Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

ЎЗБЕКИСТОН ВАКИЛЛАРИ БМТНИНГ ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ БЎЙИЧА УНИВЕРСАЛ ДАВРИЙ ШАРҲИНИНГ 30-СЕССИЯСИДА ИШТИРОК ЭТДИ

Бош прокурор ўринбосари Э.Т.Юлдашев жорий йилнинг 9 май куни Женева шаҳрида бўлиб ўтган БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Универсал даврий шарҳининг 30-сессиясида Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мажбуриятлар бажарилиши бўйича ҳисоботининг тақдимотида иштирок этди.

Ҳисоботда республикамизда Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Кенгашининг тавсияларини амалга ошириш, жумладан, миллий қонунчилик ва қонунни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни чуқурлаштириш ҳамда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш борасида йўлга қўйилган тизимли чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Кенгашга аъзо аксарият мамлакатларнинг вакиллари ўз маърузаларида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратиб, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашларини қайд этдилар.

Ўзбекистон делегацияси томонидан «Обод қишлоқ» Давлат дастури тақдимоти ҳам ўтказилди. Иштирокчи-давлатлар делегацияларига қишлоқларни ободонлаштириш, аҳолини муносиб уй-жой, иш билан таъминлаш, шаҳар ва қишлоқ жойларидаги яшаш шароитлари ўртасидаги тафовутни қисқартиришга қаратилган кенг кўламли ишлар ҳақида маълумот берилди.

Кўрилаётган чоралар, биринчи навбатда, аҳолининг ижтимоий муҳтож қатлами, жумладан имконияти чекланган шахслар ва ногиронларни қўлллаб-қувватлашга йўналтирилганлиги алоҳида таъкидланди.

11.05.2018

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси