Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Воқеалар

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ БЎЙИЧА ИСТАНБУЛ ҲАРАКАТЛАР РЕЖАСИ ТАВСИЯЛАРИ БАЖАРИЛИШИ МОНИТОРИНГИ ЯКУНЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

2016 йил 21-22 январь кунлари Коррупцияга қарши курашиш бўйича Истанбул ҳаракатлар режаси тавсияларини амалга ошириш жараёнининг мониторинги бўйича ҳисобот тақдим қилиш, шунингдек, келгусидаги ҳамкорликнинг истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (ИҲРТ) делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш бўйича Истанбул ҳаракатлар режасига 2010 йил март ойида қўшилган. Унинг мақсади давлатларга коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий қонунчилик ва институтларни бу соҳадаги халқаро стандартларга мувофиқлаштириш борасида тажриба алмашишга кўмаклашиш ҳисобланади.

Мазкур ташриф доирасида 2016 йил 21 январда Тошкент давлат юридик университетида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда ИҲРТ халқаро экспертларининг давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, илмий доиралар ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашуви ўтказилди.

Учрашув қатнашчилари Коррупцияга қарши курашиш бўйича Истанбул ҳаракатлар режаси тавсияларининг бажарилиши жараёни билан батафсил хабардор қилиниб, Ўзбекистон Республикасини мониторинг қилиш натижалари бўйича ишлаб чиқилган янги тавсиялар билан таништирилди.

Шундан сўнг ИҲРТ мониторинг гуруҳи экспертлари О.Зудова ва И.Куште иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда республика ОАВлари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг босма органлари ҳамда идоравий матбуот хизматлари вакиллари қатнашдилар. Матбуот анжуманини Бош прокуратура Матбуот хизмати раҳбари Г.Раҳимова олиб борди.

Экспертлар қатнашчиларга Шарқий Европа ва Марказий Осиё учун коррупцияга қарши курашиш Тармоғининг мақсад ва вазифалари, шунингдек, Ўзбекистонда ўтказилган мониторингларнинг учинчи раунди жараёнида ишлаб чиқилган хулосалар ҳақида қисқача гапириб ўтдилар.

Шунингдек, Матбуот анжумани давомида хорижий вакиллар мониторингнинг биринчи ва иккинчи раундлари якуни бўйича тавсияларнинг Ўзбекистон томонидан бажарилиши юзасидан журналистларга маълумот бердилар. Хусусан, Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши сиёсатни ишлаб чиқиш, ушбу соҳада қонунчиликни такомиллаштириш борасидаги ютуқлари ҳамда бошқа ижобий ўзгаришлар эътироф этилди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.

Бош прокуратура
Матбуот хизмати

25.01.2016

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси