Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

ФАОЛИЯТ ЯКУНЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ ВА КЕЛГУСИДАГИ ВАЗИФАЛАР БЕЛГИЛАНДИ

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳайъатининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда Бош прокуратура ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК департаменти раҳбарияти, марказий маҳкама ходимлари, вилоятлар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар ҳамда Департаментнинг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари иштирок этди.

Ҳайъат мажлисида Ўзбекистон Республикаси прокуратураси органларининг мамлакатда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида 2016 йилдаги фаолияти якунлари ва келгусидаги вазифалари муҳокама қилинди.

Йиғилишда прокуратура органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент фармонлари ва қарорлари ҳамда Ҳукумат қарорлари ижроси устидан назоратни таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилганлиги таъкидланди.

Хусусан, қонунлар ижроси устидан назорат, шунингдек барча ислоҳотлар, шу жумладан давлат дастурлари ижросини ташкил этиш борасидаги тадбирлар натижасида 130.133 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилиб, 111.656 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Прокурор текширишлари ва дастлабки тергов давомида айбдор шахслардан жами 866,3 млрд. сўмлик зарар ундирилди.

Айниқса, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга қаратилган тадбирлар тизимли равишда амалга оширилди.

Бу йўналишдаги қонунлар мазмун-моҳиятини бевосита ижрочилар ва кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида 43.462 та тарғибот тадбирлари ўтказилди, 13.570 та тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқлари ҳамда мутасадди идоралар билан ҳамкорликда 1.480 тасининг фаолияти тикланди.

Вояга етмаганларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш ва маънавий-ахлоқий тарбиясини кучайтириш, уларни диний экстремизм ғояларидан асраш мақсадида 10.954 та ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилди, эрта турмуш қуриш ҳолатларининг олдини олиш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган кенг қамровли тадбирлар олиб борилди.

Жиноятчиликка қарши кураш ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини самарали ташкил этиш мақсадида идоралараро ҳамкорлик кучайтирилиб, тезкор-қидирув, суриштирув ва тергов фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда профилактик тадбирларнинг сифатини ошириш чоралари кўрилди.

Судларда жиноят, фуқаролик ишлари ва хўжалик низолари кўрилишида фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек суд қарорлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижроси устидан назорат борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилди.

Аниқланган тизимли қонунбузилишларни амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш ва ҳуқуқни қўллашда ягона амалиётни шакллантириш орқали бартараф этишга қаратилган фаолият кучайтирилди.

Ўтказилган назорат тадбирлари натижалари, қонунийлик ҳолати ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти таҳлиллари асосида ишлаб чиқилган ҳамда Бош прокурорнинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида Олий Мажлисга киритилган 12 та қонун лойиҳалари қабул қилинди.

Шу каби, ҳуқуқий нормаларни субъектив тарзда, танлов асосида ва ўзбошимчалик билан талқин қилиш ҳолатларига йўл қўймаслик мақсадида фаолиятнинг асосий йўналишлари бўйича услубий қўлланмаларни ишлаб чиқиш борасидаги ишлар жадаллаштирилди.

Прокуратура органлари фаолиятининг ошкоралигини ҳамда жамоатчилик назоратини таъминлаш борасида прокурорлар томонидан халқ депутатлари тегишли Кенгашлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига қонунийлик аҳволи ҳамда жиноятчиликка қарши курашнинг ҳолати тўғрисида 1.526 та ахборотлар берилди.

Ҳайъат йиғилишида 2016 йилда прокуратура ва Департамент органлари фаолиятида йўл қўйилган айрим камчиликлар кескин танқид қилиниб, бунга йўл қўйган вилоятлар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар ҳамда Департамент раҳбарияти ва ҳудудий бошқармалари бошлиқларининг тушунтиришлари эшитилди.

Мажлисда барча ходимларга зиммасига юклатилган вазифаларни тўлақонли ва сўзсиз ижро этиш, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг топшириқ ва кўрсатмалари ҳамда Прокуратура органлари ходимлари кунига бағишланган тантанали тадбирдаги маърузаларидан келиб чиқадиган вазифалар юзасидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар Дастурини сўзсиз бажариш чораларини кўриш топширилди.

Шу билан бирга, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, соғлиғини сақлаш, бандлигини таъминлаш, нақд пулнинг банкдан ташқари айланмасини қисқартириш, тўлов ва солиқ интизомини мустаҳкамлашга қаратилган қонунчилик талаблари, шу жумладан, 2017 йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинганлиги муносабати билан белгиланган тадбирларнинг аниқ ва сўзсиз ижро этилиши юзасидан доимий назорат олиб бориш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Прокурор назорати тадбирларида қонунбузилишларнинг асл сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш, ҳуқуқни қўллаш соҳасида ягона амалиётни шакллантириш, шу жумладан, қонунчиликни такомиллаштириш, прокурор назорати амалиёти сифати ва таъсирчанлигини оширишнинг барча чораларини кўриш ҳамда бу борада асослантирилган таклифлар бериб бориш зарурлиги қайд этилди.

Ҳайъат мажлисида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Бош прокуратура Матбуот хизмати

26.01.2017

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси