Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

Қонун ижодкорлиги фаолияти самарадорлигини ошириш - устувор вазифа

Бош прокуратурада «Прокуратура органларининг қонун ижодкорлиги фаолиятидаги иштироки» мавзусида икки кунлик семинар ўтказилди.

Семинарда Бош прокуратура ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Адлия вазирлиги масъул ходимлари, вилоятлар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорларнинг матбуот хизмати бўйича катта ёрдамчилари, Бош прокуратура ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари матбуот гуруҳлари ходимлари, Бош прокуратура Олий ўқув курслари тингловчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирнинг асосий мақсади – прокуратура органлари ходимларининг қонун ижодкорлиги фаолиятида иштирок этиш борасидаги билим ва малакаларини янада ошириш, қонунчиликни такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилиш, бу борада ўзаро тажриба алмашиш ҳамда зарур чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан тегишли таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишдан иборат.

Таъкидланганидек, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектларининг энг муҳим вазифаларидан бири қонунлар ва уларни ҳаётга жорий этиш механизмларини ҳар томонлама пухта ишлаб чиқишдир. Шу билан бирга, барча мансабдор шахсларнинг қабул қилинаётган қонунларни ижрочиларга ўз вақтида етказиш ва уларнинг бажарилиши устидан таъсирчан назорат ўрнатиш бўйича жавобгарлигини кучайтириш зарур.

Семинар давомида амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш борасидаги фаолиятни ташкиллаштириш, қонун лойиҳаларини тайёрлашда хорижий қонунчилик тажрибасини ўрганиш тартиби ва шартлари, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш, уни юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари нормаларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш, янги қабул қилинган қонунларни ижрочилар ва аҳолига етказиш борасидаги асосий вазифалар ҳамда бошқа масалалар кўриб чиқилди.

Тадбир якунида тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Бош прокуратура
Матбуот хизмати

31.05.2016

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси