Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

ОАВ прокуратура ҳақида

Олмазор ва Сергели туманларида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ишбилармонлар манфаатларини таъминлаш, улар дуч келаётган муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш мақсадида давлат ва назорат қилувчи органлар масъул ходимлари ҳамда тадбиркорларнинг очиқ мулоқотлари ташкил этилмоқда.

Ана шундай тадбирлар пойтахтимизнинг Олмазор ва Сергели туманларида ҳам бўлиб ўтди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва прокуратураси ҳамкорлигида ўтказилган учрашувларда мазкур туманларда фаолият юритаётган тадбиркорлар, ҳокимлик, прокуратура, солиқ, молия, банк соҳалари масъул ходимлари иштирок этди.

Тадбирларда Олмазор тумани ҳокими Б.Ғойибназаров, Сергели тумани ҳокими Ф.Мақсудхўжаев ва бошқалар мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Олмазор туманида саккиз мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда. Туман ҳокимлигида ҳафтанинг ҳар жума куни тадбиркорлар учун «Очиқ эшиклар куни» деб эълон қилинган, «Ягона дарча» маркази фаолияти йўлга қўйилган. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, соҳа субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга қўшимча имтиёз ва преференциялар яратишга алоҳида эътибор қаратилган.

– Яратилаётган имкониятлардан фойдаланган ҳолда ўз тикувчилик цехимни ташкил қилдим, – дейди «Аъло омад ривож» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Маҳбура Қодирова. – Ҳозир корхонамизда 80 киши меҳнат қилмоқда. Уларнинг аксарияти коллеж битирувчиларидир. Корхонада махсус кийимлар, мактаб ва спорт либослари, чойшаб ва ёстиқ жилдлари тайёрламоқдамиз. Ишлаб чиқариш ҳажми ошиб, маҳсулот таннархи пасаймоқда ва корхонанинг иқтисодий салоҳияти юксалмоқда. Бугунги тадбирда қонунчилигимизга киритилган ўзгартиришлар ҳақида батафсил маълумот олдик. Мутахассислар иш фаолиятимизни янада кенгайтириш, банклардан имтиёзли кредит олиш йўлларини тушунтириб берди.

Йиғилишда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга доир етарли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базаси яратилганлиги қайд этилди. Шу билан бирга айрим маҳаллий ҳокимлик, давлат ва бошқарув органлари томонидан йўл қўйилган тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашиш, улар фаолиятига тўсқинлик қилиш ва ҳуқуқларини бузиш ҳолатларининг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.

– Туманимизда беш мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда, – дейди Сергели тумани ҳоким ўринбосари Бахтиёр Шомуродов. – Прокуратура органлари томонидан тадбиркорлар билан давра суҳбатлари, учрашувлар ташкил этилмоқда. Бунинг самарасида етти юздан ортиқ кичик бизнес субъектининг турли муаммоларини ҳал этишига ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатилди. Маълум сабабларга кўра етмиш уч тадбиркор фаолияти тўхтатилган эди. Уларнинг фаолияти прокуратура, ҳокимлик ва бошқа идоралар билан ҳамкорликда қайта тикланди.

Тадбирда тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволлар, муаммолар ечими юзасидан мутасаддилардан жавоб олди. Тадбир доирасида туман тадбиркорлари ишлаб чиқарган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА 

17.01.2017

Манба: ЎзА

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси