Call-center: 1007

По общим вопросам: 232-10-07

Генеральная прокуратура Республики Узбекистан

Новости

ЎЗБЕК ДАВЛАТЧИЛИГИНИНГ ҲУҚУҚИЙ ПОЙДЕВОРИ

Давлат суверенитетини эълон қилган, ўзини жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли субъекти деб ҳисоблаган ҳар қандай давлат, аввало, ўз мустақиллигини конституциявий асосда мустаҳкамлаб қўяди. Ўзбекистон Республикаси ҳам суверенитетга эришгач, барча тараққийпарвар давлатлар каби ўзининг мустақил давлат мақомини конституциявий асосда мус­таҳкамлашга киришди.

Янги Конституцияда ёш давлатимизнинг мақсади, инсон ҳуқуқларига, демократия ва ижтимоий адолатга содиқлиги мустаҳкамлаб қўйилиши керак эди. Шу билан бирга, у ўзбек давлатчилиги тарихий тажрибасини ҳисобга олиши, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрларига таяниши, фуқаролар учун муносиб ҳаётни таъминлашга асос бўлиши, барқарор бозор иқтисодига асосланган демократик давлат, фаровон жамият учун ҳуқуқий пойдевор яратиши керак эди. Шундай бўлди ҳам.

1992 йилнинг 8 декабрида халқаро ҳуқуқ нормалари ва андозалари талабларига жавоб берадиган замонавий Конституция қабул қилинди ва мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва эркин фуқаролик жамиятини шакллантириш сари қатъий қадам қўйилди.

Конституция лойиҳаси икки ярим ой мобайнида оммавий ахборот воситаларида, фаоллар йиғилишларида, минг-минглаб меҳнат жамоаларида чуқур ва атрофлича муҳокама қилинди. Мазкур тарихий факт Конституциямизнинг нақадар халқчил эканлигидан, унинг демократик тамойиллар асосида ҳамда мамлакат фуқароларининг таклифлари инобатга олинган ҳолда қабул қилинганлигидан яққол далолатдир.

Халқимизнинг ушбу муҳокамалардаги фаол иштироки ўз тақдирига бефарқ эмаслигини, келажакда қандай давлат ва жамият барпо этиш истаги борлигини яна бир бор кўрсатди. Барча аҳоли қатламлари вакиллари маълум даражада ўз муносабатини билдириб, Конституциямизнинг мукаммал ҳужжат бўлишига ҳисса қўшишди.

Агар эътибор берадиган бўлсак, Асосий қонунимизнинг муқаддимасида санаб ўтилган устувор меъёрлар Ўзбекистон хал­қи, ҳар бир фуқароси ҳаётининг маъноси, мақсади қай даражада улуғвор ва эзгу эканлигини бутун жаҳонга маълум қилади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун — 8 декабрь умумхалқ байрами саналади ва алоҳида тантана қилинади. Унинг нормалари кундалик ҳаётимизда тўлиқ намоён бўлмоқда.

Конституцияда қонун устуворлиги, унинг барча фуқаролар учун тенглиги, давлат ҳокимияти қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлинишининг ҳуқуқий принципи белгилаб қўйилгани боис, уларнинг мустақил ҳокимият тармоғи сифатида янада такомиллашуви, демократик давлатнинг асосий шарти бўлган ҳокимиятлар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатини сақлаш механизмининг самарали шакллантирилиши борасида салмоқли қадамлар ташланмоқда.

Конституция принциплари асосида чинакам профессионал парламентнинг шакллантирилиши қонун ижодкорлиги фаолиятини сифат жиҳатидан юқори поғонага кўтарди. Қонун чиқарувчи ҳокимият тубдан ислоҳ қилинди. Асосан халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари вакилларидан ташкил топган юқори палата — Сенат ҳудудлар манфаатларини ифода этмоқда, қуйи — Қонунчилик палатаси эса ўз фаолиятини доимий профессионал асосда амалга ошираяпти.

Конституцияда энг асосий, энг барқарор ижтимоий муносабатлар, узоқ даврларга мўлжалланган қатъий қоидалар мустаҳкамланади ва бу қоидалар бевосита амал қилиб, бошқа қонун ҳужжатларида очиб берилади ҳамда аниқлаштирилади. Конституцияда мавжуд бўлган қоидалар негизида бош­қа қонунлар ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилади, қабул қилинади. Бундай ҳолатларда барча жорий қонунларнинг ҳу­қуқий асоси, бош манбаи Конституция бўлиб қолаверади. Қабул қилинаётган ва жорий қонунлар, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг барчаси унга мувофиқ бўлиши лозим. Конституциянинг асосий қонун сифатидаги аҳамияти, обрў-эътибори, барқарорлиги оддий қонунлардан шу жиҳатлари билан фарқ қилади.

Конституцияни ўрганиш, уни англаб етиш, аввало, инсонга ўз ҳуқуқларини танитади. Ҳуқуқини таниган ҳар бир инсон ўз ҳуқуқи ва эркинлигини қандай ҳимоя қилишни ҳам яхши билади. Бундай пайтларда у бузилган ҳақ-ҳуқуқини тиклаш ёки ўз ҳуқуқларидан фойдаланиш мақсадида тегишли муассасаларга мурожаат қила олади.

Шуни ҳам айтиб ўтиш ўринлики, бугун юртдошларимизнинг онги, дунёқараши бундан ўн-ўн беш йил аввалгидан кескин фарқ қилади. Аксарият фуқаролар ҳуқуқи, қонуний манфаатлари бузилган ҳолатларда тегишли органларга мурожаат этишмоқда. Бу халқимизнинг ҳуқуқий онги ва маданиятининг йил сайин ортиб бораётганидан далолат беради.

Ўзбекистон Конституциясининг ҳаётдаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб этиш — фуқаролар, айниқса, ёшлар қалбида қонунга ҳурмат, Ватанга меҳр ва садоқат туйғусини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга хизмат қилади.

Ботир ЮСУПОВ, 
Самарқанд вилоят прокурорининг 
биринчи ўринбосари

Манба: «Ҳуқуқ» газетаси, № 50, 14.12.2017 йил

14.12.2017

Медиатека

140157, г. Самарканд, пл. Куксарой, 4.

Прокуратура Республики Узбекистан