Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

ОАВ прокуратура ҳақида

БАҒРИКЕНГЛИКНИНГ ЮКСАК НАМУНАСИ ХАЛҚИМИЗГА ХОС БАҒРИКЕНГЛИК ВА КЕЧИРИМЛИЛИК ТАМОЙИЛЛАРИ НАФАҚАТ ИЖТИМОИЙ ҲАЁТИМИЗДА, БАЛКИ МИЛЛИЙ ҚОНУНЧИЛИГИМИЗДА ҲАМ ЎЗ ИФОДАСИНИ ТОПМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида мазкур қарор ижросига бағишлаб ўтказилган йиғилишда шу йўналишда амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар муҳокама этилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Ҳ.Ҳалимов бошқарган йиғилишда мамлакатимизда барча соҳаларда, хусусан, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, аввало, инсон манфаатларини таъминлашга, инсонпарварлик, меҳр-шафқат ва бағрикенглик тамойилларини мустаҳкам қарор топтиришга хизмат қилаётгани таъкидланди.

Мамлакатимизда Президентимиз такдимномасига биноан амнистия акти қабул қилинаётгани бунинг ёрқин тасдиғидир. Чунки билиб-билмай жиноят содир этган ва жазога тортилган, лекин кейинчалик хатосини тушуниб етган кўплаб шахслар шу асосда оиласи бағрига қайтади.

Йиғилишда Олий Мажлис Сенати қарори ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар юзасидан батафсил маълумот берилди. Жазони ижро этиш жойларидан қайтиши кутилаётган шахсларнинг жамиятга мослашишига имконият бериш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, иш билан таъминлаш, ёлғиз ва ёрдамга муҳтожларга тегишли ёрдам кўрсатиш, вояга етмаганлар ўз ота-оналари ёки васийлик органларининг назоратига топширилиши, тиббий ёрдамга муҳтожларга соғлиғини тиклаши учун шароит яратишга оид чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Амнистия актининг очиқ-ошкоралик тамойиллари асосида қўлланилиши, бунда жамоатчилик назорати, хусусан, депутатлар корпусининг бевосита иштирокини таъминлаш юзасидан зарур чоралар кўрилаётир. Шу мақсадда сенаторлар, депутатлар, Олий Мажлиснинг Инсон (Омбудсман) минтақавий вакилларидан иборат ишчи гуруҳлари тузилган. Бу мамлакатимизда жамиятни демократлаштириш, фуқаролик жамияти институтларининг жамоатчилик назоратини кучайтириш борасида амалга ошираётган ишларнинг амалий тасдиғидир.

Тадбирда амнистия тўғрисидаги қарор ижросини таъминлаш, мазкур жараёнда қонунбузилишларга йўл қўймаслик мақсадида суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва мутасадди идоралар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш масалаларига эътибор қаратилди. Қарорнинг ўз вақтида, сифатли бажарилишини таъминлаш юзасидан бу борада масъул идоралар ходимларининг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида жойларда ўқув семинарлари ташкил этилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий суд, жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоят судлари, Адлия, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликлари, Солиқ ва Божхона давлат қўмиталари, прокуратура ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари масъул ходимлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган йиғилишда амнистия акти ижросини таъминлаш ишларини ўз вақтида ва самарали олиб бориш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Норгул АБДУРАИМОВА,

ЎзА мухбири.

24.12.2015

Манба: ЎзА

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси