Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

КУН ТАРТИБИДА – ТЎЛОВ ИНТИЗОМИНИ МУСТАҲКАМЛАШ ВА СУД ҲУЖЖАТЛАРИ ИЖРОСИ

Бош прокуратуранинг Олий ўқув курслари ташаббуси билан энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида шартнома мажбуриятларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, шунингдек суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари ижроси самарадорлигини ошириш масалаларига бағишланган видеоконференцалоқа шаклида ўқув семинари ўтказилди.

Семинарда Бош прокуратура, «Ўзтрансгаз» АК, «Ўзбекэнерго» АЖ, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси, унинг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари раҳбарлари ҳамда масъул ходимлари, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда ёқилғи-энергетика комплексини модернизация қилиш, электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ва истеъмол қилиш соҳасида шартнома мажбуриятларига сўзсиз риоя этиш, шунингдек суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишнинг таъсирчан механизмларини яратиш мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни самарали амалга оширишнинг муҳим шартларидан бири эканлиги таъкидланди.

Семинар давомида Мажбурий ижро бюроси, «Ўзтрансгаз» АК, «Ўзбекэнерго» АЖ вакиллари томонидан қарздорликларни ўз вақтида ундириш ва энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида қонунбузилиши ҳолатларига чек қўйиш, шунингдек суд ҳужжатлари ижросини ўз муддатида таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни янада кучайтириш масалаларига бағишланган тақдимотлар ўтказилди.

Тадбир якунида тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

14.09.2017

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси