Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

БОШ ПРОКУРАТУРА РАСМИЙ САЙТИНИНГ ЯНГИ ВЕРСИЯСИ ТАҚДИМОТИ

2016 йил 23 март куни Бош прокуратуранинг расмий сайти янги версиясининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимотда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Адлия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Матбуот ва ахборот агентлиги, Миллий ахборот агентлиги, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси ҳамда бошқа идоралар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбир иштирокчиларини Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Ш.Матиев қутлади.

Шундан сўнг Матбуот хизмати раҳбари Г.Раҳимова томонидан веб-сайтнинг янги версиясига киритилган янгиликларнинг батафсил тавсифидан иборат бўлган тақдимот ўтказилди.

Таъкидланганидек, Бош прокуратуранинг янги интернет-вакиллиги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий веб-сайтига қўйиладиган асосий талабларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Сайт ахборот узатишнинг мантиқий тузилишига, жозибали графика ва рангли дизайнга эга, шунингдек, прокуратура органлари фаолияти ҳақидаги зарур материаллар билан тўлдирилган.

Жорий этиш учун мажбурий бўлган асосий функциялар расмий веб-сайтда мавжуд бўлиб, улар зарур маълумотларни тезкорлик билан топишга ёрдам беради ҳамда барча функцияларидан фойдаланиш имконини беради. Сайтда имкониятлари чекланган шахслар учун қўшимча қулайликлар тақдим этувчи ва бошқа функциялар ҳам ўрин эгаллаган.

Қўшимча ўзгартиришлар билан умумий навигация, асосий меню ҳам қамраб олинган. Сайт устида ишлаш давомида янги модуллар ишлаб чиқилган, мавжудлари яхлит ҳолатга келтирилган.

Хусусан, янги “Фаолият” блоки киритилиб, унда прокуратура органлари томонидан қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоялаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш борасида амалга оширилган ишлар ҳақидаги ахборот фаолият соҳалари бўйича жойлаштирилган.

Ресурсда ҳудудий прокуратуралар ва уларга тенглаштирилган прокуратуралар, Бош прокуратура ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК департаментининг саҳифалари ҳам тақдим қилинган бўлиб, фойдаланувчиларнинг қулайлиги учун улар битта блокка бирлаштирилди. Эндиликда Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари тузилмаси билан бир қаторда, ҳудудий янгиликлар, вилоят прокуратуралари ва уларга тенглаштирилган прокуратуралар, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент фаолияти ҳақидаги ахборот характерига эга қисқа маълумотлар, шунингдек, прокурорлик назоратига оид маълумотлар билан танишиш мумкин.

«Интерактив хизматлар» блокига кирувчилар учун нафақат Бош прокуратурада, балки вилоят прокуратуралари ва уларга тенглаштирилган прокуратураларда фуқароларни қабул қилиш жадваллари билан, шунингдек, қабулни ташкиллаштиришга масъул бўлган ходимлар билан боғланишга оид маълумотлар билан танишиш имконияти яратилган. Бундан ташқари, «Мурожаат юбориш» интернет-қабулхонаси орқали ҳар қандай фуқаро ёки юридик шахс қонун бузилишлари ҳақида ариза, шикоят, мурожаат юбориши мумкин.

Шунингдек, сайт бепул ҳуқуқий маслаҳат олиш имкониятини беради.

Бош прокуратура томонидан ишлаб чиқилган қонунлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари жойлаштирилган «Ҳужжатлар», қонунчиликдаги ўзгартиришлар ҳақидаги маълумотлар ҳамда ижтимоий муносабатларнинг турли соҳаларига оид амалдаги қонунчиликка тушунтиришлар жойлаштирилган «Янги қонунлар» каби бўлимлар ўзига эътиборни тортади. Сайтга кирувчилар қонун лойиҳалари бўйича ўзларининг фикрлари ва таклифларини билдиришлари мумкин.

«Матбуот маркази» блокида марказий ўринни прокуратура органларининг фуқаролар, тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жиноятчиликка, коррупцияга қарши кураш борасидаги фаолияти хусусидаги янгиликлар эгаллаган. Бош прокуратура томонидан тайёрланган информацион теледастурлар, роликлар ҳамда фотогалереядан иборат «Медиатека» алоҳида блоки яратилди.

Бош прокуратуранинг янгиланган интернет-вакиллиги тадбир иштирокчилари томонидан юқори баҳоланди.

Бош прокуратура
Матбуот хизмати

23.03.2016

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси