEF), ЕХҲТ, ЕИ, АҚШнинг Халқаро ривожланиш агентлиги (USAID) ва Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари вакиллари билан бир қатор учрашувлар бўлиб ўтди.

Учрашувлар чоғида ўзаро муносабатларнинг самарадорлигини ошириш ҳамда ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари бўйича фикр алмашилди.

Бош прокуратура вакиллари томонидан мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасини янада ислоҳ қилиш, қонунчилик, давлат хизматининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, тадбиркорликни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, коррупция, одам савдоси, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши, жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришнинг олдини олиш юзасидан кўрилаётган чоралар ёритилди.

Прокуратура органларининг фаолиятини такомиллаштириш, жиноятчиликка қарши кураш, қонунийликни таъминлаш соҳасидаги чораларнинг самарадорлигини оширишга йўналтирилган замонавий ахборот-коммуникацион технологияларини жорий қилиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Бош прокуратуранинг Мурожаатларни телефон орқали қабул қилиш марказининг фуқаролар ва тадбиркорларнинг мурожаатларини қабул қилиш йўналишидаги фаолияти таъкидланди.

Шунингдек, хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш орқали ҳамкорликда ўтказилаётган тадбирларнинг самарадорлигини ошириш, халқаро ташкилотларнинг салоҳиятидан фойдаланиш, жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва экстрадиция соҳаларида ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув якуни бўйича унинг қатнашчилари томонидан Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотларига кўмаклашиш, қонунийлик ва ҳуқуқ тартиботни таъминлаш борасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан умумий фикр билдирилди.

Бош прокуратура 
Матбуот хизмати

03.03.2016

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси