Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

ОАВ прокуратура ҳақида

Тўлов маданияти ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олади

Юртимизда жисмоний ва юридик шахсларнинг электр энергияси, табиий газ таъминотидан дебитор қарздорлиги бир неча триллион сўмга етгани ҳеч кимга сир эмас. Бундай вазият юзага келишига, авваламбор, таъминотчи корхоналар томонидан зарур чоралар кўрилмаганлиги оқибатида истеъмолчиларнинг шартнома мажбуриятларига риоя қилиши етарлича таъминланмагани, энергия ресурслари истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими яхши жорий этилмагани, идоравий назорат лозим даражада ўрнатилмаганлиги ҳамда Суд департаменти фаолиятини ташкил этишдаги жиддий камчиликлар сабаб бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Электр энергияси ва табиий газ етказиб -бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, мамлакатимизда мутлақо янги тузилма — Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди. Бюро зиммасига Суд ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлаш, электр, газ узатиш, газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-торож ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш, энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида, тўлиқ ундирилиши, истеъмолчилар қарздорлиги камайтирилишига эришиш каби қатор вазифалар юклатилган.

Фармон асосида жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб шундай тартиб жорий этилдики, унга мувофиқ, истеъмолчилар — жисмоний шахслар ҳар ойнинг 10 санасига қадар ўтган ойда истеъмол қилинган энергия ресурслари учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилишлари шарт. Акс ҳолда, улар белгиланган тартибда электр ва газ тақсимлаш тармоқларидан мажбурий узилади. Юридик шахсларга энергия ресурсларини етказиб бериш 100 фоизлик олдиндан ҳақ тўлаш асосида амалга оширилади. Ҳукуматимиз томонидан ушбу қоидаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг электр энергияси ва табиий газ етказиб берувчилар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги ҳамда Истеъмолчиларни электр ва газ тармоқларидан узиб қўйиш тартиби тўғрисидаги низомлар тасдиқланди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директори ўринбосари Зафаржон -Шодиев ушбу тартиб-таомиллар ҳақида сўзлаб берди.

— Бюро ташкил этилишининг бир қатор объектив сабаблари бор. Чунки энергетика соҳасида кўплаб муаммолар тўпланиб қолган эди, — деди З. Шодиев. — Улар электр энергияси ва табиий газ истеъмоли учун қарздорлик, ҳисобга олинмаганлик ва оқилона фойдаланмаслик, мавжуд инфратузилма аҳволи билан боғлиқдир.

Шуни қайд этиш керакки, бюронинг ҳудудий тузилмалари томонидан жорий йилнинг 1 август ҳолатига кўра, 7,6 триллион сўм миқдоридаги қарздан 2 триллион сўмдан ортиғи ундирилди, истеъмолчиларга умумий миқдори 2,9 триллион сўмлик қарзни тўлаш тўғрисида 2,4 миллион талабнома киритилди. Шу билан бирга, 16,6 минг юридик шахсларнинг банк ҳисобварақларига қиймати 558 миллиард сўмлик инкассо топшириқномалари киритилди. Ноқонуний қилмишлар бўйича 301 жиноий иш очилди, шунингдек, 1775 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилди. Бунинг оқибатида етказилган зарарнинг умумий миқдори 121,7 миллиард сўмни ташкил қилади. Айни пайтда 185 мингдан зиёд истеъмолчилар, шу жумладан, 14 мингдан ортиқ юридик шахслар электр ва газ тармоқларидан мажбурий узилди.

Бюро ўз фаолиятида “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти, “Ўзтрансгаз” акциядорлик компанияси, уларнинг ҳудудий тузилмалари билан етказиб берилган электр энергияси ва табиий газ учун қарздорлиги мавжуд истеъмолчиларни электр ҳамда газ тармоқларидан узиб қўйиш соҳасида ҳамкорлик қилиб келмоқда. Янги низомга кўра, бюро ва унинг ҳудудий бўлинмалари электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш, шу жумладан, электр ва газ тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда уларни талон-торож қилиш йўлларини тезкор аниқлаш мақсадида энергия ресурслари етказиб берувчиларнинг зарур мутахассисларини жалб этади.

— Бу жараёнда ахборот алмашинуви қандай амалга оширилади?

— Бюро ва унинг ҳудудий тузилмалари “Ўзбекэнерго” АЖ ва “Ўзтрансгаз” АКнинг биллинг тизимларига уланган. Энергия ресурслари етказиб берувчилар қарздорлиги мавжуд бўлган истеъмолчилар реестрини шакллантириб, ҳар ойнинг ўн биринчи санасидан бошлаб ҳар куни бюронинг туман ва шаҳар бўлимларига ундириш чора-тадбирларини кўриш учун юборади. Шу ўринда Президентимизнинг юқорида қайд этилган Фармонига мувофиқ, яқин кунларда Уй-жой коммунал, электр ва газ таъминоти хизматлари кўрсатишнинг ягона биллинг тизими ташкил қилинишини айтиб ўтиш жоиз.

Энергия ресурслари етказиб берувчилар бюро билан биргаликда ҳар ойнинг ўн бешинчи санасига қадар бевосита истеъмолчилар томонидан фойдаланилган электр энергияси ва табиий газ ҳажми ҳамда тегишли участкалар чегараларидаги тармоқларга етказиб берилган ҳажм ўртасида тафовутлар мавжудлигини аниқлайдилар. Шунингдек, олинган маълумотлар асосида тафовутнинг юзага келиши сабабларини, шу жумладан, электр ва газ тармоқларига ноқонуний уланиш, уларни талон-торож қилишнинг мумкин бўлган йўлларини топиш орқали аниқлаш бўйича белгиланган тартибда чоралар кўради.

Электр энергияси ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборларини ўрнатиш энергия ресурслари етказиб берувчиларнинг ходимлари томонидан бюро туман ҳамда шаҳар бўлимларининг электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини назорат қилиш бўйича давлат инспекторлари иштирокида амалга оширилади. Приборлар ташқи таъсирдан юқори даражали ҳимоя ҳамда фарқловчи белги билан пломбаланади.

— Истеъмолчиларни электр ва газ тармоқларидан мажбурий узиш тартиби қандай?

— Бюро истеъмолчиларни қарзни беш кун муддатда тўлаш зарурлиги тўғрисида хабардор қилади. Ушбу муддат ўтгандан кейин қарзларни мажбурий, шу жумладан, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда истеъмолчиларни электр ва газ тармоқларидан узиб қўйиш йўли билан ундириш чораларини кўради. Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатлари аниқланган тақдирда бюронинг туманлар (шаҳарлар) давлат назоратчиси истеъмолчиларни тармоқдан дарҳол узиб қўяди.

Истеъмолчилар шартнома мажбуриятлари бажарилмаганда, шу жумладан, ҳисоб-китоблар ўз вақтида амалга оширилмаганлиги оқибатида фойдаланилган электр энергияси ва табиий газ учун қарздорлик мавжуд бўлганда ҳамда бюро талабномалари ижро этилмаганда ҳам тармоқдан узиб қўйилади. Шу билан бирга, бюро вакилларига электр энергияси ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборларига кўрсаткичларни олиш учун рухсат этилмаса, электр ва газ тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-торож қилиш ёки электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузишнинг бошқа ҳолатлари аниқланса, электр энергияси ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборлари қасддан бузилганда, кўрсаткичларни ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашилса ҳам бундай қарор қабул қилишга асос бўлади.

— Истеъмолчини тармоқдан узиб қўйиш ва такрорий улаш кимнинг ваколатига киради?

— Электр ва газ тармоқларидан узиб қўйиш ҳамда уларни қайта улаш бюро, авария ҳолатида эса энергия ресурсларини етказиб берувчилар томонидан бюро хабардор қилинган ҳолда амалга оширилади. Қайта улаш учун истеъмолчилар бюронинг тегишли ҳудудий бўлинмасига, шу жумладан, ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида мурожаат қилишлари мумкин. Бюро томонидан истеъмолчиларни электр ва газ тармоқларига қайта улаш қарзлар тўлангандан кейинги кундан кечиктирмай амалга оширилади. Қайта улашда жисмоний шахслардан энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида, юридик шахслардан энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида тўлов ундирилади.

Хулоса ўрнида айтганда, ушбу саъй-ҳаракатлар соҳада бошқарув тизимини, назорат ва ҳисоблаш механизмларини янада такомиллаштириш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, электр ҳамда газ таъминоти соҳасида жавобгарликни кучайтириш, ижро интизоми самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Бунда қонунга итоаткор истеъмолчилар учун янада қулай шароитлар яратилади. Бинобарин, бюро ходимлари томонидан энергия ресурслари етказиб берувчилар билан биргаликда аҳоли ўртасида истеъмолчилар ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган тушунтириш ишлари олиб борилади.

Қобил ХИДИРОВ
суҳбатлашди.

Манба: Халқ сўзи газетаси

03.08.2017

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси