Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

ОАВ прокуратура ҳақида

Тадбиркорлар ўзларини қизиқтираётган саволларга мутасаддилардан жавоб олди

“...Тадбиркор нафақат ўзини ва оиласини, балки халқни ҳам, давлатни ҳам боқади. Мен такрор бўлса ҳам, айтишдан ҳеч қачон чарчамайман, яъни "Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”, деди Президентимиз Шавкат Мирзиёев.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Президентимизнинг юқоридаги даъватига мувофиқ тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан учрашувлар ўтказилиб, уларнинг орзу-мақсадлари, дарду ташвишлари ва таклифлари эшитилиб, очиқ мулоқотлар ташкил этилмоқда.

Ана шундай тадбирлар пойтахтимизнинг Юнусобод ва Яккасарой туманларида ҳам бўлиб ўтди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва прокуратураси ҳамкорлигида ўтказилган учрашувларда мазкур туманларда фаолият юритаётган тадбиркорлар, ҳокимлик, прокуратура, солиқ, молия, банк соҳалари масъул ходимлари иштирок этди.

Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Н.Ҳусанов, Тошкент шаҳар прокурори Б.Қудратхўжаев, шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғи М.Пардаев, Юнусобод тумани ҳокими М.Мирқосимов, Яккасарой тумани ҳокими С.Махаметов ва бошқалар мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, соҳа субъектлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш учун янги имкониятлар яратди.

Юнусобод туманида етти минг етти юздан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда. Туман ҳокимлигида ҳафтанинг ҳар жума куни тадбиркорлар учун «Очиқ эшиклар куни» деб эълон қилинган, «ягона дарча» маркази фаолияти йўлга қўйилган. Тадбиркорлик фаолияти йўлида учраётган турли тўсиқ ва муаммоларга вақтида барҳам бериш, ўз ишини бошлаш истагидаги фуқаролар учун кенг эркинлик ва қулайликлар яратиш, уларнинг фаолиятига аралашувни тубдан қисқартириш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

– Музлатгичлар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхонамизда 110 киши меҳнат қилмоқда, – дейди Юнусобод туманида жойлашган "Azn" масъулияти чекланган жамияти директори Анвар Назиров. – Уларнинг аксарияти коллеж битирувчиларидир. Бугунги учрашувда соҳа мутахассисларига корхонамиздаги мавжуд иш ўринларини кенгайтириш, ташкилотимизда ишлашни хоҳловчи битирувчилар сонини яна 20 тага кўпайтириш истаги билан мурожаат қилдик. Очиқ мулоқотда бугунги кунда қонунчилигимизга киритилган ўзгартиришлар ҳақида батафсил маълумот олдик.

Учрашувларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, соҳа субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга қўшимча имтиёз ва преференциялар яратиш, имтиёзли кредитлар ажратиш бўйича фикр ва таклифлар, ечимини кутаётган муаммолар ўртага ташланди.

Яккасарой туманида беш мингга яқин хўжалик юритувчи субъект рўйхатдан ўтган. 2016 йилда туманда 1 минг 100 дан зиёд янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди. Ҳокимлик, ҳуқуқ-тартибот ва бошқа мутасадди идоралар ҳамкорлигида турли сабабларга кўра фаолиятини тўхтатиб қўйган 80 дан зиёд тадбиркорлик субъекти ўз ишини қайта тиклаб, 260 янги иш ўрни яратилди. Ўтган йили прокуратура органлари томонидан 28 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди, 100 дан зиёд кичик бизнес субъектининг турли муаммолари ҳал этилишига амалий ёрдам кўрсатилди.

– Корхонамизда тайёрланаётган ип­-калава, мато, бошқа трикотаж маҳсулотлари нафақат ички бозорга, балки хорижга ҳам етказиб берилаётир, – дейди Яккасарой туманидаги "Rental Car Servis" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Усмон Абдуназаров. – 2016 йилда 100 минг долларлик маҳсулотни экспорт қилдик. Биз фаолиятимиз давомида турли ҳуқуқий-молиявий масалаларга дуч келамиз. Бугунги очиқ мулоқотда ушбу муаммоларга ечим топиш йўллари ҳақида фикр алмашиш имкониятига эга бўлдик. Келгусида корхонани янада кенгайтириб, чарм пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқариш, янги иш ўринлари яратиш ниятимиз бор.

Учрашувларда мутахассислар тадбиркорларнинг саволларига жавоб қайтарди.

Азима Қиёсова, ЎзА 

25.01.2017

Манба: ЎзА

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси