Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

ХОТИРА ВА ҚАДРЛАШ КУНИГА БАҒИШЛАНГАН ТАНТАНАЛИ ТАДБИР

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Унда Бош прокуратура, Ҳарбий прокуратура, Бош прокуратура ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК департаменти ходимлари, шу жумладан, прокуратура органларининг ёш мутахассислари ҳамда «Йилнинг энг яхши прокурори», «Йилнинг энг яхши терговчиси» ва «Йилнинг энг яхши давлат айбловчиси» танловлари ғолиблари иштирок этдилар.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И.Абдуллаев кириш сўзи билан очиб, Иккинчи жаҳон урушида жасорат кўрсатган, ўз юртининг тинчлиги ва озодлиги учун курашган уруш ва меҳнат фахрийлари хотирасига юксак эҳтиром билдирди.

Шундан сўнг, Бош прокурор фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликлари, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятларни фош этиш, терговнинг сифати ва самарадорлигини ошириш, жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш юзасидан хизмат вазифаларини намунали бажарган Ўзбекистон Республикаси прокуратураси органларида «Йилнинг энг яхши прокурори» (Наманган ҳарбий прокурори, адлия подполковниги Ш.Тошматов), «Йилнинг энг яхши терговчиси» (Бош прокуратура уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчиси, адлия кичик маслаҳатчиси М.Ҳакимов) ва «Йилнинг энг яхши давлат айбловчиси» (Тошкент шаҳар Олмазор туман прокурорининг катта ёрдамчиси, 2-даражали юрист Г.Салимова) танловлари ғолиблари ҳамда Хотира ва қадрлаш куни арафасида ўтказилган теннис ва мини-футбол бўйича мусобақаларда совринли ўринларни эгаллаган прокуратура ходимларига мукофотлар топширди.

Тадбир сўнгида прокуратура органларида мустақил лавозимга тайинланган ёш мутахассисларнинг тантанали қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди.

Бош прокуратура
Матбуот хизмати

07.05.2016

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси