Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Янгиликлар

Амнистия акти ижросига бағишланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчининг тақдимномасига асосан 2016 йил 12 октябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди.

Шу муносабат билан Бош прокуратурада жорий йилнинг 26 октябрь куни мазкур Қарор ижросини ташкил этиш масалаларига бағишланган идоралараро йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Президент Девони, Вазирлар Маҳкамаси, Олий суд, жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоят судлари, прокуратура органлари, адлия, ички ишлар, соғлиқни сақлаш, меҳнат вазирликлари, давлат солиқ ва божхона қўмиталари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг масъул ходимлари, шунингдек, Республика «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Мазкур тадбирнинг асосий мақсади ушбу амнистия актининг мазмун-моҳиятини тушунтириш, ушбу Қарорнинг қўлланилиши тартиб-таомилларининг очиқ-ошкора амалга оширилишини таъминлаш ва бу борада парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, шунингдек келгусида хато ва камчиликларга йўл қўймаслик ҳамда ходимларнинг масъулиятини ошириш масалаларини муҳокама қилишдир.

Тадбир давомида амнистия акти ижросини аниқ ва бир хилда таъминлаш, мазкур жараёнда қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўймаслик мақсадида судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва мутасадди идоралар ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.

Бундан ташқари, «Амнистия тўғрисида»ги Қарорнинг тўлиқ ва сифатли ижро этилишини таъминлаш ҳамда унинг ижросига масъул бўлган идоралар ходимларининг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида ўқув семинарлари ташкил этилиши ва ўтказиб борилиши, шунингдек, ушбу Қарорнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш бўйича тарғибот тадбирлари ўтказилиши лозимлиги таъкидланди.

Йиғилиш якунида мутасадди идоралар томонидан амнистия акти ижросини ўз вақтида, самарали ва уюшқоқлик билан таъминлаш борасида тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Бош прокуратура
Матбуот хизмати 

26.10.2016

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси