Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

ВОЯГА ЕТМАГАНЛАР ИШЛАРИ БЎЙИЧА КОМИССИЯЛАР ФАОЛИЯТИ ҲАҚИДА

Баркамол авлодни вояга етказиш, ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясини кучайтириш, вояга етмаганлар ўртасида диний экстремизм ва ақидапарастликнинг олдини олиш, уларда ватанпарварлик туйғусини шакллантириш ва ҳуқуқий онгини юксалтириш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан биридир.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия томонидан комплекс дастурлар доирасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Ушбу йўналишда кўрилган чора-тадбирлар натижасида 2015 йилда республика бўйича вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг камайишига эришилган. Эрта турмушнинг салбий оқибатлари хусусида 3,5 мингдан ортиқ тарғибот тадбирлари ўтказилиб, 541 ҳолатда эрта турмуш қуришнинг олди олинган.

Шу кунларда республиканинг барча ҳудудларида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия аъзолари иштирокида ҳудудий комиссияларнинг ўтган йил якунларига бағишланган кенгайтирилган йиғилишлари ўтказилмоқда.

Уларда комиссиялар томонидан прокуратура органлари, таълим муассасалари ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда қонунларни аҳоли ва ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилинаётгани ҳамда бу борада мақсадли дастурлар ишлаб чиқилгани алоҳида эътироф этилмоқда.

Йиғилишларда комиссия аъзолари ҳамда бошқа мутасадди идоралар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилиб, 2015 йилда ҳудудий комиссиялар фаолиятида йўл қўйилган айрим камчиликлар муҳокама қилинмоқда.

Шунингдек, келгусида вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг маънавий-аҳлоқий тарбиясини кучайтириш, эрта турмуш қуришнинг олдини олиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўриш ҳамда ушбу йўналишда идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан вазифалар белгиланмоқда.

Кўрилган масалалар юзасидан вояга етмаганлар ишлари бўйича ҳудудий комиссиялар томонидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, ижро учун жойларга юборилмоқда ҳамда ушбу тадбирлар оммавий ахборот воситалари орқали кенг жамоатчилик эътиборига етказилмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги вояга
етмаганлар ишлари бўйича комиссия

02.02.2016

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси