Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

ОАВ прокуратура ҳақида

Амнистияга оид қарор ижроси таъминланди

Амнистия акти муҳим профилактик, ижтимоий ва тарбиявий аҳамиятга эга бўлиб, муайян тоифадаги шахсларни нафақат жавобгарликдан ва жазодан озод қилишни, балки уларни даволаш, бандлигини таъминлаш, ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш борасидаги бошқа қатор муҳим тадбирларни кўзда тутади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев тақдимномасига мувофиқ Олий Мажлис Сенати томонидан 2016 йил 12 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарор ижросини таъминлашда ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди. 2017 йил 13 январь ҳолатида амнистия акти қирқ мингга яқин шахсга нисбатан татбиқ этилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги қарор ижроси якунларига бағишланган йиғилишда шулар ҳақида сўз юритилди.

Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Б.Матмуродов, Бош прокуратура бошқарма бошлиғи Ж.Бозоров ва бошқалар мамлакатимизда барча соҳаларда, хусусан, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилган ислоҳотлар инсон манфаатларини таъминлашга хизмат қилаётганини таъкидлади. Амнистияга оид қарор бунинг ёрқин тасдиғидир. Халқимизга хос инсонпарварлик, эзгулик ва раҳмдилликнинг юксак намунаси бўлган амнистия туфайли қонунни четлаб ўтган шахсларга тузалиш, оиласига қайтиш ҳамда жамиятнинг муносиб аъзоси бўлиш учун яна бир имконият берилди.

Амнистияга оид қарорнинг қўлланилишида ошкоралик тамойилига тўлиқ амал қилинишига эътибор қаратилди. Бунда жамоатчилик назорати, хусусан, депутатлар корпусининг бевосита иштирокини таъминлаш юзасидан зарур чоралар кўрилди. Шу мақсадда сенаторлар, депутатлар, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг минтақавий вакиллари, Фуқаролик жамияти институтлари ходимларидан иборат ишчи гуруҳлари тузилди. Улар томонидан жазони ижро этиш муассасаларида 185 учрашув ўтказилди. 8,3 мингдан зиёд маҳкум билан суҳбат қилинди. Амнистия актига асосан жазодан озод қилинган шахслар билан олиб борилаётган ишлар мониторинг қилиб борилди. Бундан ташқари, оммавий ахборот воситалари, ташкилотлар, меҳнат жамоалари, жазони ўташ жойлари ҳамда маҳаллаларда қарорнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш борасида кўплаб тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Мажлисда қайд этилганидек, амнистия акти татбиқ этилган шахслардан 26 мингдан зиёди жиноий жавобгарликдан ҳамда жиноий жазодан озод қилинган. Жумладан, амнистия 5,4 мингдан зиёд хотин-қизга, 893 вояга етмаганга, 410 нафар чет давлатлар фуқаросига нисбатан қўлланилган.

Қарорнинг 2-бандига мувофиқ эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этган, шунингдек, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятларни қасддан содир этганлиги учун биринчи марта ҳукм қилинган 15 мингдан зиёд шахс жазодан озод қилинган. 13,5 мингга яқин шахснинг озодликдан маҳрум қилиш жазоси муддати қарорнинг 6-бандига мувофиқ қисқартирилган.

Амнистия тўғрисидаги қарор асосида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жазодан озод қилинган шахсларнинг ижтимоий мослашуви ва ҳимоясига оид чораларни рўёбга чиқариш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, адлия, суд, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарларидан иборат ҳудудий комиссиялар тузилганлиги ўз самарасини берди. Мазкур комиссиялар томонидан озодликдан маҳрум қилиш жойларидан бўшатилган шахсларнинг ижтимоий мослашуви ва ҳимоясини таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Олий Мажлис Сенати аъзолари, Бош прокуратура, Конституциявий ва Олий судлар, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Вазирлар Маҳкамаси, Ички ишлар, Меҳнат, Соғлиқни сақлаш, Ташқи ишлар, Адлия вазирликлари масъул ходимлари ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этган йиғилишда ушбу йўналишдаги ишларни янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Норгул Абдураимова, ЎзА

25.01.2017

Манба: ЎзА

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси