Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

ПРОКУРАТУРА ОРГАНЛАРИ ФАОЛИЯТИНИНГ ОЧИҚЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ

ПРОКУРАТУРА ОРГАНЛАРИ ФАОЛИЯТИНИНГ ОЧИҚЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Матбуот хизмати томонидан Журналистларни қайта тайёрлаш Республика Маркази билан ҳамкорликда прокуратура органларининг матбуот хизмати тармоқлари ходимлари ишининг самарадорлигини янада оширишга бағишланган семинар-тренинг ўтказилди.

«Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Қонун талабларини амалга ошириш доирасида ташкил этилган мазкур семинарда Бош прокуратура ходимлари, вилоят прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорларнинг матбуот хизмати бўйича катта ёрдамчилари, Бош прокуратура ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК Департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари матбуот гуруҳларининг катта инспекторлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Мазкур тренингнинг ўтказилишидан мақсад матбуот хизматлари ходимларининг малакасини ва прокуратура органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш борасидаги ишларнинг самарадорлигини оширишдан иборат бўлди.

Таъкидланганидек, фаолиятнинг очиқлигини таъминлаш, аҳолига қонунийликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида ахборот тақдим қилиш, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига ўз вақтида етказиш прокуратура органлари матбуот хизматларининг энг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Ушбу вазифани амалга ошириш қонун ҳужжатларининг аниқ ва бир хилда ижро этилишига имкон яратади, шунингдек, жамиятда ҳуқуқий маданият ва аҳолининг ҳуқуқий онгини юксалтириш, фуқароларни қонунларга ҳурмат ва қонунбузилишларга муросасизлик руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутади.

Уч кун давом этган тренингда прокуратура органлари фаолияти ҳақидаги ахборотни, муҳим ҳодисалар ва тадбирлар тўғрисидаги расмий хабарларни тайёрлаш ва тарқатиш, жамоатчилик ҳамда босма ва электрон ОАВ вакиллари билан ўзаро ҳамкорликни амалга ошириш, ОАВда эълон қилинадиган материалларни мониторинг қилиш, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ҳамда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ижрочилар ва аҳолига ўз вақтида етказиш бўйича ишларни янада такомиллаштиришга оид масалалар кўриб чиқилди.

Тадбир якунида тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, қатнашчилар тарқатма материаллар билан таъминландилар.

Бош прокуратура
Матбуот хизмати 

28.12.2015

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси