Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

НОГИРОНЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ МАСАЛАСИ – ДИҚҚАТ МАРКАЗИДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 августдаги “Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармойиши билан ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган таклифларни тайёрлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори раҳбарлигида Комиссия ташкил этилган.

Комиссия таркибига қатор вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, Ўзбекистон ногиронлар жамияти ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари киритилган.

Комиссия томонидан ногиронлар аҳволини ҳар томонлама ўрганиш ва уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини яхшилаш учун халқаро ва хорижий ташкилотларни жалб этиш бўйича фаол ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида 2017 йил 24 августда БМТ, ЮНИСЕФ, ЮНФПА ва ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари раҳбарлари билан учрашув ўтказилди.

Учрашувда БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили, БМТ резидент мувофиқлаштирувчиси Хелен Фрейзер, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн, ЮНФПАнинг (БМТ аҳолишунослик соҳасидаги жамғармаси) Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Миеко Ябута, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи Бадарч Дендев иштирок этди.

Учрашув жараёнида тарафлар ногиронларга комплекс ёрдам кўрсатишни, тиббий-ижтимоий ёрдамни, уларни реабилитация қилиш тизимини, улар томонидан таълим олишни, уларни ишга жойлаштириш ҳамда жамоат жойларидан тўсқинликсиз фойдаланишларини такомиллаштириш, шунингдек, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларини, халқаро ташкилотларнинг ногиронлар ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги тавсиялари ва ўзаро манфаатли бошқа масалаларни муҳокама қилдилар.

Халқаро ташкилотлар вакиллари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг аҳолининг энг муҳтож қатламларини ижтимоий ҳимояси самарадорлигини оширишга қаратилган ташаббусларини юқори баҳолаб, Комиссия таклифларига қизиқишларини намойиш этдилар, шунингдек турли йўналишларда ҳамкорлик қилишга ва амалга оширилаётган ишларда кўмаклашишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Учрашув якуни бўйича томонлар келгусида ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш йўналишларини амалга ошириш ва уларга қулай шароитларни яратиш доирасида ўзаро ҳамкорликни такомиллаштириш ва жонлантириш зарурлигини қайд этиб ўтдилар.

Учрашув юқори савияда ва ишчан руҳда ўтди.

25.08.2017

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси