Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Тадбирлар

Илмий-амалий семинар бўлиб ўтди

2016 йил 24 февраль куни Тошкент шаҳар прокуратурасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Олий ўқув курслари томонидан ташкил этилган «Тезкор-қидирув фаолияти қонунчилигини такомиллаштириш масалалари» мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.

Унда Бош прокуратуранинг Олий ўқув курслари, Ички ишлар вазирлиги Академияси, Олий ҳарбий божхона институти, Тошкент давлат юридик университети, Тошкент олий ҳарбий техника билим юртининг профессор-ўқитувчилари, талабалари ва тингловчилари, прокуратура ва ички ишлар органлари ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотларини амалга ошириш доирасида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Қонунининг мақсади тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлаш, ушбу жараёнда қонунийликни таъминлашнинг ҳуқуқий кафолатларини яратишга қаратилган.

Ушбу қонун демократик давлатларнинг умумэътироф этилган амалиётига мос бўлиб, жиноятларнинг олдини олиш ва тезкорлик билан очиш бўйича чораларнинг самарадорлигини, шунингдек, суриштирув ва дастлабки терговнинг сифатини яхшилашга хизмат қилади.

Қонун қабул қилиниши билан соҳага оид илмий тадқиқот ишлари фаоллашган, шарҳлар, ўқув қўлланмалари ва илмий мақолалар чоп этилган, шунингдек, мазкур фаолиятни амалга оширувчи органларнинг идоравий ҳужжатлари ишлаб чиқилган ҳамда улардан амалий фаолиятда кенг фойдаланилмоқда.

Тадбир иштирокчилари “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Қонунни янада такомиллаштириш ҳамда унинг талабларини амалда самарали қўллаш борасидаги ўз таклифларини билдиришди.

Семинар якуни бўйича тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Бош прокуратура
Матбуот хизмати

25.02.2016

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси