Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Тадбирлар

ҲУҚУҚИЙ ФАОЛЛИКНИ ОШИРИШ МАСАЛАСИГА БАҒИШЛАНГАН ДАВРА СУҲБАТИ

Бош прокуратурада “Фуқароларнинг ҳуқуқий фаоллигини оширишда суд-ҳуқуқ органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлиги” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Бош прокуратура, Конституциявий суд, Олий суд, Олий хўжалик суди, Адлия, Ички ишлар вазирликлари масъул ходимлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ва бошқа муассаса вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, қонун устуворлиги ҳамда қонунийликни мустаҳкамлаш, шахс ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ҳамда либераллаштириш мамлакатимизни демократик янгилашнинг муҳим йўналишидир. Ўз навбатида, аҳолининг юксак ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти демократик ҳуқуқий давлат ҳамда фуқаролик жамиятининг асосидир.

Фуқароларнинг ҳуқуқий билимга эга бўлиши билан бир қаторда уларнинг ҳуқуқбузарликларга қарши курашда қатнашишлари ҳуқуқий фаолликнинг муҳим белгиси ҳисобланади.

Шунингдек, анжуманда аҳолининг кенг қатламлари билан суд-ҳуқуқ органларининг вакиллари, адвокатлар ва ҳуқуқшунос олимларнинг учрашувларини ташкил этиш, ҳуқуқий адабиётларнинг оммабоплигини таъминлаш фуқароларнинг ҳуқуқий фаол бўлишига кўмак бериши алоҳида қайд этилди.

Тадбир якунида аҳолининг ҳуқуқий онги, ҳуқуқий маданияти ва фаоллигини оширишда суд-ҳуқуқ органлари билан фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик самарадорлигини янада оширишга ҳамда мазкур соҳадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштиришга доир тавсиялар ишлаб чиқилди.

Бош прокуратура
Матбуот хизмати

28.05.2016

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси