Call-center: 1007

Умумий масалалар бўйича: 232-10-07

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

Воқеалар

СУД-ҲУҚУҚ ТИЗИМИНИ ЯНАДА ИСЛОҲ ҚИЛИШ, ФУҚАРОЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИНИ ИШОНЧЛИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ КАФОЛАТЛАРИНИ КУЧАЙТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ФАРМОНИ

Суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш мақсадида:

1. Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, шунингдек одил судловга эришиш даражасини ошириш суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари этиб белгилансин.

Давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларининг муҳим вазифалари сифатида қуйидагилар белгилансин:

суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий нормаларга ва одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципига оғишмай амал қилинишини таъминлаш;

фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қилиш ҳолатлари юзасидан зудлик билан зарур чоралар кўриш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш, мурожаатларни кўриб чиқишда сансалорлик ва бефарқ муносабатда бўлиш ҳолатларига йўл қўйганлик учун жиноий жавобгарликкача бўлган жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш, шунингдек бузилган ҳуқуқларни тиклаш бўйича барча зарур чораларни кўриш;

фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва аҳоли билан ҳамкорлик қилишнинг самарали механизмларини кенг қўллаш;

фаолиятни иш якунларининг комплекс таҳлили асосида режалаштириш ва ташкил этиш, бунда эътиборни аввало ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш орқали тизимли қонунбузарликларнинг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш ҳамда бартараф этишга қаратиш;

ходимлар ўртасида суиистеъмолчилик ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, профилактика қилиш ва уларга чек қўйиш бўйича идоравий назоратни кучайтириш, одоб-ахлоқ қоидаларига оғишмай риоя этилишини таъминлаш;

юксак ахлоқий-иродавий ва касбий фазилатларга эга, юклатилган вазифалар ва амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарали бажарилишини таъминлашга қодир бўлган кадрларни шаффоф танлов асосида ишга қабул қилиш тизимини такомиллаштириш;

фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган илғор илмий-техника воситалари ва ахборот-коммуникация технологияларини, шунингдек ишни ташкил этишнинг замонавий шакл ва усулларини жорий этиш.

2. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди, Бош прокуратураси ва Адлия вазирлигининг судьялик лавозимига биринчи маротаба беш йил муддатга ва кейин ўн йил муддатга, шундан сўнг муддатсиз даврга тайинлаш (сайлаш)ни назарда тутувчи таклифи маъқуллансин.

3. Белгилансинки, 2017 йилнинг 1 апрелидан:

озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган муқобил жазо турларини қўллашни кенгайтириш орқали қамоқ тариқасидаги жиноий жазо тугатилади;

жиноятни содир этишда гумон қилинган шахсларни ушлаб туриш муддати 72 соатдан 48 соатга қисқартирилади;

қамоққа олиш ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллашнинг, шунингдек дастлабки терговнинг энг кўп муддати 1 йилдан 7 ойга қисқартирилади;

почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш ва эксгумация қилиш учун санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилади;

судларга қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш рад этилганда муқобил эҳтиёт чораларини қўллаш ҳуқуқи берилади;

терговнинг тўлиқ эмаслигини суд муҳокамаси жараёнида тўлдириш механизмларини жорий этиш орқали суд томонидан жиноят ишини қўшимча тергов юритишга қайтариш институти бекор қилинади;

фуқаролик иши бўйича суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш муддати 3 йилдан 1 йилга қисқартирилади;

вилоят даражасидаги судлар томонидан жиноят ва фуқаролик ишларини назорат тартибида кўриб чиқиш институти тугатилиб, тегишли суд раислари ва прокурорларнинг назорат тартибида протест келтириш бўйича ваколатлари бекор қилинади;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг ишларни назорат тартибида кўриб чиқиш бўйича бир-бирини такрорловчи ваколатлари бекор қилинади;

адлия органларининг умумий юрисдикция судлари фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш соҳасидаги вазифа ва ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Олий судига ўтказилади;

хўжалик судлари тизимида минтақавий апелляция судлари ташкил этилади.

4. Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда – Дастур) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан вазирлик ва идоралар раҳбарлари зиммасига шахсий жавобгарлик юклансин.

5. Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш бўйича Комиссия (кейинги ўринларда – Комиссия) 2-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.

Комиссия (И.Б.Абдуллаев):

вазирлик ва идоралар, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари мутахассислари, фуқаролик жамияти институтлари вакилларини жалб этган ҳолда қонун ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаш бўйича эксперт гуруҳларини ташкил этсин;

қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини чуқур танқидий таҳлил қилиш, илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида Дастурда назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилишини таъминласин;

қонун ҳужжатлари лойиҳаларини жамоатчилик ўртасида, шу жумладан, давра суҳбатлари, семинарлар ва конференциялар ўтказиш орқали кенг муҳокама қилишни ташкил этиш чораларини кўрсин;

Дастурда назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатли тайёрланиши ва ўз вақтида белгиланган тартибда киритилиши, шунингдек бошқа тадбирларнинг бажарилиши устидан назоратни таъминласин.

6. Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди, Бош прокуратураси ва Адлия вазирлиги илғор хорижий тажрибани чуқур ўрганиш асосида 2017 йил 1 июлга қадар:

суд-прокурор ходимлари малакасини ошириш ва раҳбар кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш;

вояга етмаганлар учун назарда тутилган жиноий жазоларни либераллаштириш, процессуал ҳаракатларни амалга оширишда уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, шунингдек судланганлик ҳолатини тугатиш ва судланганликни олиб ташлаш муддатлари ва асосларини қайта кўриб чиқиш;

томонларнинг ярашганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиш институтини кенгайтириш;

ижтимоий хавфи катта бўлмаган айрим жиноят таркибларини жиноят тоифасидан чиқариш;

жиноят ишини қўзғатиш фақат жабрланувчининг аризасига кўра амалга ошириладиган жиноят таркиблари рўйхатини кенгайтириш;

фуқаролик, жиноят ишлари бўйича судлар ва хўжалик судларининг ваколатларини қайта кўриб чиқиш йўли билан маъмурий судларни ташкил этиш;

электрон тартибда суд ва ижро ишини юритишнинг замонавий шакл ва усулларини, шунингдек одил судловга эришишнинг илғор механизмларини кенгроқ жорий этиш орқали одил судловни амалга ошириш сифатини яхшилашни назарда тутувчи таклифларни ишлаб чиқсин ва киритсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда илғор хорижий тажрибани чуқур ўрганиш асосида уч ойлик муддатда:

давлат органларида юридик хизматнинг фаолиятини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш;

адлия органлари тизимида юридик хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва уларга услубий ёрдам кўрсатиш бўйича тузилмалар ташкил қилишни назарда тутувчи таклифларни киритсин.

8. Мазкур Фармон ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси вазифасини бажарувчи О.Б.Муродов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.А.Коканбаев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси
Президенти вазифасини бажарувчи                                                      Ш.Мирзиёев

Тошкент шаҳри, 
2016 йил 21 октябрь

* * *

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига
ШАРҲ

Мустақиллик йилларида амалга оширилган ислоҳотлар суд-ҳуқуқ соҳасини демократлаштириш ва эркинлаштиришга, суд ҳокимиятининг фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги роли ва аҳамиятини оширишга замин яратди.

Шу билан бирга, мамлакатни ривожлантиришнинг замонавий талаблари ва стратегик устувор вазифалари суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштиришни талаб этади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазкур соҳадаги давлат сиёсатини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариб, қуйидаги учта асосий устувор йўналишларни белгилаб берди:

суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш;

фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш;

одил судловга эришиш даражасини ошириш.

Мазкур устувор йўналишларни амалга ошириш мақсадида суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларининг муҳим вазифалари этиб:

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 112-моддасида белгиланган судьялар мустақиллиги, уларнинг фақат қонунга бўйсуниши ва одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципига оғишмай амал қилинишини таъминлаш;

фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга тажовуз қилиш ҳолатлари юзасидан барча зарур чораларни кўриш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартибини бузиш ва сансалорликка йўл қўймаслик;

тегишли ахборотни ўз вақтида жамоатчиликка етказиш орқали фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда аҳоли билан ҳамкорлик самарадорлигини ошириш;

ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш орқали тизимли камчилик ва қонунбузилишларни аниқлаш ва бартараф этиш, иш фаолиятига илғор илмий-техника воситалари ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш;

идоравий назоратни кучайтириш, ходимлар ўртасида суиистеъмолчилик ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларга чек қўйиш, кадрлар таркибини сифат жиҳатидан яхшилаш, кадрларни танлашнинг энг муносиб номзодларни ишга қабул қилишни таъминлайдиган замонавий механизмларини жорий этиш белгиланди.

Фармонга мувофиқ суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, касбий нуфузини ошириш, юқори малакали ва самарали фаолият юритувчи суд корпусини шакллантириш мақсадида илк бор судьяларнинг ваколат муддатлари қайта кўриб чиқилди.

Хусусан, судьялик лавозимига биринчи маротаба беш йил муддатга ва кейин ўн йил муддатга, шундан сўнг муддатсиз тайинлаш (сайлаш)ни назарда тутувчи тартиб жорий этилди.

Киритилаётган бу ўзгартишлар халқаро стандартлар ва ривожланган демократик давлатларнинг илғор тажрибасига тўлиқ мос келади.

Шу билан бирга, Фармон билан 2017 йилнинг 1 апрелидан жиноят, жиноят-процессуал, фуқаролик процессуал ва бошқа қонун ҳужжатларига инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигини таъминлаш, суд муҳокамасини адолатли ва ўз вақтида ўтказиш, жазонинг адолатли ва инсонийлиги кафолатларини кучайтиришни инобатга олган ҳолда одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилган бир қатор ўзгартишлар киритилмоқда.

Жумладан, қамоқ тарзидаги жиноий жазо тури тугатилиб, унинг ўрнига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазонинг муқобил турларини қўллаш имконияти кенгайтирилмоқда.

Яъни жиноий жазолар тизимидан нисбатан қаттиқ таъсир чораларидан бири чиқарилаётганлиги жиноий жазоларни либераллаштиришга, ҳуқуқбузарларга нисбатан тарбиявий-тузатиш таъсир чораларининг илғор шакл ва услубларини кенг қўллаш бўйича олиб борилаётган сиёсатнинг мантиқий давоми ҳисобланади.

Жиноят процессида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини кучайтириш, жиноят ишларини тергов қилишнинг тезкорлигини ошириш доирасида:

жиноят содир этишда гумон қилинган шахсларни ушлаб туриш муддати 72 соатдан 48 соатга;

қамоққа олиш ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллашнинг, шунингдек жиноят ишлари бўйича дастлабки терговнинг энг кўп муддатлари 1 йилдан 7 ойга қисқартирилмоқда.

Ушбу чораларнинг жорий этилиши, бир томондан, фуқароларнинг эркинлигини асоссиз чеклаш ҳолатларидан ҳимоя қилинишини, иккинчи томондан, суриштирув ва тергов органларининг масъулияти ва фаолияти самарадорлиги ошишини таъминлайди.

“Хабеас корпус” институти қўлланишини янада кенгайтириш доирасида прокурорларнинг почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш ва эксгумация қилиш каби тергов ҳаракатларини ўтказишга санкция бериш бўйича ваколатлари судларга ўтказилмоқда.

Бу ўзгартишлар инсоннинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсизлиги, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмаслиги ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига тўла мос келади.

Бундан ташқари, судга қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш рад этилган тақдирда муқобил эҳтиёт чорасини қўллаш имконияти берилмоқда.

Судда иш юритиш тезкорлиги ва сифатини ошириш, иш бўйича якуний қарорлар қабул қилиш муддатларини асоссиз кечиктиришни бартараф этиш, судларнинг жиноят процессидаги ролини оширишга қаратилган янгилик сифатида суд томонидан жиноят ишини қўшимча терговга қайтариш институтининг бекор қилинаётганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Фуқаролик иши бўйича суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш имкониятини берувчи муддатнинг 3 йилдан 1 йилга қисқартирилиши эса, фуқаролик ҳуқуқий муносабатларнинг барқарорлиги, фуқаролик процесси иштирокчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.

Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тизимини такомиллаштириш, шунингдек суд процесси муддатлари ва сифатига салбий таъсир кўрсатувчи ортиқча оралиқ инстанцияларни бартараф этиш мақсадида Фармонда вилоят даражасидаги судлар томонидан фуқаролик ва жиноят ишларини назорат тартибида қайта кўриш бўйича бир-бирини такрорловчи инстанциялари тугатилиб, ўз навбатида, тегишли суд раислари ва прокурорларнинг назорат тартибида протест келтириш ваколати бекор қилиниши назарда тутилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг ишларни назорат тартибида кўришга оид бир-бирини такрорловчи ваколатлари бекор қилинмоқда.

Ортиқча ва бир-бирини такрорловчи инстанцияларнинг бекор қилиниши айнан бир назорат инстанцияси томонидан ишларнинг бир неча бор кўриб чиқилишини олдини олади, суд қарорларининг узил-кесиллиги ва барқарорлигини таъминлаб, фуқароларнинг судларга бўлган ишончини янада оширади.

Шунингдек Фармонда вилоят хўжалик судларининг қарорларини ўзлари томонидан қайта кўриш ваколатини чеклаш мақсадида ушбу судлар тизимида минтақавий апелляция судларини ташкил этиш назарда тутилди.

Фармоннинг суд ҳокимияти мустақиллиги асосларини мустаҳкамловчи алоҳида аҳамиятли томониадлия органларининг умумий юрисдикция судлари фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш бўйича вазифа ва ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Олий судига ўтказилаётганидир.

Ушбу чора судларнинг мустақиллиги ва уларнинг фаолиятига аралашмасликнинг қўшимча кафолатларини яратади.

Шу билан бирга, Фармонга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди, Бош прокуратураси ва бошқа манфаатдор идораларга 2017 йил 1 июлга қадар илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда қуйидаги масалалар бўйича асослантирилган таклифлар тайёрлаш топширилди:

суд-прокурор ходимларининг малакасини ошириш ва раҳбар кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш;

процессуал ҳаракатларни амалга оширишда вояга етмаганларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, жиноий жазоларни либераллаштириш, шунингдек судланганлик ҳолатини тугатиш ва судланганликни олиб ташлаш муддатлари ва асосларини қайта кўриб чиқиш;

ўзбек халқининг эзгулик ва раҳмдиллик каби кўп асрлик анъаналарига мос бўлган ярашув институтини жиноят процессида қўллаш доирасини кенгайтириш. Бу норма қонунни четлаб ўтган, содир этган қилмишидан пушаймон бўлган ва етказилган зиённи қоплаган фуқароларни жавобгарликдан озод қилиш имконини беради;

ижтимоий хавфи катта бўлмаган айрим турдаги жиноят таркибларини жиноят тоифасидан чиқариш;

жабрланувчининг аризаси асосида жиноят иши қўзғатилиши мумкин бўлган жиноят таркиблари рўйхатини кенгайтириш;

электрон тартибда суд ва ижро иши юритишнинг замонавий шакл ва усулларини, одил судловга эришишнинг илғор механизмларини жорий этиш орқали одил судлов сифатини ошириш. Бу ташаббуснинг амалга оширилиши суд фаолиятининг самарадорлигига, шунингдек “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Қонунни амалга ошириш доирасида республикани ривожлантиришнинг замонавий босқичи талабларига тўлиқ асосланган одил судловнинг жамоатчилик учун очиқлиги, шаффофлиги ва эркинлиги принципларини ҳаётга изчил татбиқ этишга хизмат қилади.

Бундан ташқари, қонунийликни таъминлашда ҳамда мамлакатимизда ислоҳотларни самарали рўёбга чиқаришда юридик хизматлар ролини ошириш мақсадида давлат органларининг юридик хизматлари фаолиятини янада такомиллаштиришга доир аниқ чора-тадбирлар назарда тутилмоқда.

Қайд этилган асосий вазифалар ва янги нормаларни ҳаётга татбиқ этиш учун Фармон билан суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантириш борасида 8 та энг устувор соҳалар бўйича 45 та аниқ тадбирларни амалга оширишни назарда тутувчи Комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Фармонни ижро этиш доирасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Жиноят, Жиноят-процессуал, Фуқаролик процессуал, Хўжалик процессуал кодекслари ва бир қатор бошқа қонун ҳужжатларига зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш тизимини изчил такомиллаштириш ва мустаҳкамлаш мақсадида умумэътироф этилган халқаро стандартлар асосида бир қатор алоҳида қонунлар, шу жумладан “Жабрланувчилар, гувоҳлар ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Медиация тўғрисида”ги, “Маъмурий судлов ишларини юритиш тўғрисида”ги қонунларни қабул қилиш режалаштирилмоқда.

Ушбу дастурий ҳужжатнинг амалга оширилиши мамлакатнинг суд-ҳуқуқ тизими фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш, шунингдек аҳолининг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш имконини беради.

22.10.2016

Манба: ЎзА

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси